ИССИҚХОНАЛАР ИССИҚМИ?

Маълумотларга кўра, бир гектар иссиқхонада камида 50 тонна сабзавот етиштириш мумкин. Бу қиш мавсумида бозорда бир килограм помидор ёки бодринг ўртача 20 минг сўмдан сотилганда ҳам бир миллиард сўм даромад қилиш мумкин дегани. Иссиқхонада такрор-такрор ҳосил етиштириш имконияти эса даромадни янада ошириш ҳамдир. Куз-қиш мавсумида иссиқхоначи тадбиркорларни энг қийнайдиган масала шубҳасиз, иссиқлик, табиий газ таъминоти. Айни кунларда Тошкент шаҳрида иссиқхоналарни иситиш учун баллон, хазон ёқилаётгани, бу эса атмосферага кучли заҳарли моддалар ажратаётгани ҳақида чиқишлар кўпаймоқда. Хўш, Жиззах вилоятида иссиқхона эгаларининг қишга тайёргарлиги қандай?

-Вилоятимиздаги улгуржи истеъмолчиларни доимий газ маҳсулотлари билан таъминлаш, йирик тадбиркорлик субъектларига замонавий иситиш қозонлари ва тежамкор газ ёндиргичларини ўрнатиш  чоралари кўрилмоқда, – дейди “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филиали матбуот хизмати ходими Алишер Зоидов. – Жумладан, филиал ходимлари томонидан вилоятдаги энг кўп табиий газ талаб қилувчи иссиқхоналарда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг газ таъминоти билан боғлиқ муаммолари ўрганилди. Йирик иссиқхоналардаги иситиш қозонхоналари ва газ ёндиргичлар яна бир техник кўрикдан ўтказилди, дудбуронларнинг тозаланганлиги текширилди. Тадбиркорларга табиий газни тежаб ишлатишда замонавий газ ёндиргичларининг афзаллиги борасида маълумотлар берилди.

-Иссиқхонамизда йил давомида бодринг ва помидор етиштирилади, – дейди тадбиркор Умид Хайруллаев. – Куз-қиш мавсуми олдидан захира ёқилғи ғамланди. Айни вақтда ҳам “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти филилали томонидан табиий газ етказиб берилмоқда.

Бугун иссиқхоналарда етиштирилаётган сархил маҳсулотлар нафақат дастурхонлар тўкинлиги учун, балки хорижга экспорт сифатида ҳам қадрдли.  Шу сабаб куз-қиш кунларида ҳам иссиқхоналарнинг узлуксиз ишлаши, маҳсулотларни совуқ урмаслиги муҳим масала.

-Қиш мавсуми учун 2 тонна дизел ёқилғиси, кўмир ғамланган, – дейди яна бир тадбиркор Камолиддин Ҳазратқулов. – “Ҳудудгазтаъминот” раҳбарияти томонидан аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газдан вақтинча узилиши ҳақида бир кун олдин огоҳлантирилади. Бундай ҳолатларда ўз захира ёқилғимиздан фойдаланиб, иссиқхонада ҳароратни сақлаб туришга эришамиз.

Ҳисоб-китобларга кўра,  1 гектар иссиқхонани бир мавсумда иситиш учун 160 минг куб метр табиий газ ёки 215 тонна кўмир талаб этилади. Табиий газ учун олдиндан тўловни 50 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда кафолатли  ва узлуксиз табиий газ етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

 

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *