ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАҚДИРЛАНДИ

Ҳафта вилоятнинг фаол ва ташаббускор хотин-қизлари учун қувончли бошланди. Вилоят ҳокимлигининг анжуманлар саройида жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва тенгҳуқуқлилигини таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишлар рамзий маънода сарҳисоб этилди.

Тадбирда “Йил аёли”, “Гендер тенглик фаоли” миллий танловлари, “Innowомanwеек” ихтирочи аёллар ҳафталиги, “100 нафар олима аёллар” ҳамда “ХХI аср аёли” танловларининг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Анжуманлар саройи ушбу танлов ғолиблари, маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлди.
Тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, ҳар соҳада хотин-қизлар фаоллиги ошиб бораётганини таъкидлади.

-Эҳтиёжманд оилаларнинг қиз фарзандлари учун қўшимча грант асосида шу кунга қадар 350 нафарга яқин қизлар давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинди. 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган, олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар бериш натижасида 100 нафар опа-сингилларимиз талабалик бахтига эришди. Шунингдек, вилоятимиздаги 5 та олий таълим муассасасида 116 нафар илмий даражага эга хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда. Бу биргина олий таълимга қамраб олишда амалга оширилган ишлар бўлса, бошқа соҳалардаги кўрсаткичлар ҳам бундан кам эмас, – деди вилоят ҳокими ўз нутқида.

Шундан сўнг йил давомида ўтказилган қатор танлов ғолиблари тантанли равишда тақдирланди. Шунингдек, октябрь ойида нишонланган Халқаро қизлар куни ва Қишлоқ аёллари куни муносабати билан энг фаол, жамоатчи қизлар ва ҳудудларда ҳалол меҳнати ила танилган хотин-қизларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи топширилди.
– “Гендер тенглик фаоли”, “Йил аёли” миллий танловлари тоборо кўпроқ фаол хотин-қизларни қамраб олмоқда. – дейди “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти” номинацияси ғолиби Комила Жўраева. – Тадбирда “Гендер тенглик фаоли” миллий танлови бўйича 5 нафар ғолиб республика босқичида ғолиб бўлганлиги ҳақида билиб олдим. Ўйлайманки, 30 нафардан зиёд хотин-қизлар иш билан таъминланган бизнинг корхона фаолияти кейинги босқичда ҳам юқори баҳоланади.

Бу йил мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичида жами 83 нафар номзод иштирок этган бўлса, уларнинг 8 нафари турли номинацияларда танловнинг республика босқичига тавсия этилди. Тадбир якунида Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси вилоят бўлими санъаткорлари томонидан ижро этилган шўх ашула ва рақслар бахтиёр аёллар қалбига баҳор тароватини олиб кирди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *