Ҳар гал театр санъати ҳақида ёзганимда, Жиззах вилоят қўғирчоқ театридек мўъжизали маскан республика миқёсида ягона эканлиги кўп бора эътироф этилишини фахрланиб, таъкидлагим келади. “Бошқа ҳеч бир вилоятда воҳангиздагидек эртакнамо театр йўқ. Янги Ўзбекистоннинг келажак авлод вакиллари учун мана шундай қизиқарли, замонавий даргоҳлар ҳар бир манзилда ташкил этилишига ҳаракат қилинмоқда”, деган эди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, рассом Бахтиёр Тўраев. Вилоят қўғирчоқ театри директори Гулчеҳра Салимова ижодий жамоанинг фаолияти мавзуси билан бугун таҳририятимиз меҳмони:
- Жорий йилнинг барча ойларида театр даргоҳи кичкинтой томошабинлар билан гавжум бўлди. Халқимиз эътиборига “Табиб ва иблис”, “Баджаҳл қуён”, “Қувноқ айиқчалар”, “Қайсар қуён”, “Алдашни билмайдиган тулки”, “Алла”, “Хон атлас”, “Алпомишнинг болалиги”, “Широқ”, “Ботир бола”, “Энг азиз нарса” каби спектакллар тақдим этилди. Сўнгги уч ой давомида элликдан ошиқ спектакль томошаларида 17 555 нафар болага бепул хизмат кўрсатилди.

Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов туманларидаги 4 та умумтаълим мактабида режиссёр К.Исамованинг “Табиий бойликларимизни асраш” мавзусидаги саҳна кўриниши, “Қўғирчоқлар концерти”, А.Абдуллаевнинг “Мақтанчоқ жўжа” спектакли, И.Абсаламов режиссёрлигида саҳналаштирилган “Қувноқ оила” спектакли намойиш этилди. Зарбдор тумани Янги Бўстон шаҳарчасида жойлашган 2-сонли мактаб интернатида эшитиш қобилияти заиф, имконияти чекланган болажонлар учун Насиба Махмудова томонидан саҳналаштирилган “Қайсар қуёнча” спектакли ижро этилди. Неъмат Ҳабибуллаев қаламига мансуб, режиссёр Каромат Исамова томонидан саҳналаштирилган “Фотиманинг саргузаштлари” спектакли ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан ижодий жамоа бир қатор гастрол сафарларида бўлишди. Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятлари бўйлаб гастрол сафарларида бўлишди. Унда Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида, Фарғона вилоятининг Қувасой туманида, Наманган вилоят қўғирчоқ театри томошалар залида мактабгача таълим муассасаларидаги 700 нафардан ошиқ тарбияланувчи қамраб олинди. Уларнинг эътиборига “Шуҳрат” медали соҳиби режиссёр, К.Исамова томонидан саҳналаштирилган, И.Жумановнинг “Тилла туёқли оҳу” спектакли намойиш этилди. Самарқанд шаҳридаги 104 ва 78-давлат мактабгача таълим ташкилотларида 460 нафар томошабин учун Х.Убайдуллаевнинг “Ботир бола” спектакли ижро этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон телерадиокомпанияси “Болажон” телеканалининг бир гуруҳ ижодкорлари вилоят қўғирчоқ театрида бир нечта спектаклларни тасвирга олишди. Бундан кўзланган мақсад, Жиззах вилояти қўғирчоқ театрининг спектаклларини янада кенг қамровда болажонлар эътиборига ҳавола этишдир. Кўрсатув муаллифи ва режиссёр Ҳамидулла Собиржонов, тасвирчилар Ҳамидулла Азимов, Жаҳонгир Маҳкамов, овоз режиссёри Зуҳриддин Абдуллаев ҳамда Одил Ҳабибуллаевларнинг саъйи ҳаракатлари туфайли “Тилла туёқли оҳу”, “Сеҳрли олма”, “Қувноқ айиқчалар”, “Алпомишнинг болалиги”, “Алдашни билмайдиган тулки”, “Фотиманинг саргузаштлари” каби спектакллар “Болажон” телеканали орқали эфирга узатилмоқда.
Дарҳақиқат, яқинда вилоят қўғирчоқ театрининг 41 ёши муносабати билан ижодий жамоа аъзоларини муносиб тақдирлаш учун байрам тадбири ташкил этилганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Санъаткорлар “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этиш, ёш авлодга ўзларидан гўзал боғ қолдириш ва шаҳримизнинг янада обод бўлишига ҳисса қўшиш ниятида театр биносининг атрофига 100 та манзарали кўчатлар экишди. Шу кунларда муаллиф Салоҳиддин Сирожиддинов, режиссёр Каромат Исамова томонидан саҳналаштирилган “Бизнинг дўстимиз дев” спектаклининг илк намойиши ҳам кичкинтой томошабинларга муносиб совға бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Фурсатдан фойдаланиб биз ҳам вилоятимиз аҳли номидан театр ижодкорларининг келгуси ишларида ижодий баркамоллик тилаб қоламиз. Зотан, ҳеч бир инсон болалигини эртакларсиз тасаввур эта олмайди. Эртак қаҳрамонлари иштирокидаги томошаларда мурғак қалблар орзуларга берилади. Табиат, ҳайвонот, борлиқ ҳақидаги туганмас саволларига илк жавобларни топгандек бўлади. Саҳнадаги қўғирчоқларнинг ўзига хос характерларини кузатаётиб янги таассуротлар оламига саёҳат қилади. Шундай экан, келажак авлод вакилларини эзгуликка чорлаб тургувчи спектаклларда азиз умрини ўтказаётган санъат ижодкорлари жаҳон саҳналарида ҳам ҳурмат қозонишсин, деймиз.
Азиз газетхон, илк бор қўғирчоқ театри томошасида бўлганингиз ёдингиздами? Укангиз, синглингиз ёки фарзандингизни етаклаб, театрга олиб борганинггизни қандай хотирлайсиз? Таассуротларингиз ва шу соҳага бўлган фикр мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
Гулчеҳра ХИДИРОВА.