Вилоятимизда Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан назорат қилиш бўйича ҳудудий комиссияси томонидан вилоятдаги ўқув муассасаларида 1 ноябрдан 30 ноябргача “Психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш ойлиги” доирасида тезкор профилактик тадбирлар ўтказилаяпти.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига қарши курашиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 6 майдаги “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан сўнг бу борадаги ишлар янада кучайди. Фармон билан Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди.

Бугунги кунда таркибида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг айланмаси кўпчиликни, айниқса, ўсмир ёшдаги фарзанди бор ота-оналарни хавотирга солиб қўйди. Чунки бундай маҳсулотларнинг асосий истеъмолчилари беморлар эмас, балки баъзи ёш авлод вакиллари бўлиб қолаётгани ачинарли ҳолат. Аслида бундай дори воситалари шифокор тавсиясига кўра берилади ва кучли оғриққа қарши бериладиган ушбу психотроп моддаларнинг маълум бир қисми наркотик дорилардир. Сўнгги вақтларда гиёҳвандлар нархи арзон, таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган дори-дармонлар, синтетик гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни истеъмол қилаётгани сабабли, бундай турдаги дори-дармонлар ноқонуний савдоси билан шуғулланаётган шахслар кўпаймоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида анъанавий гиёҳвандлик моддаларидан воз кечиб, психотроп ва кучли таъсир этувчи моддаларни истеъмол қилиш ҳолатлари кундан кунга кўпайиб бораяпти. Шу боис мамлакатимизда бу иллатга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Вилоят ИИБ ҳамда алоқадор ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети Жиззах филиали талабалари иштирокида таркибида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори препаратларининг ноқонуний айланишига қарши курашишга қаратилган тарғибот тадбири ўтказилди. Психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш ойлиги доирасидаги давра суҳбатида ёшларга психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг инсон саломатлигига салбий таъсири тушунтирилди.

Тадбирда вилоят ички ишлар бошқармаси ТҚХ ЖҚБ катта тезкор вакили, катта лейтенант Жасур Аширбоев, республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят минтақавий филиали врач-наркологи Сайёра Сафарова, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси Низом Жамолов ва бошқалар гиёҳванд моддалар ва назорат остидаги дориларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш, унинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, таркибида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган препаратларни сотиш, ўтказиш, тарқатиш ва етиштириш каби ҳаракатларни содир этганлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарликлар, гиёҳванд моддалар таъсиридаги физиологик хусусиятлар, одам организмининг қайтиб ўз ҳолига келмайдиган зарарли ва аянчли оқибатлари, навқирон авлод вакилларида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга нисбатан қарши иммунитетни шакллантириш, ёш авлоднинг соғлом турмуш тарзини олиб боришлари тўғрисида маърузалар қилдилар.
—Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш инсон соғлиги ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солади,—дейди тадбир иштирокчиларидан бири, университетнинг даволаш иши факультети 2-босқич талабаси Рустам Жалилов.—Мен тиббиёт йўналишида таҳсил олаётганим сабабли гиёҳванд моддаларнинг инсон организмига салбий таъсирини яхши билардим. Бугунги тадбирда эса бу ҳақдаги билимларим янада бойиди. Айниқса психотроп моддалар истеъмол қилаётган ёшларга мен каби тенгдошларим ачиниб қарашларини сезаман. Ота-оналари, кенг жамоатчиликни жалб қилиб уларни бу йўлдан қайтариш керак. Чунки вояга етмаган ёшлар ўртасида тарқалаётган ёмон иллатнинг олдини олиш муҳим вазифадир. Биз каби бўлажак шифокорлар бу ишда фаол қатнашишимиз шарт, деб ўйлайман.
Тадбир давомида талаба ёшларга гиёҳвандликнинг оқибатлари тўғрисидаги тарбиявий аҳамиятга эга видеоматериаллар намойиш этилди, огоҳликка чақирилиб, уларга мавзуга доир буклетлар тарқатилди. Мутахассислар талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб бердилар.
Васил ИЛЁСОВ.