УНИВЕРСИТЕТДА КОРЕЙС МИЛЛИЙ МАДАНИЯТИ КУНИ

Вилоятимизда кўтаринкилик билан ўтган “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида  Жиззах давлат педагогика университетидаги Қирол Сежонг корейс тили марказида Корейс маданияти куни нишонланди.

Марказда 33 нафар тингловчи тил ўрганишмоқда. Ҳафтада бир кун корейс маданияти дарслари ўқитилади. Шунингдек, турли маданий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Илк бор йирик кўламда ўтказилган маданият кунида корейс миллий ошхонасининг энг машҳур таомлари тайёрланди, тил ўрганувчиларнинг пазандаликка оид тасаввур ва билимлари бойиди, луғат бойлиги ошди.  

-Корейс маданияти куни тадбирига нафақат тил ўрганувчилар, балки бутун университетдан меҳмонлар таклиф этдик,  – дейди ЖДПУ Қирол Сежонг институти маркази ўқитувчиси Нигора Шакарова. – Корейс ошхонаси ўзига хос, денгиз маҳсулотлари ва қайнатиш, буғлаш, қовуриш каби технологиялардан кенг фойдаланилади. Дастлаб энг машҳур газак – кимчи тайёрланди. Бунинг учун икки кун вақт керак бўлди. Салкам 100 кг кимчи тайёрлаш жараёнида иштирокчилар унинг рецепти ва тайёрлаш сирлари билан танишишди.

Тадбирда шунингдек, пулгоги, хотток, капче, кимпап каби таом ва ширинликлар тайёрлаб кўрсатилди. Бунинг учун корейс тили марказининг уч нафар ўқитувчисидан ташқари юртимиз олий ўқув даргоҳларида меҳнат қилаётган 4 нафар корейс устоз таклиф этилди.

-Талабалар билан қишга сақланадиган кимчи тайёрладик, – дейди тадбирда бош ошпаз вазифасини бажарган Жанг Ҳенг Бе. –  Пулгоги таоми мол гўштининг ингичка кесилиб, тузланган қисмларидан тайёрланади. У барбекю турига мансуб таом бўлиб, хотток машҳур кўча таомлари сирасига киради. Шунингдек, яхна таом сифатида истеъмол қилинадиган кимпап таоми тайёрланди. Бундай хилма-хиллик юртимиз ошхонасининг имкониятларини намойиш этади.

Талабалар корейс миллий садолари остида тайёрланган неъматларни татиб кўришди, ўзлари ҳам устозлари билан бирга пишириб кўришди. 

 

-Мен марказда тил ўрганиш билан бирга корейс халқининг турмуш тарзи ҳақида ҳам билиб бораяпман, – дейди Жиззах политехника институти талабаси Мансур Мажидов. –  Бугунги тадбирда дунёга машҳур, ўзбеклар томонидан ҳам севиб истеъмол қилинадиган корейс салатларининг тайёрланиш жараёнини ўргандим. Корея Республикаси билан дўстона алоқалар давом этаётганидан ҳамда юртимиз миллатпарвар ва бағрикенг диёр эканлигидан жуда хурсандман. Шу сабаб биз ёшларга бутун дунёга йўл очиқ.

 

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *