МУРОЖААТЧИЛАРНИНГ МАСАЛАЛАРИ ЎРГАНИЛДИ

Ўзбекистонда транспорт соҳаси мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларидан бири бўлиб, автомобиль, темир йўл, ҳаво ва сув транспорти турларини ўз ичига олади. Бугун иқтисодиётимизнинг қон томири, драйверига айланган тизимда транспорт хизматларининг хавфсизлиги, экологик тозалиги, рақобатбардошлиги ва самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланган.

Шу билан биргаликда тасдиқланган режага кўра жойларда фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг соҳага тааллуқли масалалари бўйича ва уларга ижобий ечим топиш мақсадида ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилаётир. Галдаги ана шундай тадбирлардан бири Жиззах вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси мажлислар залида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдугафаров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси бошлиғи Жамшид Каримов томонидан вилоятимиздаги  жисмоний ва юридик шахслар билан сайёр қабул ўтказилди.

Қабулга транспорт тизимида фаолият юритадиган масъуллар, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари , фуқаролар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. 

Сайёр қабулда транспорт хизматларидаги муаммолар, ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари ва соҳани такомиллаштиришга оид таклифлар, мурожаатлар ва масалалар ўрганилиб, муҳокама қилинди.

14 нафар жисмоний ва юридик шахс иштирок этган қабулда аксарият мурожаатларга жойида ечим топилди. Қўшимча ўрганиш талаб этувчи масалалар бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Хусусан,  Жиззах шаҳри “Олмазор” МФЙ, Тошлоқ кўчаси, 19-уйда истиқомат қилувчи фуқаро, тадбиркор  Рустам Орзиқулов томонидан харид қилинган микроавтобусларга техник шарт олиш бўйича қилган мурожаати вазир ўринбосари томонидан жойида ижобий ҳал этилди.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли ва тадбиркорлар муаммоларини жойида ўрганиш, мурожаатларга тезкор ечим топиш ҳамда транспорт хизматлари сифатини оширишга хизмат қилмоқда.

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *