“Қалб нури” маркази хотин-қизлар манфаатларини таъминлаш, гендер тенглик тарғиботчиси сифатида республикада ном чиқарган ННТлардан бири. Айнан шу ташкилот ташаббуси билан табиат ҳимоясига бағишланган янги лойиҳага қўл урилди. Бошпанасиз жониворлар муаммосига жамоатчилик эътибори қаратилди.
Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Энг яхши волонтёрлик лойиҳалари учун” номли грант танловида марказнинг “Меҳр дарслари экологик маданиятни юксалтиради” номли лойиҳаси ғолиб бўлган эди. Лойиҳа доирасида ўқувчиларнинг экосаводхонлигини ошириш, атроф-муҳитга муҳаббатини кучайтириш орқали биохилма-хилликни асрашга кўмаклаш мақсадида умумтаълим мактабларида тизимли равишда «Меҳр дарслари» ўтилмоқда. ННТ фаоллари Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳридаги мактабларда ҳам шундай дарсларни ташкил этишди.

Шароф Рашидов туманидаги 11- ва 23-умумтаълим мактабларининг ўрта синф ўқувчилари ҳайвонларга меҳр кўрсатиш, табиатни асраш, сувни тежашга ундовчи мавзулар ва роликларни қизиқиш билан қабул қилишди. Уларга марказ кўнгиллилари Нафиса Пўлатова ва Мавлуда Холмирзаева дарс ўтиб беришди. Жиззах шаҳридаги 10- ва 11- сонли мактабларда ташкил этилган “Меҳр дарслари”да “Ecolog” жамоат бирлашмаси раҳбари Наргис Қосимова, экофаол Ферузбек Сайфуллаев, “Қалб нури” маркази раҳбари Нодира Алимова жониворларга меҳр кўрсатиш инсоний фазилатлардан бири эканлигини тушунтиришди.

-Табиатни асрашнинг энг таъсирчан йўли ёшларда экологик онгни шакллантириш, – дейди тадбир ташкилотчиси Нодира Алимова. – Жониворлар ҳам инсон каби табиатнинг тенг ҳуқуқли аъзолари. Аммо инсонлар бу ҳуқуқни ҳар доим тан олишмайди. Шу сабаб ижтимоий тармоқларда ҳатто “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларни-да нобуд қилаётган, бу иши билан мақтанишдан тоймайдиган кишилар учраб туради. Айниқса, бошпанасиз кучук, мушук каби ҳайвонларни отиш, заҳарлаш, қийнаш ҳолатлари ҳам жуда кўп. Бундай ваҳшийлик инсон томонидан қилинаётганига ишонгиси келмайди одамнинг. Аммо забонсиз махлуқлар ҳам инсонга меҳр билан жавоб қайтара олади. “Меҳр дарслари” лойиҳасида 9 та мактабда 500 нафар ўқувчига ҳаётий мисоллар асосида табиатга онгли ва виждонли муносабатда бўлиш ҳақида тушунча беришга ҳаракат қилдик.

Болаларга марказ кўнгиллиси томонидан кўчадан топилиб, ҳаёти сақлаб қолинган Зита лақабли ит жонли мисол сифатида кўрсатилди. Болалар ҳайвонларни парвариш қилиш, эмлаш, рўйхатдан ўтказиш тўғрисида фойдали маълумотларга ҳам эга бўлишди.
Муқаддас САПАРОВА.