ИС ГАЗИДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ

Ҳар йили об-ҳаво совиши билан  иситиш печларидан нотўғри фойдаланиш ва лоқайдлик сабаб аҳоли хонадонларида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши, ёнғин билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўпаяди. Ачинарлиси бунинг оқибатида инсонлар қурбон бўлади. Ис гази нима, ундан қандай сақланиш мумкин, куз-қиш мавсумида хонадонларда қандай эҳтиёт чоралари кўрилиши керак?!

Ис гази – ёнувчи модда ва материалларнинг (газ, ёғоч, кўмир кабилар) чала ёниши натижасида ҳосил бўладиган рангсиз ва ҳидсиз газ ҳамда заҳарли модда ҳисобланади.

Ис газининг ажралиши ностандарт ва носоз газ асбобларидан ҳамда иситиш печларидан фойдаланиш, талабга жавоб бермайдиган дудбуронларни ўрнатиш ёки уларни нотўғри ўрнатиш, мавжудларини ўз вақтида тозаламаслик, газнинг етарли миқдорда ҳаво билан аралашмаслиги кабилар туфайли содир бўлади.

Ис гази вужудга келиши сабабларига йўл қўймаслик ва ундан заҳарланмаслик учун бир қатор эҳтиёт чораларини кўриш тавсия этилади:

газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этинг;

ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланманг;

иситиш печларининг дудбуронларини тоза ва соз ҳолатда бўлишини таъминланг;

газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда суюлтирилган углеводород газ баллонлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кирманг;

ошхонада ўрнатилган табиий газда ишловчи газ плиталардан хоналарни иситиш мақсадида фойдаланманг;

ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланманг;

ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни очиқ ва ишчи ҳолатда бўлишини таъминланг.

Хонадонларга ис газини аниқловчи қурилма ўрнатиш тавсия қилинади. Зеро, қурилмани сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари оила аъзолари, айниқса ёш болаларнинг ҳаётидан қимматга тушмаслиги аниқ.

Газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдирмаслик лозим.

Агарда бинода газ ҳиди сезилса, ойна ва эшикларни зудлик билан очиш, кўчага чиқиш ва 104 рақами орқали газ хўжалиги авария-диспетчерлик хизмати ёки 1050 рақами бўйича қутқарув хизматига қўнғироқ қилиш керак. Бундай ҳолатларда чироқ, олов ёқиш, электр ускуналарни ишга тушириш тақиқланади.

Адҳам ТАНГРИЕВ,

Жиззах вилояти ФВБ бошлиғи ўринбосари, подполковник.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *