ЗАИФЛАРГА КУН ЙЎҚ…

Ишга бораётиб, ҳар куни ўтадиганим кўприк остидаги оролчалардан бирида сувга ивиган ва қалтираётган қора кучукчани кўрдим. 5-6 метр беридаги қирғоқда эса оқ ит унга тикилиб турарди. Онаси бўлса керак, безори болалар жониворни кўприкдан оролчага ташлаб юборишган, деган хаёлга бордим.

Бу орада кучукча қирғоқ томон суза бошлади. Яқинлашганида эса оқ кўппак унинг елкасидан бир тишлаб, сув томон ирғитди. Онаси эмас экан. Дайди ит қавмдошини хўрлаётганди. Иложсиз жонивор ортга сузиб, яна ўша оролчага жойлашди. Табиатнинг қонунлари даҳшатли. Заифларга кун йўқ…

Ушбу ҳодиса танишим сўзлаб бошқа бир воқеани ёдимга туширди. Унинг айтишича, ўтган йили ёзда танишимнинг ҳовлисига дайди мушук 3 та боласини ташлаб кетган. Мушукчалар жуда чиройли бўлгани учун уй эгалари уларга овқат бера бошлаганлар.

-Жониворлар аста-секин қўлга ўрганишди, дея сўзларини давом эттирди танишим: — Оиламиз учун, эрмак топилганди, айниқса қизим уларни эркаларди, тусига кўра “Сариқ,”, “Малла”, “Қоракўз” лақабларини қўйганди. Шундай қилиб, ҳовлимизда ўзимизники билан ҳисоблаганда 4 та мушук эркин юрарди.  

Биласиз, ўтган йили қиш жуда совуқ келди, шу боис уларни уйга киритдик. Бир вақтда жониворларга эга қидира бошладик. Шундай кунлардан бирида “Қоракўз”ни мушук талаб, елкаси йиринглаб кетди. Қизим уни ветеринарга даволатди. Мазкур воқеа сабабми, ё ўзи нозикроқ бўлгани учунми, “Қоракўз” қизимдан ажралмай қолди.

Менга қолса, уйда мушукнинг кўп бўлиши муаммо эмасдек эди, аммо уйимизга келган меҳмон борки, тўртта мушукни кўриши билан ажабланишини кузатиб, хижолат бўлардик. Қисқаси, таниш-билишлар орасидан мушук оладиганлар топилмади. 

Баҳор кунларидан бирида ишдан қайтиб, уйдагилар учала мушукни кўча бошига ташлаб келишганидан хабар топдим. Уларга анча меҳрим тушиб қолган экан кўнглим ғашланди. Бир неча кундан сўнг уларни кўчада кўрдим, озиб-тўзиб кетишганди. 

Ўшанда катта хатога йўл қўйганлигимни тушундим. Мен мушукчалар шафқатсиз ҳаётга мослашиши, хавфлардан сабоқ олиши керак бўлган вақтда уй ҳаётига кўниктирганим, жониворлар мустақил яшай олмайдиган даражага етганда эса кўчага қувганим учун айбдор эдим…

Кўрганим ва эшитганим ушбу икки воқеа мени айрим мулоҳазаларга ундади. Бинобарин, кўча-кўйда дайди хароб аҳволдаги ит ва мушукларга кўпчилигимизнинг кўзимиз тушган. Уларга озор беришдан тортинмайдиган нокасларни ҳам учратганмиз, ҳеч бўлмаганда, ижтимоий тармоқларда қайсидир жониворни азоблаётган касни кўрганмиз. Баъзида қўлига милтиқ тутган ободонлаштириш ходими дайди жониворларни овлаганлиги ҳақидаги гаплар қулоққа чалинади.

Шу маънода аҳоли пунктларида дайди жониворларни сақлайдиган питомниклар фаолияти йўлга қўйилса, мақбул иш бўларди, деб ўйлайман. Зеро бизнинг табиатга, тирик мавжудотларга муносабатимизга кўра қандай инсон эканлигимиз намоён бўлади. Немис файласуфи Артур Шопенгауэр айтмоқчи: “Кимки жониворларга беаёв муносабатда бўлса, у яхши одам бўлиши мумкин эмас”.  

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Postda” газетаси мухбири. 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *