Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисидаги нутқида экология ва иқлим ўзгариши масалаларига алоҳида урғу бериб, ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, қазилма ёқилғиларни беҳисоб ишлатиш глобал исишга, табиий офатларнинг кўпайишига олиб келаётгани, атроф-муҳит ва аҳоли соғлиғига зарар етказаётганлигини таъкидлади. Шу жиҳатларни инобатга олиб Президентимиз 2025 йилни мамлакатимизда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиш таклифини билдирди. Бу таклифнинг бир овоздан қўллаб-қувватланиши эса юртимизда мавжуд экологик муаммоларни бартараф этишда “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш каби масалаларга ижобий ечим топилишига билдирилган ишонч бўлди.

Атроф-муҳитни асраш нафақат Ватанимиз ободлиги ва чиройини таъминлайди, балки “Яшил макон” лойиҳасининг амалга оширилиши саломатлигимизни сақлашда ҳам асосий омил вазифасини бажаради. Табиат софлигини асраш бугунги кунда энг долзарб масалага айланди.
Юртбошимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди.
Президентимизнинг ўзи бунда доимо ўрнак. Аввалги йилларда Янги Тошкент, Сергели, Чилонзор туманларида кўчатлар эккан эди. Бу йил пойтахтимизнинг Бектемир туманида, Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил ҳудудга асос солинди. Давлатимиз раҳбари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил боққа кўчат экди.
Тадбирни видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоатчилиги ҳам кузатди. Мазкур анъанага айланаётган хайрли ишлар республикамизда бўлгани каби вилоятимиз ҳудудларида ҳам давом этди.
Жумладан, Шароф Рашидов тумани «Оқтош ота» маҳалласида қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» массиви ҳудудида вилоят сектор раҳбарлари, депутатлар, ташкилот ва муассасалар, ОАВ ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари кўчат экиш тадбирида иштирок этди.

Шу куни тадбирда иштирок этган 6000 нафарга яқин ҳамюртларимиз томонидан 150 гектарга 100000 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Экилган ҳар бир ниҳол “Яшил макон” платформаси орқали рўйхатга олиниб, уларнинг парвариши учун масъул шахслар бириктирилди.
Атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришларининг олдини олишнинг муҳим йўналишларидан бири бу давлатимиз раҳбари томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг татбиқ этилиши бўлди. Мазкур лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш белгиланган эди. Бундай кенг кўламли ташаббуснинг амалга оширилиши натижасида вилоятимиздаги яшил майдонлар ҳудуди 8 фоиздан 15 фоизга ошди. “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида бундай майдонларни 30 фоизга етказиш режа қилиб олинган. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар натижасида жами 59,4 миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экилиб, yashilmakon.eco платформасига киритилди.

Вилоятимизда 2024 йилда 11 та ҳудудда 23,1 гектар ер майдонида “Яшил боғлар”, 81,3 гектарда 16 та “Яшил жамоат парклари” барпо этиш бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. 20,8 гектарда “Янги Ўзбекистон боғлари” барпо этилиб, 18 мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилди. Эндиликда вилоятимизнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида жами 201 та “Маҳалла боғи” ташкил этилади. Шундан, жорий йил куз мавсумида 108 та “Маҳалла боғи” барпо қилиш режалаштирилган.
Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Зарбдор ва Ғаллаорол туманлари ҳудудида жами 10,2 км. масофада ҳамда атроф-муҳитга таъсири юқори бўлган 375 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудида 119 минг 800 туп кўчат экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилди.

Куз мавсумида вилоятимиз бўйича 6 млн 337 минг дона манзарали, мевали дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб, илмий тавсиялар асосида ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос келадиган дарахт кўчатларини экиш бўйича ер майдони, кўчат тури, экиш ва парваришлаш учун масъулларни бириктириш, суғориш тизими ва молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда шаҳар ва туманлар манзилли дастурлари тасдиқланди. Умуммиллий лойиҳанинг кузги мавсумини самарали ўтказиш мақсадида 3,9 млн дона кўчатлар захираси шакллантирилди.
Мамлакатимизда муҳим дастурлар айнан маҳаллаларда амалга оширилаётгани, “Яшил макон” лойиҳаси натижасида ободлик, аҳолининг экологик маданияти ошаётганини, янги ташаббуслар бўй кўрсатаётганини кўриш мумкин.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Ботир ҚУДРАТОВ (фото)