“СЎҒДИЁНА” МЕДАЛЛАР УЧУН КУРАШМОҚДА

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида 25-тур ўйинлари “Сўғдиёна”—“Локомотив” жамоалари ўртасидаги баҳс билан якунига етди.  Чемпионатда 40 очко жамғариб тўртинчи поғонани эгаллаб турган “Сўғдиёна” кумуш медаллар учун кураш олиб бораётганини мухлислар яхши билишади. Олмалиқнинг ОКМК жамоаси ҳам кумуш медаллар учун астойдил кураш олиб бораяпти. Тошкентнинг “Локомотив” жамоаси эса  суперлигада “жон” сақлаб қолиш учун курашаётган жамоалардан бири. Шу боис икки жамоа ўртасидаги “жанг” муросасиз кечиши аниқ эди.

Шундай ҳам бўлди. Мезбонларнинг ҳужумларидан ҳимояланган тошкентликлар қарши ҳужумларда “Сўғдиёна” дарвозасини ишғол этишга уринишди. Аммо, икки жамоада ҳам ҳисобни очишга бўлган уринишлар бесамар кетди. Биринчи бўлимда дарвозалар дахлсиз қолди.

Иккинчи бўлимда жиззахликлар шиддатли ҳужумлар билан ўйин тизгинини қўлга олишди. “Сўғдиёна” футболчиси Хондамир Мустафоқулов киритган голни учрашув ҳаками ҳисобга олмади. Шундан сўнг мезбонлар ҳужумларни янада кучайтиришди. Ниҳоят учрашувнинг 72-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг тўпурари Люпче Дориев ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Захирадан майдонга тушган Владимир Йовович 87-дақиқада яна “Локомотив” дарвозасини ишғол этди. 2:0 ҳисоби учрашув ниҳоясигача ўзгармади.

Ушбу ғалабадан сўнг очколари сонини 43 тага етказиб олган “Сўғдиёна” яна турнир жадвалида учинчи поғонага кўтарилди. Иккинчи ўринда бораётган олмалиқнинг ОКМК жамоасида 44 очко бор. 42 очко жамғарган Наманганнинг  “Навбаҳор” жамоаси тўртинчи поғонани эгаллаб турибди. Охирги турда “Сўғдиёна” Самарқандда “Динамо” жамоаси билан куч синашади. ОКМК ўз майдонида “Қизилқум” жамоасини, “Навбаҳор” эса “Андижон”ни қабул қилади. Чемпионат медалларига сазовор бўлишлари учун жиззахлик футболчиларга ғалаба зарур. Ўйлаймизки, вакилларимиз Самарқанддан ғолиб бўлиб қайтишади. Омад ёр бўлсин, “Сўғдиёна”!

 

В.ҒАЙБУЛЛАЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *