Бугун вилоят ҳокимлиги томонидан Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан байрам дастурхони ташкил этилди. Унга воҳамизда истиқомат қилгувчи барча имконияти чекланган фуқаролар таклиф этилди. Улар кўзларида қувонч, қалбларида шукроналик билан юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган ислоҳотлар бардавом бўлиши учун имкон қадар хизмат қилишликларини билдириб, бир-бирларини бундан-да фаол бўлишга ундашди.
Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Латибжон Аҳмаджонов очиб, турли соҳаларда фаолият юритаётган ва ютуқларга эришаётган иштирокчиларни алоҳида эътироф этди. Шу билан бирга барча қатнашчиларга вилоят ҳокимлиги томонидан тайёрланган қимматбаҳо совғалар топширилди.
“Тақдир тақозоси билан ногирон бўлиб қолган биронта ҳам юртдошимиз халқимизнинг, давлат идораларининг меҳру эътиборидан четда қолмасдан, ўзининг меҳнат ва қобилияти билан нафақат ҳаётда ўз ўрнини эгаллаб келмоқда, балки азму матонати, сабр-бардоши ва шукроналик фазилатлари билан кўпчиликка ибрат бўлмоқда. Биз сизларнинг бундай олижаноб интилишларингизни юксак қадрлаймиз ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимиздаги фаол иштирокингиз учун барчангизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз…”, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз мурожаатларидан бирида. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида жамиятда ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан илиқ ижтимоий муҳитни шакллантириш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳақидаги вазифалар муҳим мақсадлардан этиб белгиланган.
- Мазкур сана муносабати билан ҳафта давомида жойларда турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, кўргазмалар, маданий-маърифий ҳамда ҳайрия тадбирлари ўтказилди, — дейди Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вилоят бўлими раиси Раҳматилла Аҳмедов. — Шунингдек, ёлғиз яшаётган, бетоб бўлиб қолган, ўзгалар кўмагига муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олиниб, тегишли ташкилотлар ҳамда ҳомий тадбиркорлар томонидан амалий ёрдамлар кўрсатилди. Қолаверса, қўл меҳнатига лаёқати бор фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, моддий ва маънавий рағбатлантириб бориш доимий йўлга қўйилган.
- Азизланиш ҳар бир инсон қалбида қуёшдек нур таратади, — дейди Ўзбекистон Карлар жамияти вилоят бўлимининг сурдо таржимони Зарифа Маматқулова. — Карлар жамияти вилоят бўлимида минг нафардан ошиқ аъзо бор. Бугун уларнинг кўзларидаги мамнуният, қўл ҳаракатларида бўлса-да бир-бирлари билан дилдан суҳбат қураётганликлари она диёримизнинг осойишталигидан. Шундай экан, заминимиз тинчлигининг қадрига етиш ва доимо эзгулик ишларида фаол бўлиш барчамизни ҳушёр этсин.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда вилоятимизда Ўзбекистон Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти, Чернобилчилар ассоциацияси, “Ветеран” жангчи-фахрийлар ва ногиронлари билашмаси вилоят бўлимлари фаолият юритиб келмоқда.
Тадбир давомида вилоят мақом ансаблининг хонанда ва созандалари ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бағишлади.
Гулчеҳра ХИДИРОВА