ТИНИБ-ТИНЧИМАГАН ҚАҲРАМОНЛИКЛАР

Ҳар бир хонадон, кўча ва маҳалласи ободлиги йўлида масъулиятни зиммасига олиб, бугун одамларни бир мақсад сари сафарбар қилаётган маҳалла раисларидан бири Рустам Даминовдир. Унинг Шароф Рашидов туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида иш бошлаганига кўп вақт бўлмади. Лекин  маҳаллада ишни тўғри ташкил этиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суришини, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги панд-насиҳатларни ёш раҳбар ёнида юриб, унга қанот бўлаётган маҳалла элликбошиси Аҳмад бобо Яхшиликовдан кўп эшитган. “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамкорликда ишни бошлаб, ободлик, фаровонликни таъминлашга астойдил бел боғладими, фаолликни, ҳаракатни ҳам шунга монанд тарзда олиб борилишини маҳалла идорасига борганимизда кўриб, яна бир бор бунга амин бўлдик. Турли масалаларда мурожаат қилиб келаётган маҳалла фуқаролари, вилоят, туман ҳокимлиги тизимидаги корхона, ташкилотлар вакилларининг топшириқлар ижроси бўйича ташрифи кун давомида тўхтамади.

—Саъй-ҳаракатларимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилаётганидан мамнунман,—дейди меҳнат фахрийси, маҳалла фаоли Аҳмад бобо Яхшиликов.—Мен,  Сарвар Икромов ҳамда Карим Назаров сингари нуронийларнинг ҳар бирига маҳалладаги беш нафардан камбағал оилалар бириктирилган. Уларнинг турмуши, яшаши, фарзандларининг ўқиши, бандлиги, моддий таъминотидан ҳар ойда хабардор бўлиб турамиз.

“Қаҳрамон” катта маҳалла, бу ерда  10600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 27 та юридик корхона, 19 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият кўрсатади. Маҳалланинг асосий драйвери кўчатчилик ҳамда иссиқхона-томорқа хўжалиги ҳисобланади. Азал-азалдан деҳқончилик, боғдорчилик, томорқачиликда қаҳрамонликлар воҳада намунали маҳалла сифатида кўп бор эътироф этилган. Ҳозир ҳам шундай. Маҳалла томон йўлингиз тушса яшил белбоғлар, боғзорлар ва иссиқхоналарда етиштирилаётган сархил қишлоқ хўжалиги экинларидан кўзингиз равшан тортади. Қаҳрамонликлар шунақа, бир кафт ерга чўп тиқиб қўйса ҳам, кўкартириб олади.

Жорий йилги “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг баҳорги мавсумида маҳалла нуронийлари ташаббуси билан ҳудуддаги “Қўшбармоқ” қабристонига 1000 туп, маҳалла ҳудудидан ўтган Учтепа-Пахтакор автомобиль йўлининг чап томонига 800 туп манзарали, 500 туп мевали дарахт кўчатлари экилди. Иссиқхона барпо этган кам таъминланган оилаларнинг томорқачиларига 400 туп лимон кўчати тарқатилди.

“Аёллар дафтари”да рўйхатда турган 5 нафар хотин-қизга тадбиркорлик билан шуғулланиши учун кредит ажратилди. 15 нафар ижтимоий реестрда турган аёлнинг уч нафари бепул тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлиғи тикланди. 2 нафар оилани уч нафар фарзандининг тўгарак пуллари ёшлар етакчиси саъй-ҳаракати билан тўлаб берилди. “Маҳалла еттилиги” кенгаши қарорига кўра 2 нафар ижтимоий реестрда турган оилаларнинг уйи таъмирлаб бериладиган бўлинди. 10 нафар оғир тоифадаги фуқарога тадбиркорлигини бошлаши учун автомобиль ювиш шохобчаларида асқотадиган ускуналар, компьютер жамламаси, мотокультиватор, сартарошчилик ускуна ва жиҳозлари берилди.

Жорий йилда маҳалладаги 11 та кўчага ҳашар усулида шағал ётқизилди. Маҳалла аҳолисининг мурожаатидан сўнг, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев   аҳоли билан учрашди. Ободлик, озодалик бор жойда, барака бўлади. Вилоят раҳбари маҳалла аҳли билан бўлган учрашувда ҳудуддаги Абдулла Қодирий, Дўстлик, Учқулоч ҳамда Камалак кўчалари яқин кунларда асфальтлаштирилади, дея ваъда берди.

Қўшбармоқ, Дўстлик, Халқлар дўстлиги ҳамда Туркистон кўчаларида истиқомат қилувчи 2000 нафардан ортиқ аҳолининг ичимлик суви қувурлари янгисига алмаштирилди. Яқинда ўтказилган “Обод хонадон, обод кўча, обод маҳалла” кўрик-танловида “Қаҳрамон” маҳалласи Шароф Рашидов тумани шаънини муносиб ҳимоя қилиб, вилоятда бежиз фахрли учинчи ўринни қўлга киритмаганига гувоҳ бўлдик.

— Юрт тараққиёти  маҳалладан бошланади, агар маҳаллада тинчлик бўлса, жамиятда осойишталик бўлади, меҳр-оқибат устувор бўлса, халқ фаровон яшайди, — дейди “Қаҳрамон” МФЙ раиси Рустам Даминов. — Маҳалла ходимлари  бу бирдамликнинг асосий пойдеворини яратувчилари ҳисобланади, десам янглишмайман.

Сўнгги йилларда маҳалланинг жамият ҳаётига алоқадорлигини янада кучайтириш, хусусан, бандликни таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллада еттиликнинг  ўзаро мувофиқлаштирилган фаолияти йўлга қўйилиб, жойлардаги муаммоларни маҳалланинг ўзида аниқлаб, уларни комплекс ёндашув асосида ҳал этиш амалиёти жорий этилди. 

Жорий йилда ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири тавсиясига кўра, 35 нафар фуқарога имтиёзли кредитлар ажратилди. Тўлғоной Бўронова бундан уч ой олдин турмуш ўртоғи Улуғбек билан маслаҳатлашиб, оилавий тадбиркорлик қилиш ниятида маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Сардор Бобобековга мурожаат қилди. Маҳалла ҳудудидаги ташландиқ жой қисқа фурсатда текисланиб, у ерга тоза тупроқ ётқизилиб, бинойидек уч сотихдан 4 та иссиқхона барпо этилди. Имтиёзли кредит ҳисобига томорқачи бу ерга 8 турдаги гул ҳамда помидор, бўлғор қалампири, бақлажон уруғини экди.

—Энди уйда ўтиролмайман, гулларим, кўчатларим ёнига тезроқ ошиқаман, —дейди Тўлғоной Бўронова. —Кредитларни ўз вақтида ёпиб бораяпман, тўғриси, ҳаммаси тушга ўхшайди. Оилавий тадбиркор сифатида, бир оддий камбағал оила бекасининг оёққа туриб кетиши учун камарбаста бўлган муҳтарам Президентимизнинг  мен каби аёлларга, оилаларга кўрсатган алоҳида имтиёз ва ғамхўрликлари учун миннатдорман.

Айни пайтда иссиқхоналарда 200 минг туп кўчатлар етиштирилиб, пешма-пеш харидорларга, ички бозорга етказилмоқда. Тўлғонойга томорқа ишларида қизи Севинч ҳамда ўғли Асилбек ўқишдан бўш вақтда кўмак бераётир. Оилавий тадбиркор яна иккита оила бекасини ҳам иш ўрни билан таъминлади.

Тўлқин Расулов  ўттиз тўрт ёшда. Етти йил умри Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтди. Шу йил февралда мигрант ўз юртига, жонажон оиласи бағрига қайтди. Айни пайтда у замонавий металл дарвоза ясаб, ўзини ўзи банд қилган.  Субсидия асосида пайвандлаш ускунаси олиш учун маҳалла раисига мурожаат қилган Тўлқинжон  укаси Тоиржон билан янги лойиҳа устида бош қотирмоқда.

Кўксарой кўчасида истиқомат қилувчи  ҳамма учун камтарин, камсуқум, содда,  меҳнаткаш  Сайёра опа Мирзаева  бирпасда машҳур бўлди. Тўрт фарзандни уйли-жойли қилиб, 16 нафар набира, 4 нафар эвара ардоғида Нормуҳаммад бобо билан умргузаронлик қилаётган опа етмиш ёшда ҳам тиним бўлмайди. Баъзан қўни-қўшнилар Сайёра шунча ғайрат, кучни қаердан оларкан, деб ҳавасла боққанлар ҳам кўп бўлди. Эрта тонгдан қуёш ботар маҳалгача, саратоннинг иссиғидан, қишнинг қаҳратонида ҳам йил ўн икки ой  ҳар бир туп дарахт, ниҳоллар, гул ғунчаларини кўпайтириш, чорва, паррандаларни парваришлаш, қисқаси, опа барчасига вақт топади.

Рўзғор ташвишларидан ҳам,  ўз соғлигидан ҳам кўра яшил бойликлар, дов-дарахтлар ташвиши билан яшаган Сайёра опа томорқасида ўн турдан ортиқ мевали, шунингдек, ўз ташаббуси билан маҳалласидаги хотира боғини обод этиб, жами 100 тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиб, эл оғзига тушди.  

— Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик, токи биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин,—дейди Сайёра Мирзаева.

Имтиёзли кредит олган оилавий тадбиркор ҳовлисида шунингдек, 200 бош товуқ ҳам парвариш қилаётир. Кузга бориб тадбиркор  опа товуқлар бош сонини яна  200 бошга етказмоқчи.  Кунига тухум ички бозорга сотувга чиқарилмоқда. Йил давомида оилавий тадбиркор боғдорчиликдан 10 миллион, чорвачиликдан 20 миллион, паррандачиликдан 43 миллион сўм даромад топаяпти. Тадбиркор кам таъминланган оилалар, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналарга, қўни-қўшниларга ҳам етиштирилган маҳсулотлар ва мевалардан  улашишни канда қилмайди.

Кўтаринкиликни, кўнгилга яйратувчи ва яшнатувчи ҳисни уйғотган  инсонлар Қаҳрамон маҳалласида жуда кўп экан. Гуллардан, яшилликдан куч-қувват олиб, гўзалликдан яшараётган қаҳрамонликлар бугун ўз меҳнати билан  тўкис бахтга эришаётган ва ўтаётган кунига шукроналар билдиришдан, инсон қадри, ҳалол касби улуғланаётган юртда эъзоз топаётганидан миннатдорлар.

  Зоир  ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *