Жиззахда умумтаълим мактабларида ўтилган “Меҳр дарслари”да ўқувчилар кўз ёшини тиёлмади. Уларни ким йиғлатди? Нима учун? Келинг дастлаб “Меҳр дарслари”нинг моҳиятига тўхталайлик, кимга ва нима сабаб ўтилди бу дарс?
Бир йил бўлди, Республика “Эколог” Жамоат бирлашмасининг ташаббуси билан таълим муассасаларида “Меҳр дарслари” ўтказиб келинади ва унда табиатга, ўсимлик дунёси ва жониворларга меҳрли бўлиш сабоқлари берилади. Жиззах вилоят “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш марказимиз “Эколог” ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзолаган ва мақсадга кўра, вилоятда аёллар ва ёшларнинг экомаданиятини, глобал иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш ва унга мослашиш бўйича билимларини оширишга қаратилган тадбирлар биргаликда амалга оширилиб келинмоқда.

2024 йилда Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги томонидан “Энг яхши волонтёрлик лойиҳалари” учун эълон қилинган грант танловида марказимизнинг “Меҳр дарслари – экологик маданиятни юксалтиради” номли лойиҳаси ғолиб бўлди. Лойиҳанинг мақсади ёшларнинг экосаводхонлигини ошириш, атроф-муҳитга муҳаббатини кучайтириш орқали био хилма-хилликни асрашга кўмаклашишдан иборат бўлиб, грант маблағлари эвазига олинган видеокамера ва бошқа техник жиҳозлар ёрдамида табиат ва биохилмахилликни асрашга қаратилган ижтимоий роликлар тайёрлаш учун хизмат қилади. Жиззах шаҳри ва Ш.Рашидов туманларидаги 25 та умумтаълим мактабларининг 1200 нафар ўқувчилари учун Ўзбекистон флора ва фаунасини асраш бўйича “Меҳр дарслари”ни ўтказиш, экологик муаммолар, иқлим ўзгариши ва уйсиз ҳайвонларга меҳрли бўлиш, ёшларга назарий ва амалий билим бериш орқали атроф-муҳитга бўлган муносабатини яхшилаш ва ўқувчиларда экологик маданиятни шакллантиришдан иборат бўлган дарс соатларида тайёрланган роликлар ҳам намойиш қилиб борилади.
МАКТАБЛАРДАГИ МАСЪУЛЛАР МАСЪУЛИЯТИ
Мазкур лойиҳа доирасида жами 26 та мактабда, жумладан Жиззах шаҳридаги йигирма битта ва Ш.Рашидов туманидаги бешта мактабда “Меҳр дарслари” ўтказилди. Мазкур дарсларга 1210 нафар ўқувчилар жалб этилди. Қуйида “Меҳр дарслари” давомида ўзимиз олган сабоқларни сиз билан бўлишмоқчимиз.
“Дунёни тутиб тургувчи куч бу – меҳр” дейди донолар. Аслида ҳам шундай. Дунёни, тўғрироғи, биз яшаб турган еримизни табиат, ундаги дов-дарахтлар ва жониворларга бўлган меҳрли муносабатимизгина сақлаб қолади. Бу ҳақда мактабларда болалар ўртасида ўтган дарсларимиз мобайнида, ўзимиз ҳам кўплаб сабоқларни олдик.
Тўғриси, маълум сабабларга кўра қайси мактабда нима бўлганини, очиқламайман. Бунинг орқасидан кимдир тушунтириш хатини ёзиши ва бу мактаб учун манфаат бермаслиги аниқ! Аммо, ниятим, ёзганларимни ўқиб ўзини таниганлар тўғри хулоса чиқариб олишса, биз ўз мақсадимизга етган бўламиз.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ҳамкорликда юборилган хатимиз асосида мактабларга топшириқ берилганлиги учун бизни яхши кутиб олишди ва ўқувчилар йиғилган хоналарга бошлашди. Жиззах шаҳридаги мактабларнинг бирида, биз атроф-муҳитни, шу билан бирга биохилмахилликни, уйсиз ҳайвонларни асраш, уларга озор бермаслик ҳақида гапира бошлаганимизда дарсдаги ўғил болалардан бири шартта ўрнидан туриб, “Итлар ҳаром-ку! Уларни уйда боқиш, ҳатто уларга тегиб кетиш мумкин эмас деб ўргатишган бизга” деса бўладими(?!). Ёш боланинг онгини заҳарлаган ўша катталар худди ўзлари каби, табиатдаги барча жонзотлар ҳам яратилганини, уларнинг ҳам одамлар каби яшашга, овқатланишга ҳаққи борлигини нега ўргатишмаяпти? Демак, айрим болаларга ўз оилаларида тўғри тарбия ва тушунтириш берилмас экан, мактабларда ўтиладиган дарслар орқали бу каби билимларни чуқурроқ бериш зарурлиги равшан бўлиб қолди.
Навбатдаги мактабга кириб борар эканмиз, масъуллардан бири ўтилажак дарсларимиз мазмун-моҳияти ҳақида билиб олгач, “маҳалламизни дайди итлар босиб кетган, шуларни қандай йўқ қилиш ҳақида ҳам маълумот беринглар” деди. Афсуски, “дайди итлар” осмондан тушмаган. Унга ҳаром, ёввойи нуқтайи назари билан қараган меҳрсиз одамларнинг дастидан кўча-куйда оч ва аламзада ҳолда дайдиб юришибди.
Энг қизиғи ва аянчлиси, Жиззах шаҳрининг марказида жойлашган, кўзга кўринган мактабларнинг бирида бўлди. Биз энди дарсни бошлагандик, эшик очилди, ходимлардан бири кирди-да, бу синфда эмас, бугун ўқитувчиси дарсга келмаган бошқа синфда дарс ўтиб беришимизни сўради! (?!). Айрим мактабларда эса раҳбарият нима учун келганимиз, нима мавзуда дарс ўтишимиз билан ҳам қизиқмади. Қойилмисиз?! Ўқувчиларни бизларга қолдириб, ўзлари бемалол ишлари билан чиқиб кетишди. Наҳотки, кўчадан кирган ҳар қандай одам ўқувчилар билан ёлғиз ҳолда гаплашаверса? Биз-ку яхши ниятда бордик, бироқ мактаб остонасидан ҳамма эзгу мақсад билан қадам қўйишига, уларнинг кўнглида ғараз мақсади йўқлигига ким кафолат беради?

Айрим мактабларнинг йўлаклари, зиналар ва синфхоналарда турли қоғоз, пластик идишлар ва егуликлар ўрамлари сочилиб ётибди. Чиқинди ташлаш қутилари Жиззах шаҳридаги 22-мактаб ва яна саноқли мактаблар ҳовлисигагина ўрнатилган. Мактаб ичкариларига чиқинди солиш қутилари ўрнатилмаган бўлиб, “нега чиқинди ташлаш мосламалари йўқ”, – деган саволимизга, “аввал бор эди, олдириб ташлашди” жавобини олдик. Мавриди келганда тавсия: таълим масканларига чиқиндиларни пластик, қоғоз ва маиший турларга ажратиб солишга мўлжалланган қутиларни ўрнатиш ва ўқувчиларни болалигиданоқ экомаданиятини ошириш мақсадга мувофиқдир!

Бу каби ҳолатларни баён этиб, ҳамма жойда шу аҳвол, дейишдан йироқмиз. Аксинча, жамоат фаоли сифатида, тузатса ва келгусида бартараф этиш зарур бўлган ҳолатларга эътиборни қаратиб, муваффақиятли ҳолатларни ҳам эътироф этишни лозим деб биламиз.
МАКТАБДА ТАБИАТ БУРЧАГИ
Жиззах шаҳридаги 5-сонли мактабга кириб борганимизда, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Жанна Тангирқулова бизни хурсанд кутиб олди ва мактаб бўйлаб сайрга таклиф этди. Кириб бораверишдан ярқ этиб, табиат бурчаги кўзга ташланди. Йўлакларда ва дераза токчаларида ям-яшил бўлиб турган гуллар кўнглимизни яшнатди. Синфхоналарда ҳам худди шундай, ҳар томон баҳор… Мактабнинг 4-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган “Меҳр дарслари” ўзимизнинг ҳам ёдимизда бир умр муҳрланиб қолса керак. Жанна Тангиркулова биз билан дарсда қатнашиб, табиат ва “Қизил китоб”га киритилган жониворлар ҳақида саволлар бергани, ўқувчилар эса бу ҳақда яқинда ўтгандингиз-ку, дея бурро-бурро жавоб топишлари, зийрак ва билимдонликлари бизни жуда хурсанд қилди.
Жиззах шаҳридаги 3-мактабда ҳам мақтовга арзирли сифатлар кўп экан. Турфа гуллар, яшиллик ва тозалиги билан ўрнак қилса арзийдиган мактаб ўқитувчилари дарсларимизга бефарқ бўлмасдан, биз билан тенгма-тенг ўқувчиларнинг саволларига жавоб қайтаришди.
Жиззах шаҳридаги 10-мактабнинг 6-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган дарсларимизда ўзини Висола Хушназарова деб таништирган ўқувчининг иқлим ўзгариши ҳақидаги фикрлари, тўғриси, бизни лол қолдирди.
Ер иқлимидаги ўзгаришларнинг атмосфера, океанлар ва қуруқликнинг исишига олиб келаётгани, инсон саломатлигига ва экотизимлар мувозанатига таъсир қилиши, табиий офатлар ва “иқлим ўзгариши” асосан инсон фаолияти ёки антропоген омил таъсирида юзага келаётгани ҳақида айтиб берган бу ёшгина ўқувчи қизимиз етарли билимга эга эканлигини намоён қилди!
ВИДЕОРОЛИКЛАР НАМОЙИШИ
Айтиш жоизки, “Меҳр дарслари”да кўплаб видеороликлар намойиш этилиб, болажонларнинг қалбига меҳр уруғларини сочишга хизмат қилди. Шундай роликларнинг бири ҳақида сўзлаб ўтай, асосий қаҳрамон ит одамларнинг ёнига бориб нимадир демоқчи бўлади. Йигирмага яқин кишининг ёнига борса-да, ҳеч ким унга эътибор бермайди. Аксинча, ҳайдаб солади. Шунда ит уларнинг бўйнидаги шарфи, қўлидаги нони, болаларнинг ўйинчоғини олиб қочаверади. Охири одамлар қутқарувчиларни чақириб итни оттиришади. Ит жон ҳолатда бир қудуқнинг устига бориб жон беради. Ўлими олдидан хатто энг сўнгги бор кучини тўплаб, кўз ёшларини қудуқ панжаралари орасидан пастликка қараб оқизади. Кўз ёшлари совуқдан, очликдан силласи қуриб ётган чақалоқнинг юзларига тушиб, бола сесканиб йиғлай бошлайди. Итни орқасидан кузатиб келган одамлар бу ерда чақалоқнинг овозини эшитишади. Қарашсаки, қудуқда одам боласи ётар, унинг ёнида эса ит олиб қочган нон, ўйинчоқ ва бошқа нарсалар бор эди… Чақалоқни ўз туққан онаси ундан қутулиш учун қудуққа ташлаб кетганини кўриб қолган ит уни қутқариш учун ўз жонини қурбон қилган эди аслида.

Кўпгина дарсларда ушбу ролик тугагач, синфларда пиқиллаб йиғлаган овозлар эшитилди. Демак, ўқувчиларнинг кўнглига етиб борди бу дарслар… Ҳа, болаларнинг қалби оқ қоғоз каби тоза ва беғубор. Уларга яхшилик ва эзгулик, меҳр ва оқибатни сингдириш эса биз катталарнинг бурчимиздир. Зеро, болаларни зўравонлик, шафқатсизлик каби иллатлардан нари, экомаданиятли қилиб тарбиялаш жамиятда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суришига ёрдам беради, жамият ривожига ҳисса қўшади.
Фурсатдан фойдаланиб, “Меҳр дарслари”ни ўтиш учун бизни билим ва салоҳиятимизни оширган Республика “Эколог” жамоат бирлашмасига, бундай лойиҳани амалга оширишимизга имкон яратган Ёшлар ишлари агентлигига ҳамда дарсларни ташкил қилишда яқиндан ёрдам берган Жиззах вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига ҳамда ҳамкорлик учун Экологик партиясининг Жиззах вилояти Кенгашига, марказимиз эковолонтёрлари Латофат Муратова, Мавлуда Холмирзаева, Нафиса Пўлатоваларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Нодира Алимова,
Жиззах вилоят “Қалб нури” маркази директори.