Сўнгги йилларда нафақат мамлакатимизда, жумладан, вилоятимизда ҳам йўлсозлик соҳасини ривожлантириш, йўлларни халқаро талаблар даражасига келтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Йўлсозлар томонидан замонавий йўл, йўл ўтказгич, кўприк, пиёдалар учун ер ости ва ер усти йўллари бунёд этилаётгани аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон, энг асосийси, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида берилган топшириғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раёсати мажлисининг 2024 йил 7 августдаги №86-сонли баёнига асосан вилоятимизда учта ер ости йўли қурилиши белгиланган эди.
Юртимиз узра янги йил байрамининг шукуҳи ҳали ҳам кезиб юрган шундай паллада Жиззах шаҳрининг энг гавжум учта нуқтасида ер ости пиёдалар йўлагини қурилишига старт берилди.

Ер ости ўтиш йўллари Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозори ва унинг атрофидаги Навоий, Ҳамид Олимжон маҳалласининг Ўзбекистон кўчалари кесишмасида, “Ёшлар шаҳарчаси”дан “Наврўз” истироҳат боғига ўтувчи Ислом Каримов шоҳ кўчасида ҳамда Олмазор маҳалласига Мустақиллик кўчаси орқали ўтувчи ҳудудларда барпо этилади.
Муҳим қурилиш иншоотлари учун буюртмачи Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси, бош лойиҳачилар “YO‘L LOYIHA”, “MEGATEK INJINIRING” МЧЖлари, бош пудратчилар “Samarqand UZBEKGAZSUV QURILISH” ҳамда “КАMOLIDDIN FAYZ BARAKA” МЧЖлари қурувчилари томонидан бир вақтда ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги лойиҳасини амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
—Олтмишдан ортиқ техникалар, 100 нафардан ортиқ қурувчилар икки сменада лойиҳада белгиланган ва кўрсатилган топшириқларни ўз муддатида фойдаланишга топшириш учун меҳнат қилишаётир,—дейди Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси директори Шуҳрат Анорбоев. —Айни пайтда режага мувофиқ икки босқичда амалга оширилаётган ер ости ўтиш йўлларини барпо этиш лойиҳасига кўра ҳар учала иншоотда котлован ковлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Жиззах шаҳар марказий деҳқон бозори олдида туташган чорраҳада шу кунларда иш қизғин. Иншоотнинг умумий қиймати 13 миллиард 344 миллион сўмни ташкил этиб, бу ерда тўртта ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги бунёд этилади. Биринчи туннелнинг умумий узунлиги 73,68, иккинчиси 69, учинчиси 59,44 ва тўртинчиси 50 метрни, ер ости йўлининг эни 5,4, баландлиги 2,4 метрни ташкил этади. Ер ости пиёдалар ўтиш йўли иншоотининг шинам, кўркам бўлиши учун энг сўнгги қурилиш технологиялари яъни, ўзида замонавийлик ва миллийликни уйғунлаштирган мармар, гранит плиталари, мозаика услубдаги қурилишбоп безаклардан фойдаланилади.
Ер ости пиёдалар ўтиш йўлларида имконияти чекланганлар, ногиронларнинг коляскада ҳаракатланиши учун махсус йўлак ҳам барпо этилади.
Барча иншоотларда дастлаб ер ости йўлининг устки қисмидаги юмушлар жорий йилнинг Наврўз байрами арафасига қадар якунланса, май ойига келиб туннеллар тўлиқ фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Бир кунда шу ҳудуддаги Жиззах шаҳар марказий деҳқон, “Галантерия люкс” ҳамда халқ тилида “Жўра бозор”га 15000 нафардан ортиқ аҳоли ташриф буюришини, эрталаб 8.00 дан 18.00 га қадар бозор атрофидаги чорраҳадан ўртача 11 соат мобайнида 7700 тадан ортиқ автомобилларнинг ҳаракатини ҳисобга олсак, янги барпо этилаётган туннел пиёдалар учун қулай ва хавфсизлиги билан муҳим аҳамият касб этади.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).