Вилоят 2-секторлари томонидан ўтган йилда мамлакатимиз Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида сектор ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эҳтиёжмандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ишсизликка барҳам бериш, тадбиркорларга кўмаклашиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш каби барча йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак ” деган тамойил асосида вилоят прокуратураси Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда вилоятнинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ўтказиб, аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда. Хусусан, ўтган йили 2-сектор раҳбарлари томонидан 768 та сайёр қабул ўтказилган. Унда келиб тушган 7252 та мурожаатларнинг 82 фоизи қисқа муддатларда ижобий ҳал этилишига эришилган.

Ўтган йили 12 та маҳалла бинолари жорий таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, 7 таси янгидан қурилди. 809 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирланиб, 2 нафарига янги уйлар қуриб берилди. 2334 нафар фуқароларга деҳқон хўжалиги учун ер майдонлари ажратилди. 307 нафар фуқаролар хонадонида иссиқхона ташкил этилди.
Сектор ҳудудидаги 111 км. йўллар асфальтланди. 124 км. йўллар шағал ётқизилди. 63 км. ичимлик суви тармоғи янгитдан тортилди ва таъмирланди. 66 та трансформаторлар таъмирланиб, 79 км. янги тармоқлар тортилди. 19 та мактабгача таълим ташкилоти ва 63 та мактаб бинолари жорий таъмирланди. 3 та янги мактабгача таълим ташкилоти ва 5 янги мактаб бинолари қурилди. 9 та тиббиёт бирлашмалари жорий таъмирдан чиқарилди. 7,4 км. табиий газ тармоқлари тортилди. 7 та воркаут ва болалар майдончаси қуриб берилди.

2024 йилда “Темир дафтар”даги 25 та оиланинг 20 таси кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида халқ депутатлари туман Кенгашларининг қарорлари асосида рўйхатдан чиқарилди. Ушбу оилаларга 28,3 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 15,2 млн. сўмлик дори-дармонлар тарқатилди, 84 млн. сўмлик моддий, тиббий ёрдамлар кўрсатилди. 6 та оилага деҳқончилик учун 6 гектар ер майдонлари ажратилди, 25 нафар ишсизларнинг бандлиги таъминланди.
Бундан ташқари, вилоят прокуратураси ташаббуси билан эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларни қўллаб қувватлаш мақсадида 1045 нафар ўғил болаларнинг ҳомийлик асосида “Суннат тўйи” тадбирлари ўтказилди.

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан вилоят марказидан анча олис бўлган Фориш тумани, “Қорабодол ота” МФЙ, “Шохусмон” қишлоғида 60 ўринли замонавий янги давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси бунёд этилди.
Бахмал, Ғаллаорол, Фориш ва Янгиобод туманларидаги олис ҳудудларда яшовчи 1200 нафар кам таъминланган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 26 нафарига шифохоналарда даволаниши учун ордерлар берилди.
Бугунги кунда “Темир дафтар”да қолаётган 5 та эҳтиёжманд оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали уларни дафтардан чиқариш чоралари кўрилмоқда. “Ёшлар дафтари”даги 2 421 нафар ёшлардан 2 298 нафари кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида рўйхатдан чиқарилди. “Аёллар дафтари”нинг 5-босқичида рўйхатга киритилган 8 733 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг барчасига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
2024 йил 27179 нафар ишсизларнинг бандлигини таъминлаш белгиланганди. Амалда 36536 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. Белгиланган режа 134 фоизга бажарилди.
Ўтган йили ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 106,9 млрд. сўмлик 63 та лойиҳаларни ишга тушириш ҳисобига 396 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилганди. Амалга оширилган ишлар натижасида амалда 189,7 млрд. сўмлик 72 та лойиҳалар ижроси таъминланиб, 542 та янги иш ўринлари яратилди.
Ўтган йили 784 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Шунингдек, 281 та турли сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак кўрсатилиб, фаолияти қайта тикланди. Олиб борилган прокурор назорати тадбирлари давомида 2819 та тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Аҳоли даромадини ошириш ва бандлигини таъминлашга қаратилган дастурлар доирасида 9590 та лойиҳаларга 159,3 млрд. сўм, шундан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 4603 та аҳоли ва тадбиркорларга 78,3 млрд. сўм, “Бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” дастури доирасида 415 нафар тадбиркорлик субъектларига 38,9 млрд. сўм, “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида 4572 нафар ўзини-ўзи банд қилган шахсларга 42,1 млрд. сўм кредитлар ажратилди.
Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва уларга қарши курашиш соҳасида маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ишлари амалга оширилди. Натижада 2-сектордаги 73 та маҳаллаларнинг 32 тасида ёки 44 фоизида жиноятлар содир этилмади, 34 таси ёки 47 фоизида жиноятлар камайишига эришилди.
Жорий йилда ҳам секторлар кесимида вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган тадбирлар фаол давом эттирилмоқда.
Васил ИЛЁСОВ.