ИСПАНИЯ — ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

АҚШ, Мексика ва Канада яшил майдонларида кечган Жаҳон чемпионати ўз поёнига етди. Медаллар учун ўтказилган ҳал қилувчи баҳслар якунига кўра, ғолиб ва совриндор жамоалар номи аниқланди.

Дастлаб АҚШнинг Майами-Гарденс шаҳридаги “Hard Rock Stadium”да Англия ва Франция терма жамоалари мусобақанинг 3-ўрин учун соҳиби учун баҳс олиб боришди. Кескин кураш ва голларга бой ўтган учрашувда инглизлар рақибларини ишончли ҳисобда мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритдилар (6:4).

Англия сафида Деклан Райс 3-дақиқада ҳисобни очган бўлса, Эзри Конса 18-дақиқада устунликни мустаҳкамлади. Букайо Сака эса 37, 45+1 ва 87-дақиқаларда хет-трикни расмийлаштирди. Жамоанинг олтинчи голига қўшимча вақтнинг 90+8-дақиқасида Жуд Беллингем муаллифлик қилди.

Франция таркибида Килиан Мбаппе 48 ва 66-дақиқаларда гол уриб, дубль қайд этди. Шунингдек, Брэдли Барколя 54-дақиқада, Усмон Дембеле эса 90+6-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди. Бироқ бу голлар жамоани мағлубиятдан қутқариб қола олмади.

Ушбу учрашув Жаҳон чемпионатлари тарихида учинчи ўрин учун ўтказилган энг сермаҳсул баҳс сифатида тарихга кирди. Аввалги рекорд 1958 йилги мундиалда қайд этилган бўлиб, ўшанда Франция Ғарбий Германияни 6:3 ҳисобида мағлуб этган эди.

Шу тариқа, Англия терма жамоаси ўз тарихида иккинчи бор Жаҳон чемпионати совриндорига айланди. Инглизларнинг ягона чемпионлиги 1966 йилда ўз майдонида ўтказилган мундиалда қўлга киритилган бўлса, энди жамоа музейига турнирнинг илк бронза медали ҳам қўшиладиган бўлди.

Франция эса бу сафар мусобақани тўртинчи ўринда якунлади. Французлар аввалроқ икки марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритган бўлса (1998, 2018), икки марта кумуш (2006, 2022) ҳамда икки марта бронза (1958, 1986) медаллари соҳиби бўлганди.

Мундиалнинг финал учрашувида Испания ҳамда Аргентина терма жамоалари бош соврин учун яшил майдон узра саф тортишди. АҚШнинг Ист-Ратерфорд шаҳридаги “New York New Jersey Stadium”да бўлиб ўтган баҳс Испаниянинг ҳар жабҳада ўрнатган яққол устунлиги остида кечди. Айниқса, тўп назорати (68%—32%), яратилган хавфли вазиятлар (4:0), кутилган эҳтимолий голлар (2,29:0,22) ва аниқ зарбалар (12:0) бобида “қизил фурия” рақибига деярли имконият қолдирмади. Бироқ ғолиб номи учрашувнинг  асосий вақтида аниқланмади. Аммо қўшимча бўлимларда ҳам испаниялик футболчилар юқори фаоллик кўрсатиб, барибир ўз мақсадига эришдилар. Ферран Торрес 106-дақиқада ўйиндаги ягона голни уриб, жамоасини чемпионлик сари етаклади. Жанубий Америка вакилларига эса 2-ўрин насиб қилди.

Шундай қилиб, испанлар ўз тарихларида иккинчи бор мундиал ғолиби бўлди (2010, 2026). Ушбу натижа Аргентинанинг тўртинчи кумуш медали сифатида қайд этилди (1930, 1990, 2014, 2026). Улар ҳисобида шунингдек, мусобақанинг 3 та олтин медали мавжуд.

Финал якунида ўтказилган тақдирлаш маросимида бир қанча номинациялар бўйича футболчилар эътироф этилди. Хусусан, Испания терма жамоаси вакили Родри чемпионатнинг энг яхши футболчиси деб топилди. Француз ҳужумчиси Килиан Мбаппе мусобақа тўпурари бўлди (10 та гол). Энг яхши ёш футболчи номинациясини эса яна бир испан Пау Кубарси қўлга киритди. Энг яхши дарвозабон соврини ҳам кутилганидек, ғолиб жамоа посбони Унай Симонга насиб этди. У бутун мундиалда атиги битта гол ўтказиб юборганини қайд этиш керак.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *