Зоминга дам олиш ёки даволаниш мақсадида борган одам Зомин миллий табиат боғига кириш қисмидаги назорат постида бир марта пул тўлайди. Бу маблағ миллий табиат боғини ҳимоялаш, инсон омили зарарларини камайтириш учун сарфланади. Ҳар бир ташриф буюрувчига миллий боғ ҳудудида амал қилиш шарт бўлган қоидалар эслатилган флаеер берилади. Табиат ҳимояси боғ остонасидан бошланади.
Шу постдан то Суффа текислигигача 22 км йўл бўйлаб ҳаракатланар экансиз, йўлнинг икки четида чиқинди контейнерлари, ёнғинга қарши жиҳозлар комплекси ўрнатилганига кўзингиз тушади. Олов ёқиш, чиқиндини белгиланмаган ҳудудларга ташламаслик бўйича эслатмалар тез-тез учрайди. Ҳақиқатда миллий табиат боғининг икки асосий душмани – ўрмон ёнғинларига ва чиқинди тўпланиши.

-Зомин миллий табиат боғи ташкил этилгандан буён бу ерда 9 марта ёнғин содир бўлган, – дейди боғнинг 32 йиллик иш тажрибасига эга сақлаш ва муҳофаза қилиш муҳандиси Тўлқин Исмоилов. – Ёнғин ўрмонларнинг энг хавфли душманидир. Арча таркибида эфир мойи борлиги сабаб у оловга бензин каби таъсир кўрсатади. Мана шу хавфга доим тайёр турамиз, бунинг учун хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Миллий боғ тасарруфида махсус техникалар бор. Баъзан чақмоқ туфайли кичик ёнғинлар бўлиб туради, аммо уларни ёмғир тез ўчиради. Бундай ҳолларга ҳудудларни назорат қилган вақтда гувоҳ бўлиб турамиз. Ҳар бир ҳудудга назоратчи қўйилган. Улар дам олувчиларнинг белгиланмаган жойда юрмаслиги, айниқса олов ёқмаслигини назорат қилишади. Бу ерда 3 та пикник зона бор. Дам олувчилар ўзлари билан олиб келган егуликларни ейишлари мумкин. Аммо қозон осиш учун гугурт чақиш қатъиян тақиқланган.

Маълумотларга кўра, мана бу яланглик ҳам айнан ёнғиндан кейинги ҳолат экан. Дам олувчининг эҳтиётсизлиги сабаб бир неча ўн йиллар олдин содир бўлган ёнғинда каттагина майдонда арчалар нобуд бўлган ва яланглик бўлиб қолган. “У пайтлари бунча баландликка сув ташиб етказиш қийин эди. Яъни ёнғинга қарши кураш усуллари ҳам содда бўлган. Худо кўрсатмасин-у, энди бундай ҳолатларда махсус техникадан тортиб қўлда бажариладиган ишлар тизими пухта ишлаб чиқилган” дейди назоратчи. Майда нуқта бўлиб кўриниб турган арчалар ўша ёнғиндан сўнг экилган бўлиб, ҳали паст. Боиси арча йилига 7-10 см ўсади, холос. Шу сабаб дам олувчилар учун фақат махсус белгиланган жойларда овқат пишириш учун олов ёқишлари қатъий назорат қилинади.

-АҚШдаги ўрмонларда дарахт тагида торф тўпланади, – дейди тажрибали табиат ҳимоячиси Тўлқин Исмоилов. – Торф ботқоқлик ўсимликларининг ўта намгар ва ҳаво кириб бориши қийин бўлган шароитда табиий чириши ва чала парчаланган қолдикларининг тўпланишидан ҳосил бўладиган фойдали қазилма. Торфнинг органик моддаси турли даражада парчаланган ўсимлик қолдиқларидан иборат. У бориб-бориб кўмирга айланади. Шу сабаб ёнувчанлиги жуда юқори. Ўрмонга ёнғин кетса, ер усти ва ер ости бирдек ёнади. Бир ҳафтадан буён Калифорнияда содир бўлаётган ёнғинларни шу сабаб ўчириш жуда қийин. Аслида ўрмон ёнғинлари қаерда содир бўлмасин, табиат ва инсон учун жуда қимматга тушади. У экологик мувозанатни бузиб, иқлим ўзгаришига сабаб бўлади.
Кейинги хавф эса бизни ҳатто баланд тоғларда, кимсасиз чўлларда ҳам таъқиб қилувчи чиқинди муаммоси. Сайёҳлар оқимининг ортиши билан маиший чиқинди ҳажми ҳам ортиб бораяпти. 2023 йилда 110 минг нафар сайёҳ миллий табиат боғини кўришга келган бўлса, 2024 йилда 230 мингга етди. Нозирларнинг айтишича, баъзан катта шаҳарларда кузатилмайдиган тирбандлик юзага келади. Ҳафтада икки кун контейнердаги чиқиндилар олиб чиқиб кетилади. Аммо дам олувчиларнинг белгиланган жойга ташламасликлари йўл бўйлари, арчазорларда ҳам чиқиндининг тўпланиб қолишига олиб келаяпти. Озодаликни сақлаш мақсадида 50 дан ошиқ контейнер ва иккита биоҳожатхона ўрнатилди. Ташриф буюрувчиларнинг экологик маданиятини ошириш ҳар доимгидек долзарб бўлиб турибди.

-Зомин миллий табиат боғи Ўриклисой, Усмонлисой ва Еттикечув сойликлари ва битта бўлимдан иборат, майдони 23429, 2 га, – дейди миллий табиат боғи директори ўринбосари Ҳусниддин Ҳазратқулов. – У рекреацион, қўриқҳона ва хўжалик зонасига бўлинган. Экотуризм мақсадида келган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун 8 та экосўқмоқ шакллантирилган бўлиб, уларнинг узунлиги 2 дан 22 км гача. Миллий боғ жанубий ва шимолий минтақага бўлинган. Шу сабаб қор қатлами апрель ойининг ўрталаригача тоғларнинг бир ёнбағрида сақланиб қолади. Ҳар бир арча тагида 800-1000 литргача сув захираси тўпланади. Ер остидаги намлик ҳисобига ёзда ҳаво ҳарорати салқин бўлади. Зомин тоғларининг табиати ана шундай ўзига хос.

Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Халқаро миллий боғлар ва қўриқхоналар кунида Зомин миллий табиат боғига ташкил этилган пресс-турда журналистлар шундай маълумотлар олдилар. Мавжуд турларни сақлаб қолиш борасида бажарилаётган ишлар билан танишдилар.

Зомин миллий табиат боғи воҳамизнинг табиат инъом этган беқиёс дурдонасидир. Уни авайлаб-асраш давлат эътиборида. Аммо Миллий боғга қадам қўйган сайёҳ табиий гўзалликни ўзидан кейингиларга ҳам қолдириш масъулиятига эга эканлигини унутмаслиги зарур.
Муқаддас САПАРОВА.