КЕКСАЛИК ТУРҒУНЛИК ЭМАС – янгилик ва ўзгаришларга шай бўлинг

2016 йилда Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси ташкил этилган, жамоатчиликка янги ННТнинг пенсия ёшига етган фуқароларни қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадлари маълум қилинган эди. Аммо ўтган давр мобайнида уюшманинг вилоят кенгаши томонидан айтарли ишлар амалга оширилмади ёки етарлича тарғиб қилинмади. Бошланган йилда ушбу ташкилот ҳам ўз олдига катта мақсадлар қўйиб, чин маънода пенсионер ва нафақахўрларни бирлаштирувчи, уларнинг тажриба ва билимидан жамиятни баҳраманд этувчи уюшмага айланиши мақсад қилинган. Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси Жиззах вилоят кенгаши раҳбари Қўлдош ПИРНАЗАРОВ билан суҳбатимиздан шундай хулоса чиқариш мумкин.

  –Қўлдош Хўжамбердиевич, таҳририятимизга хуш келибсиз. Уюшма фаолияти ҳақида ўқувчиларга қандай янги маълумотлар етказмоқчисиз?

 – Дарҳақиқат, жуда эзгу мақсадларни кўзлаб, кексалар ва нуронийларни, турли тоифадаги нафақа олувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган уюшманинг вилоят кенгаши маълум муддат турғунликда бўлди. Аммо ўтган йилнинг учинчи чорагидан бошлаб биз фаол ва режали равишда иш тизимини йўлга қўйдик. Аввало ҳар қандай ННТ маълум тоифадаги кишиларни бирлаштирувчи, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилот ҳисобланади. “Шерлок Холмс ҳақида ҳикоялар”да Маллалар уюшмаси тилга олинади. Унда малла сочли кишилар клуби ҳақида гап кетади. Пенсионерлар уюшмаси ҳам ватан хизматида бўлиб, эндиликда пенсионерга айланган, кексалик гашти билан бирга жамиятдан четлашиш, саломатликдаги муаммоларга дуч келаётган инсонларни бирлаштириш мақсадида тузилган. Олдимизга қўйган мақсад ва вазифалар шу қадар кенг қамровлики, бу орқали кексайганда оғир аҳволга тушиб қолган инсонларга ёрдам кўрсатишдан тортиб, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, жамиятда мавқеини мустаҳкамлашгача мавзулар етарли.

 Бунинг учун уюшманинг вилоят кенгаши, туманларда бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Туман ва шаҳар ҳокимликларининг кўмаги билан ҳар бир ҳудудий бўлим алоҳида хона ва техника билан таъминланди. Жами 31 нафар ходим бу фаолиятда банд. Бошланғич ташкилотларда 3 та, туманда 7 та,  вилоятда 11 та доимий комиссия тузилган. Маҳаллаларда уюшманинг 309 та бошланғич ташкилоти бор. Улар ҳудуддаги ҳамма пенсионернинг аҳволи, яшаш шароитини ўрганиб, хулоса бериб боради.  

 -Уюшмага аъзо бўлиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

  – Аъзолик ихтиёрий. Бунинг учун ариза тўлдирилади ва энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида бир марталик пул тўланади – бу ҳозирги вақтда 7500 сўмни ташкил этади. Ҳар ойда 3750 сўмдан аъзолик бадали тўлаб борилади. Бу маблағни атайин тўлашнинг ҳожати йўқ, чунки бадал пули пенсиядан автоматик равишда ушлаб қолинади. Бу маблағ ётиб қолган, кам таъминланган пенсионерларни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади. Вилоятимизда айни кунда  139 минг нафар пенсионер бўлиб, уларнинг 10 минг нафарининг аҳволи жуда оғир, 1800 нафари ўзи ҳаракатлана олмайдиган,  800 нафари ётиб қолган. Вилоятда бир ойлик пенсия учун ажратиладиган маблағнинг ўртача миқдори 161 млрд 500 минг сўмдан зиёд. Агар барча пенсионерларни аъзоликка жалб қила олсак, давлат ҳимоясига кўп ҳам кўп эҳтиёж қолмайди. Ҳозирги вақтда уюшманинг вилоят аъзолари сони 15 000 нафардан ошди. Хорижда яшовчи аъзолар сони 500 дан зиёд.   

  – Уюшмага аъзолик пенсионерларга нима беради?

  – Аъзолар орасида аввало оғир аҳволдаги кексаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсад қилинган. Маблағ етса, ҳар бир аъзо эътибордан четда қолмайди, албатта. Тошкент шаҳридаги “Саломат ҳаёт” клиникаси билан шартнома тузилган бўлиб, у ерда йил давомида 1200 нафар пенсионерларимиз даволанади. Кам таъминланган ва ётиб қолганлар учун бепул. Афсуски, ётиб қолган пенсионерлар ҳолидан хабар олиш жараёнида уларнинг катта қисми эътибордан четда экани ойдинлашди. Тўғри, улар давлатдан пенсия олишади. Аммо меҳр етишмайди. Ана шу бўшлиқни тўлдириш – бизнинг асосий мақадимиз.

   – Ўтган йилда уюшманинг бу мақсадни амалга оширувчи қандай тадбирлари ташкил этилди?

– Июль ойида Шароф Рашидов туманида шу инсон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда 450 нафар пенсионернинг бошини жамладик ва кексаларнинг асосий муаммолари, уларни ҳал этиш йўллари кенгашиб олинди. Август ойида Зарбдор туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 43 нафар ётиб қолган кексалар ҳолидан хабар олинди, Тадбиркорлар ҳомийлигида уларга ун ва мой маҳсулотлари тарқатилди. Арнасой туманида 200 нафар ногирон пенсионерларга “Соғлом авлод учун” ташкилоти билан бирга совғалар берилди, 250 нафар киши иштирокида туман бўлими раҳбари сайланди. Тумандаги барча ётиб қолган пенсионерлардан бирма-бир хабар олинди. Бу тадбирлар туман ҳокимлиги, маҳаллалар ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Яқинда Мирзачўлда бўлган тадбирда ҳам 40 нафарга яқин пенсионер ҳолидан хабар олинди. 300 нафар ногирон пенстонерларга совға-саломлар берилди. Ҳар бир тадбирда мумтоз қўшиқ ижрочиларининг иштироки кексаларга манзур бўлмоқда. Самарқанд шаҳрига 60 нафар кексанинг саёҳати уюштирилди.

Манзилли ишлаш натижасида Арнасойда онасига қараб туриши боис ҳеч қаерда ишлай олмайдиган қизга 500 минг сўм ойлик маош белгиланди. Бундай мисоллар жорий йилда яна кўпаяди, деб айта оламан.

-Асосан ташкилий ишлар амалга оширилган экан. Хўш, 2025 йилда қандай режалар бор?  

-Бу йил аниқ мақсадлар қўйиб, уларни амалга ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиққанмиз. Ҳар бир туман ва шаҳар марказида пенсионерлар учун арзонлаштирилган озиқ-овқат дўкони ва дорихона ташкил этилади. Ҳар бир туман пенсионерлар бўлими қошида касблар бўйича кенгаш тузилади. Масалан, агрономлар, қурувчилар кенгаши тузилиб, кексаларнинг касбий тажрибасидан амалда фойдаланилади. Бахмал туманида 5 га майдонда давлат-шерикчилик асосида кексалар санаторийси қуриш режалаштирилган. Пахтакор туманида ташландиқ бинони шифохона тарзида реконструкция қилиш натижасида ҳар ойда 90 нафар кексани соғломлаштириш, Янгиобод туманида 50 га лалми майдонда ғалла экиш, шартномавий режадан ошган қисмининг маблағини уюшмага йўналтириш мақсад қилинган. Шароф Рашидов туманида кексаларнинг ташаббуси билан 15 га ерни ободонлаштириш, боғ ва хиёбон ташкил қилиш режада бор. Албатта, аъзолик бадаллари билан бунча ишни амалга ошириш қийин. Бадаллар асосан уюшма аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлашга ишлатилса, юқорида санаб ўтилган улкан режалар учун давлат субсидиялари, грант маблағлари ва ҳомийларнинг кўмагига таянамиз.

3000 нафардан зиёд пенсионерларга ана шундай қўшимча маблағлар ҳисобидан уларнинг хоҳишига кўра, 50 донадан товуқ, бир бош сигир ёки 5 бош қўзи олиб берилади. “Тадбиркор аёл” ассосиацияси билан ҳамкорликда пенсионер ёки нафақа олувчилар ошпазлик, тикувчиликка бепул ўқитилади. Кам таъминланган, ногирон аъзоларимиз  ўзига тўқ тадбиркорларга бириктирилиб, дори-дармон, озиқ-овқат билан таъминланади. 26 нафар камбағал пенсионерни Умра сафарига, “Туристик поезд” лойиҳаси билан 1000 дан зиёд кишини МДҲ давлатларига саёҳатга юборишни мақсад қилганмиз. Юртимиз вилоятлари бўйлаб 5000 нафар кексалар саёҳати уюштирилади.

-Бевосита кексалар билан ишлаш асносида қандай муаммоларни кўрасиз?

– Ҳозирда аксар кексалар ўз фарзандларига айтганини қилдиролмайди. Пенсияси дори-дармондан ортмайди. Яхши еб-ичиш, кийиниш учун ўз маблағи етмайди. Тан олиш керак, ҳануз ота-онасининг пенсиясига кўз тикиб ўтирадиган фарзандлар ҳам бор. Аммо асосий муаммо кексаларнинг ўзида, уларнинг фикрлаш тарзида. Қарилик бу “ҳаммаси тўхтаб қолди, энди ҳеч кимга керак эмасман”, дегани эмас. Инсоннинг жони борки, ҳаракатдан, изланишдан тўхтамаслиги керак. Ўртача умр кўриш давомийлиги ортиб бормоқда. Кексалар эъзозланадиган жамиятда яшаймиз. Бу мавқедан тўғри фойдаланиш керак. Ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиш, панду насиҳат, керак бўлса амалий иш билан ўрнак бўлиш керак. Ўйлайманки, уюшманинг фаоллиги билан кексалар қатламининг жамиятдаги ўрни ва мавқеи мустаҳкамланиб, соғлом кексалик тушунчаси ҳаётимизга чуқур кириб боради.

– Мазмунли суҳбат учун ташаккур.

Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *