АГРАР СОҲАДА ИСТИҚБОЛЛИ МАРРАЛАР

Деҳқончилик доимо касбларнинг улуғи бўлиб келган. Деҳқоннинг хизматидан баҳраманд бўлмаган, машаққатли ва ҳалол меҳнатини эътироф этмаган киши йўқ. Бугун мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, уларда эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кўрамиз. Энг муҳими, деҳқон меҳнати қадрланмоқда. Бунга ёрқин мисол, Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан 2017 йилда биринчи марта қишлоқ хўжалиги ходимлари куни таъсис этилиб, ҳар йили мунтазам нишонланиб келинмоқда.

Деҳқонларимизнинг таъбири билан айтганда, йилнинг йилдан фарқи бор. Айниқса, якунига етиб бораётган йилимиз вилоятимиз қишлоқ хўжалигида туб бурилиш ясади, десак муболаға бўлмайди. Аграр соҳанинг барча тармоқларида залворли ютуқлар қўлга киритилиб, истиқболли марралар эгалланди. Соҳада олиб борилаётган кенг ислоҳотлар, фермерлик ҳаракати ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши, инновацион технологиялардан фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспортбоп маҳсулотларни етиштиришга ҳукуматимизнинг эътибори — ютуқлар омили бўлди.

Вилоятимизда 504,4 минг гектар ҳайдаладиган (шундан 260 минг гектар сувли ҳамда 244,4 минг гектар лалми) ерлар мавжуд. Айни кунда 2030 та пахтачилик-ғаллачилик, 1820 та ғаллачилик, 1229 та боғдорчилик, 3096 та узумчилик, 659 та сабзавотчилик-полизчилик, 308 та ғаллачилик-сабзавотчилик, 1000 та чорвачилик, 213 та бошқа йўналишдаги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Ерлардан оқилона фойдаланиш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

ЕРЛАРНИ ЎЗЛАШТИРИШ. Ерлар мониторинг қилиб чиқилганида, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар борлиги маълум бўлди. Шу мақсадда бу йил 7,3 минг гектар ер ўзлаштирилди. Шунинг ҳисобига қўшимча 50 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ҳамда 2000 нафар аҳолининг бандлиги таъминланишига эришилди. Мисол учун: Арнасой туманида Хитойнинг “Boshiran Co.Ltd” компанияси 1700 гектар фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонларини аукционда сотиб олиб, жорий йилнинг ўзида 400 гектарини ўзлаштирди ва кечки пахта экди. Қувонарлиси, такрорий экин сифатида экилган ғўза майдонларидан салкам гектарига 55 центнердан ҳосил олишга эришилди. Шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги “Барака ором сервис” корхонаси хитойлик ҳамкорлар билан сувтаъминоти оғир бўлган Қулписар массиви ҳудудидан 1250 гектар ерни аукционда сотиб олиб, 120 гектарини шу йилнинг ўзида замонавий технологиялар асосида қайта фойдаланишга киритди. Кечки пахтадан гектарига ўртача 70 центнердан ҳосил етиштирилди. Тадбиркорлар 2025-2027 йилларда яна 2 минг гектар ерни ўзлаштиришмоқчи.

ПАХТАЧИЛИК етакчи соҳа саналади. Бу йил чин маънода пахта йили бўлди. Якунланаётган йилда 67,6 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 318 минг тонна пахта хомашёси йиғиштириб олинди. Шундан 285,6 минг тоннаси (90 фоизи) машиналар ёрдамида териб олинди.

Жорий йилда 300 дан зиёд фермер хўжаликлари гектарига 50 центнер, 14 нафар қишлоқ мулкдорлари эса 80 центнердан ошириб ҳосил етиштирди. Бу борада ҳосилдорликни Зафаробод туманидаги “Фориш йўллари” фермер хўжалиги 85 центнер, Дўстлик туманидаги “Олмос Гамбой” фермер хўжалиги 85 центнер, Зарбдор туманидаги “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги 85 центнер, “Миллий оқ олтин агро” масъулияти чекланган жамияти 77 центнер, Арнасой туманидаги “Баракали деҳқон пахтаси” фермер хўжалиги 80 центнер, Мирзачўл туманидаги “Файз Шохруз” фермер хўжалиги 78 центнер, Пахтакор туманидаги “Диамонд браве” масъулияти чекланган жамияти 72 центнерга етказишди.

Пахтачиликда юқори кўрсакичларга эришишда қуйидаги омиллар асосий сабаб бўлди:

  1. Вилоятда 49,4 минг гектар маҳаллий, 18,2 минг гектар майдонларда хорижий навлар етиштирилди. Илк бор 14,4 минг гектар майдонда Хитойнинг Шинжон технологияси асосида плёнка остига чигит экиш амалиёти жорий этилди.
  2. 90 лик чигит экиш схемасидан воз кечилиб, тўлиқ 76 лик схемада чигит экилиши таъминланди. Бу билан кўчат сонини кўпайтириш ҳисобига қўшимча 9 минг гектар пахта майдонига эга бўлинди.
  3. Вилоятдаги 1383 дона чопиқ трактори, 1323 дона культиватор, 344 дона чигит экиш сеялкаси 76 лик схемага мослаштирилди. Янгидан 323 дона якка қатор ва қўшқатор чигит экиш сеялкалари олиб келинди.
  4. Экиш даврида уч марта ўлчов ўтказилиб, кўчатларнинг тўлиқ майдонларга экилиши таъминланди.
  5. Вилоятдаги 537 та фермер хўжаликларидаги 17,8 минг гектар “оғир ҳудудлар” алоҳида назоратга олинди.
  6. Сув таъминотини яхшилаш мақсадида 66 километр каналлар тозаланди, 43 километр лоток таъмирланди, 1646 дона латоклар алмаштирилди. Натижада 27 минг гектар пахта майдонлари сув билан кафолатли таъминланди.
  7. “Boshiran”, “FM WORLD” ва “John Deere” каби замонавий 100 дан ошиқ пахта териш машиналари лизинг асосида олиб келиниб, 300 га яқин терим машиналаридан самарали фойдаланилди.

ҒАЛЛАЧИЛИК. Жорий йилда 88,1 минг гектар суғориладиган майдонлардан 750 минг тонна бошоқли дон етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 85,2 центнерни ташкил қилди. Ҳосилнинг 247,8 минг тоннаси дон корхоналарига, шундан давлат ресурсларига 85,7 минг тонна, вақтинча сақлашга 140,8 минг тонна, уруғликка 21,3 минг тонна топширилди. Фермерларнинг ихтиёрида 500 минг тоннадан зиёд дон қолди. Ўртача ҳосилдорлик Пахтакор туманида гектарига 87,6 центнер, Дўстликда 86,5 центнер, Зафарободда 86,2 центнер, Мирзачўлда 86,1 центнер, Шароф Рашидов туманида 84,5 центнер, Арнасойда 83,7 центнер, Зарбдорда 83,3 центнер, Бахмалда 79 центнер ва Зомин туманида 78,6 центнерни ташкил қилди. Ғаллачиликда ўртача 100 центнердан ошириб ҳосил олган фермерлар сони 100 дан ошди. Дўстлик туманидан “Барака”, “Чашма 2”, “Жавохир Жамол”, Мирзачўл туманидан “Файз Шохруз”, “Арман Абзал”, Пахтакор туманидан “Нормурод бобо хирмони”, “Зомин чўққиси”, Арнасой туманидан “Сангзор”, “Суюнов Сардор даласи”,  Зарбдор туманидан “Имкон”, “Шохрух деҳқон”, Зомин туманидан “Бек”, “Чавандоз даласи”, Шароф Рашидов туманидан “Ширин”, “Кўрик даласи”, Зафаробод тумандан “Тоштемир ота”, “Мададкор қуш”, “Хумо” фермер хўжаликлари энг юқори ҳосилдорликка эришдилар.

ПИЛЛАЧИЛИК. Бу йилги мавсумда пиллакорлар томонидан 1000 тонна пилла етиштирилди. Ипак қурти боқишга 35 минг нафар аёллар жалб қилиниб, уларнинг ҳар бири ўртача 30 миллион сўмдан даромад олишди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда, воҳамизда 5 минг тоннагача пилла етиштириш имконияти борлиги маълум бўлди. Мисол учун, вилоятда 14,5 миллион туп тут дарахтлари мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисмининг шоҳлари кесилмасдан, ипак қурти учун озуқа хусусияти йўқотилган. Шуни инобатга олиб, мавжуд тут дарахтлари тўлиқ буталаниб, янги мавсумга тайёрланди. Шунингдек, вилоятимиз делегацияси Вьетнамда бўлиб мазкур давлатда пиллани қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат яратиш, ўрма тутзорлар барпо қилиш орқали пиллачиликни босқичма-босқич ривожлантириш ўрганилди. Келгусида вилоятимизда ипак қуртини марказлашган ҳолда 2-3 мавсумда боқиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш кўзда тутилган. Бунинг учун 10 та туманлар марказларидаги кўп қаватли уйлар атрофида 70 та ипак қурти боқиш масканлари қурилиши бошланди. Ҳозиргача ана шундай масканлардан 7 таси ишга туширилди.

МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК. Якунланаётган йилда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш бўйича асосий ерлар, боғ-токзорлар ораси, деҳқон хўжаликлари, пахта-ғалла майдонларидан қисқартирилиб, ёшларга ажратилган ерлар ҳамда дала четларига сабзавот, полиз, дуккакли ва бошқа экинлар экилиб, 2,5 миллион тонна маҳсулот етиштирилди. Шунингдек, ғалладан бўшаган 83,6 минг гектар майдонда такрорий экинлар парваришланди. Айниқса, бу йил аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқан ҳолда 30 минг гектарга мойли экинлар экилди. Ушбу майдонлардан 504,3 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (шундан 51,8 минг тонна сабзавот, 107,8 минг тонна полиз, 38,9 минг тонна картошка, 42,5 минг тонна дуккакли, 69 минг тонна мойли, 194,3 минг тонна чорва озуқа экинлари) етиштирилди.

Асосий маҳсулот пиёз етиштиришда интенсив технологияларни кенг қўллаш орқали ҳосилдорликн оширишга эътибор қаратилди. Мисол учун, ўзимизнинг маҳаллий уруғларни анъханавий усулда экиб, парвариш қилинганида гектарига 50-60 тонна ҳосил олинган бўлса, интенсив технологияларни қўллаш ҳамда хориж давлатларининг юқори ҳосилдор уруғлари экилганида эса ҳосилдорлик гектарига 90-100 тоннани ташкил қилди. Янгиобод туманидаги “Бахт воҳаси” фермер хўжалигида 20 гектардан 2000 тонна, Зомин туманидаги “Алибек Тўраев” фермер хўжалигида 40 гектар майдондан 4000 тонна пиёз етиштирилди.

29,3 минг гектар боғ, 16,7 минг гектар узумзор мавжуд бўлиб, 2025 йилнинг 9 ойида 105,5 минг тонна мева, 36,4 минг тонна узум етиштирилди.

ЧОРВАЧИЛИК. Вилоятда чорвачилик субъектлари сони 1500 тага етказилди. Шундан 768 та қорамолчилик, 429 та қўй ва эчкичилик, 19 та йилқичилик, 3 та туячилик, 55 та паррандачилик, 185 та балиқчилик, 34 та асаларичилик ва 7 та қуёнчилик субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозиргача 180 минг тонна гўшт, 30 минг тонна парранда гўшти, 510 минг тонна сут, 305 миллион дона тухум ишлаб чиқарилди. Чорвачилик ва унинг тармоқларини ривожлантириш учун умумий қиймати 90,3 миллиард сўмлик 60 та лойиҳалар амалга оширилди. 286 та янги иш ўринлари яратилди. Лойиҳалар доирасида четдан 1424 бош қорамол, 27 минг бош қўй, шундан Монголия давлатидан 16 минг бош зотли қўйлар олиб келинди.

Бугунги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш, илғор тажрибаларни жорий этиш энг муҳим масалага айланмоқда. Шунинг учун, муҳатарам Президентимиз жорий йил 2 декабрь кун вилоятимизга ташрифи чоғида ҳамда яқинда Кўксарой қароргоҳида қишлоқ хўжалиги ходимлари билан бўлган учрашувда иқтисодиётимизни, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш, замонавий илм ва инновацияларни кенг жорий қилиш масалаларига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият берди. Давлатимиз раҳбари картошкачиликни ривожлантириш борасида Жиззах вилояти намуна бўлиш кераклиги, келгуси йилда боғдорчилик бўйича Бахмалда тажриба мактаби яратилиб, берилган имтиёзлар бутун республикада жорий қилиниши, АҚШлик ҳамкорлар билан Зоминда паррандачилик соҳасида йирик наслчилик корхонаси ташкил этилиши ва бошқа кўплаб вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида аниқ манзилли чора-тадбирларни белгилаб бердилар.

Ўзларининг касб байрамларини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олаётган вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари айни дамларда муҳтарам Юртбошимиз белгилаб берган вазифаларнинг ижросини таъминлашга киришиб, зиммаларига катта масъулият юкланганини чуқур ҳис қилишаяпти. Айни дамларда келгуси йилда ҳам аҳоли дастурхонини тўкин-сочин қилиш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришаяпти. Шу мақсадда қишки агротехник тадбирлар, ғалла парвариши ҳамда тўқсонбости экинлар экишга алоҳида эътибор қаратишмоқда.

“Жиззах ҳақиқати”нинг

 “Қишлоқ ҳаёти” бўлими.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *