ЁШЛАР МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА

Ўтган йилнинг декабрь ойида yoshlarforumi.uz платформаси орқали ёшларнинг ҳуқуқлари ва глобал муаммолар йўналишларида жами 3598 та таклиф ва ташаббус қабул қилиниб, 1 777 та таклиф маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш бўйича республика комиссияси томонидан саралаб олинди. Жиззах вилоятидан эса 269 та таклиф келиб тушган.

Воҳамизда ёшлар томонидан билдирилган муаммо ва таклифларни ўрганиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан режа жадвал тузилиб, шу асосда 20 январдан бошлаб туманларда бу масалаларни ўрганиш учун учрашувлар ташкил этиш бошлаб юборилган. Жиззах шаҳри, Арнасой тумани ва Фориш туманларида ўтказилган йиғинларда мазкур таклифлар юзасидан қизғин муҳокамалар ташкил этилди. Ёшлар ғоялари чуқур таҳлил қилиниб, ҳар бир таклифнинг амалий қиймати ва имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди. Биргина Арнасой ёшлари томонидан кўтарилган масалалар туман ривожланишига бевосита ўз ҳиссасини қўшишига туртки бўла олади.

— “Мутолаа” платформаси барча ёшлар учун манзур бўлди, аммо айрим ҳолларда китоб мутолаа қилишда кўзлар толиқиб қолаяпти, — деди Арнасой туман Иқтисодиёт ва молия бўлими ходимаси Чарос Адиева. —Шу борада бирор қулайлик яратишнинг имкони бўлса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Дарҳақиқат, Мутолаа дастури барча китобхонлар учун ҳақиқий совға бўлди, лекин афсуски, ундан фақатгина мобиль илова орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Баъзида телефон орқали ўқилганда майда ҳарфлар кўзни тиндиради. Мутолаа платформасидан сайт орқали кирганда ҳам, худди мобиль иловадагидек китобларни онлайн ўқиш ва эшитиш функциялари ҳам ишга туширилса, ҳамма ўзи учун қулай гаджетдан фойдаланиб, китоб ўқиш имкони яратилар эди. Бу эса ўз ўрнида китобхонларга қўшимча қулайлик яратиши аниқ.
—Айдар-Арнасой кўллар тизимида туристик хизмат кўрсатиш маданияти етарли даражада шаклланмаган, — деди Арнасой туман Ёшлар ишлари бўлими бош мутахассиси Даврон Бобаев. —Шунга кўра, соҳада ёшларнинг иштирокини, бандлигини таъминлашга эътибор қаратилса, яхши бўларди.

Тадбирда Айдар-Арнасой кўллар тизимида туристик хизмат кўрсатиш маданиятининг етарли даражада шаклланмаганлиги, Арнасой ёшлари орасида бошқа вилоятларда норасмий ишлаш амалиётининг кенг тарқалганлиги билдирилди. Ўз ўрнида мутахассислар томонидан ушбу масала атрофлича муҳокама қилиниб, бир неча ечимлар таклиф этилди. Ташқи ва ички инвесторларни жалб қилган ҳолда “Ёшлар туризм зонаси” лойиҳасини шакллантириш, бу лойиҳаларга соҳада тажрибаси мавжуд йигит-қизларни ишга қабул қилиш, ташаббускор ёш тадбиркорларнинг кичик лойиҳаларини ушбу платформага жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, ишсиз ёшларни қисқа ва ўрта муддатли ўқув курсларида туристик хизмат кўрсатиш соҳасига ўқитиш ҳамда “Ёшлар туризм зонаси”да устувор фаолият олиб боришига эришиш зарурлиги таклиф қилинди. Бу экотуризм соҳасида хизмат қилувчи янги авлодни тарбиялаш ва республикамиз бўйлаб ушбу тажрибани кенг тарғиб қилиш имконини беради. Ёшларнинг ўз туманида бандлиги таъминланиши, туман иқтисодида сезиларли ўсиш кузатилиши айтилди.

Йигит-қизлар томонидан билдирилган бошқа таклифлар ҳам ўринли.
—Чилангарлик фаолияти билан шуғулланаётган ёшлар учун бўш иш ўрни яратиш масаласига тўхталмоқчиман, —деди туман ёшларидан бири Диёр Маманов. — Ҳозирги кунда ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашлари учун турли имкониятлар яратилаётир. Мен чилангарлик билан шуғулланаман, аммо фаолият юритиш учун ижара асосида ишлатилаётган устахонамнинг олиб қўйилганлиги сабабли уни янгидан қуришда кўмак сўрайман.
Ушбу таклифлар асосида Диёр Мамановга субсидия ажратилиши ва иш ўрни яратишга бино билан таъминланиши билдирилди.

Учрашувда шунингдек, туман Ёшлар маркази биносининг 2024 йилда қурилиши якунланганлиги, лекин бино тўлиқ талабларга жавоб бермаслиги, ҳужжатлари ва ички жиҳозлар билан боғлиқ муаммолари ўртага ташланди. Ўғил-қизларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини юқори баҳолаган ҳолда, Ёшлар маркази биноси таъмирланиб, фойдаланиш учун топширилган. Аммо бино ички жиҳозлар билан таъминланмаган. Туман IТ марказ фаолияти тўхтаб қолганлиги боис, ёшларнинг компьютер саводхонлигига бўлган қизиқишларини инобатга олиб Ёшлар маркази биносига кўчириб ўтказиш ва тумандаги бир нечта ўқув марказларини ушбу бинога ўтказиш эҳтиёжи туғилган. Шу сабабли, бинонинг ички қисмини алоҳида хоналарга ажратиш ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш учун маблағ ажратиш зарурияти туғилган.

Тадбирда ана шундай муаммо ва таклифлар атрофлича кўриб чиқилди. Бу каби учрашувлар вилоятимизнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *