Ҳатто байтлар ҳам нотўғри кўчирилган

Алишер Навоийнинг таваллуд кунига бағишланган хатни ишлаш учун материалнинг ҳар бир қаторига назар сола бошладим. Сарлавҳа жудаям таниш. Жумлаларни ҳам аввал ўқигандек бўлдим. Бу табиий ҳол, чунки бир неча йиллардан буён худди шу мавзудаги хатлар билан ишлайман. Одатда кўпчилик мақолалар бир-бирига ўхшаш бўлади. Айниқса, машҳур шахслар ҳақида ёзишганида, доимий айтилган гапларни келтиришдан нарига ўтилмайди. Бош қотириб, янги маълумотлар излаб топиш, китоблар варақлаб, бетакрор, мулоҳазали фикрлар баён этиш анчагина тоқат ва ҳафсалани талаб этади.

Шундай ўйлар билан хатдаги жумлаларни газетада чоп этиш талабига монанд ишлай бошладим. Сўзларни ўз ўрнига қўйиб, хатоларини тўғирлаб, қайта-қайта текширар эканман, кўнглимдаги шубҳадан бироз безовта бўлдим. Газетанинг аввалги сонларига кўз югуртирсаммикан? Бу мақола аввал ҳам чоп этилмаганмикан, дея ўйладим… Яқин кунларда бу мавзу ёритилгани йўқ-ку. Эски йилнинг саҳифаларини битталаб кўришнинг ўзи бўладими? Ахир таниш туюлиши табиий, бундай мақолаларни қанчалаб таҳрир қилганман. Мустақил равишда ҳам Алишер Навоий ва унинг асарлари ҳақида кўплаб ўқиган бўлсам.., деб гўёки исбот, аслида баҳоналар соясига ўтдим.   

Хатолар ҳар бир қаторда бор. Ҳатто байтлар ҳам нотўғри кўчирилган. Муаллифнинг илмий даражасига қараб қўяман. “Филология фанлари номзоди”. Устозларимиздан бири экан. Газетада қайта таҳрир қилинишига ишониб, хатоларга унчалик эътибор бермабдилар чоғи. Нима бўлганда ҳам буюк маърифатпарвар бобомизнинг байтлари, асарларининг номлари тўғри ёзилиши керак. Қолаверса, зиёли устозлар номидан чоп этилаётганда, масъулият янаям чуқурлашади. Шу тариқа икки варақлик мақола 4 соатлик ижодий меҳнатдан сўнг котибиятга топширилди. Бироз енгил тортиб, навбатдаги хатни ишлашга чоғландим… 

Янги кун бошидан таҳририятда кичик йиғилиш ўтказилиб, газетанинг янги саҳифаларида чоп этиладиган мақолалар орасида Алишер Навоий ижодига бағишланган ушбу мақола ҳам режалаштирилганлиги айтилди. Шу онда ичимдаги ғашлик “нега мени эшитмасликка оляпсан, ўзингни алдашга уриняпсан…”, дея томоғимга қадар тиқилгандек бўлди. Йиғилиш тугагач, хонамдаги бир йил аввал чоп этилган газеталар тахламини бирма-бир варақлай бошладим. Диққат билан маънавий-маърифий мавзудаги мақолаларга кўз югуртирдим. Майли, балки бу мақола аввал чоп этилмагандир, барибир текшириб чиқишим керак. Тополмасам ҳам, икки соат вақтим кетса ҳам, ҳеч йўқса кўнглим хотиржам бўлади-ку. Ўтган йил бошидан нашр этилган газеталарнинг ҳар бир сонини варақлайвердим. Январь, февраль, март, апрель… Энди қолган ойларда чоп этилган газеталарда йўқдир. Бу ёғи таълим таътили. Одатда ёз ойларида ўқитувчиларнинг газетага мақола бериши кескин камайиб қолади, дея ўйлаяпману, ичимдаги овоз ҳамон жим бўлмаяпти-да. Майли шунчасини кўрдим, охиригача кўз югуртирақолай, деб саҳифаларга назар солишни давом этдим…

Ниҳоят бир саҳифада тўхталдим. Буюк Алишер Навоийнинг сурати остидаги сарлавҳа ва жумлаларни ўқий бошладим… Ҳа, мана ўша сатрлар! Ҳар бир қатори яна чоп этилиш арафасидаги мақола каби. Уни тайёрлашга кетган меҳнатим зоя кетган бўлса-да, газетада такрор чоп этилиши мумкин бўлган мақолани тўхтатишга улгурганимдан қувондим.

Шу ўринда бундай мавзудаги мақолалар ҳар қанча такрор ўқилса ҳам фойдадан ҳоли эмас, дейиш мумкин. Бироқ, биламизки, сўз мулкининг султони бўлган буюк бобомиз ҳақида тор маънода, бир тарафлама фикрланиб ёзилган мақолани икки-уч бор нашр этишдан кўра, Алишер Навоийнинг ҳали кўпчилик билмаган асарларини тарғиб этишлик афзалроқдир. Бу афзалликни олим ўқитувчилар бошқа соҳа вакилларидан яхшироқ билишади. Зотан улар ҳар бир сўзнинг ҳурмати, унинг миллат тили луғатига киритилиш тарихи, оғзаки ва ёзма нутқ маданияти каби билимлар соҳиби сифатида илмий даражага эришган. Шу боисдан зиёлилар таҳририятдаги таҳрир машаққатини бошқа муштарийларга нисбатан теранроқ англагувчи бўлишлари ярашиқлидир.           

Таъкидлаш жоизки, таҳририят учун унинг газетасини ўқиб борувчи муштарийлари жудаям қадрли. Айниқса, чоп этилган мақолаларга муносабат билдириб, ижодкорнинг меҳнат ва маҳоратини тушунувчилар юксак ҳурматга лойиқ. Лекин негадир шундай азизланишга муносиб муштарийлар бармоқ билан санарли. Аксарият ўқитувчилар ўзларининг муаллифлик мақолаларини чоп эттириш учунгина газетани ёдга олишади. “Мақоламни қисқартириб юборибсизлар”, деб норизо бўлишади. Бир хил маънодаги гапларни икки-учта жумлаларда қайта ёзганлигига, сўзлар ўз ўрнида қўлланмаганлигига эътибор қаратишмайди. Баъзан эса, таҳририятга ўз ижод намуналарини ташлаб кетишадию, газета ўқимасликлари боис чоп этилган исм шарифларидан ҳам бехабар бўлишади. Натижада бир-икки йил ўтиб бўлсада, яна ўша хатни таҳририятга қайта йўллашади…    

     Гулчеҳра ХИДИРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *