Жорий йилда Пахтакор туманида инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали 12475 та янги иш ўрни ташкил этилиши белгиланган.
Жорий йилнинг биринчи ярмида 6852 та иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган бўлса, амалда 10532 нафар фуқаро ишли бўлди. Топшириқ 153 фоизга бажарилди. Туман бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Адҳам ОЛТИЕВнинг сўзларига кўра, 774 нафар пахтакорлик иш билан таъминланган. Бу борада 6 та меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, унда 499 нафар ишсиз фуқаро, жумладан, 243 нафар аёл ва 148 нафар ёшлар иштирок этди. Айтганча, уларда 379 та бўш иш ўрни билан 109 та корхона иштирок этди. Натижада 340 киши доимий иш ўринларига жойлаштирилди. Тадбиркорлик фаолиятидан манфаатдор бўлганлар учун бўш ер участкалари ва фойдаланилмаётган иншоотлар ҳақида маълумот олиш учун ахборот бурчаклари ташкил этилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш режасини ортиқча бажариш қурилиш, транспорт, коммунал хизмат кўрсатиш, маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги, касаначилик ва тадбиркорлик каби соҳаларда қўшимча иш ўринлари яратилиши туфайли амалга оширилди.
2025 йилда Сайхунобод тажрибаси асосида 15 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 600 та микролойиҳа амалга оширилмоқда.Унда 1200 та янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда 370 та микролойиҳа ишга туширилиб, 745 киши ишли бўлди.
Туманда камбағалликка қарши курашиш устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Статистик маълумотларига кўра, 2024 йилда туманда 2438 та кам таъминланган оила бўлиб, камбағаллик даражаси 13,5 фоизни ташкил этган. Йил бошидан буён камбағалликдан 488 оила (3470 киши) чиқарилди. Натижада бу кўрсаткич 12,9 фоизгача камайтирилди. «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида энг муҳтож 503 оилага туман ташкилот ва муассасалари вакиллари бириктирилди. Жорий йил охирига қадар 930 оилани (4258 киши) камбағаллик чегарасидан чиқариш режалаштирилган бўлиб, улардан 752 таси доимий иш ўринларига жойлаштирилади.
2025 йилнинг январ-июнь ойларида 776 та кам таъминланган оиланинг 3372 нафар аъзоси 1337 та турли хизматлар, жумладан, имтиёзли кредитлар (43 киши), тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш (235 киши) ва касбга ўқитиш (606 киши) хизматларидан баҳраманд бўлади.
Ташқи меҳнат миграцияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2025 йилнинг январ-июнь ойларида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижий иш берувчилар билан ҳамкорликда 45 танлов ўтказди. Унда 115 нафар ишсиз ватандошимиз иштирок этди, улардан 47 нафари келгусида ишга жойлашиш учун танлаб олинди.
Туманда кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари, ижтимоий ташаббуслар фаол амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик, фермерлик ва савдо фаолияти билан шуғулланувчилар сони кўпаймоқда. Буларнинг барчаси жорий йилда камбағалликни қисқартиришда, аҳоли бандлиги масалаларини ҳал этиш учун янги имкониятлар очилишига ишонч уйғотади.
Илҳом ШОДМОНОВ.