Глобаллашув даврда мафкуралар курашининг авж олгани, унда инсоннинг онги ва қалби мўлжалга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазиятда маънавият ва маърифат институтлари томонидан тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Маънавият ва маърифат сўзларининг биргаликда айтилиши инсонийлик фазилатлари илм билан уйғунликда эканлигини ифолайди. Мазкур мавзунинг тарғиботи — маълум бир ҳудуд халқларига ёки гуруҳда жамланган одамлар онгига маънавий тушунча ва тамойилларни сингдиришга қаратилган тизимли, мақсадли жараёндир. Шунингдек, кишиларни турли тажовузлардан огоҳликка чақириш, мавжуд таҳдидларнинг моҳияти тўғрисидаги тушунчаларини шакллантириш, уларни юксак маънавий ғоялар йўлида бирлаштиришга қаратилган назарий, амалий ҳаракатлардир.
“Тарғибот” атамасининг ўзагини “рағбат” сўзи ташкил этади. “Ташвиқот” тушунчасининг ўзаги эса “шавқ” сўзидан олинган бўлиб, у кишида бирор нарсага шавқ, ишонч туйғуларини уйғотишга йўналтирилган. Демак, тарғибот-ташвиқотдан кўзланган мақсад — аҳолининг бирон-бир йўналишга қаратилган қизиқишини, ишончни оширишга ва уларни рағбатлантиришга, шахсий ривожланишига ундашдир. Маъруза ўқиш, назарий билим бериш ёки қайсидир расмий ҳужжатларни жорий қилган билан кучли тарғиботсиз жамиятда ўткир тафаккур, холис ёндашувларни шакллантириб бўлмайди.
Тарихга назар солганимизда маърифатпарвар, тараққийпарвар, янгиликни жорий этишга интилувчиларни қамраб олган жадидларнинг дастлабки ҳаракатлари ХIХ асрнинг саксонинчи йилларида бошланганлигини биламиз. Бу ҳодисаларга Қримда Исмоилбек Гаспирский асосчи ҳисобланса, Ўрта Осиёда дастлаб Маҳмудхўжа Беҳбудий етакчилик қилганлигини кўп ўқиганмиз. Улар Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш ғояларини илгари суриб, қуйидаги вазифаларни белгилашган:
- Янги усулдаги мактаблар очиш.
- Қобилиятли ёшларни чет элда ўқитиб, билим-тажрибаларини ошириш ва уларни ўз жамиятимизга хизмат қилдириш.
- Маърифий жамиятлар фаолиятини қонунийлаштириш, маданий тараққиётни ривожлантириш мақсадида театр труппаларини очиш ва улардан тарғибот воситаси сифатида фойдаланиш.
- Газета ва журналлар чоп этиш орқали аҳолининг хабардорлик ва илм даражасини ошириш.
- Бухоро, Хивада конституциявий монархия ҳамда Парламент тузиш, кейинчалик демократик республика тузиш учун унинг асосларини яратиш.
Ўша даврда янги мактаблар очишга, ғарбона кийинишга маҳаллий муллалар мутлақо қарши чиқишган. Бундай ҳолатда мафкурага қарши мафкура, асослар ва фактлар билан қуролланиш энг зарур чора. Жадидлар ҳам янгиликка қарши бўлган муллалар ва уларнинг тарафдорларига айнан улар рўкач қилган динимиздан асос олганлар. Уларга қарши пайғамбаримизнинг илмни Чинга бориб бўлса ҳам ўрганинг, деган ҳадис-шарифларидан фойдаланишган.
Тарғиботнинг икки анъанавий йўли мавжуд. Биринчиси – инсоний фазилатларни улуғлаш, шу соҳада ютуққа эришганларни ибрат қилиб кўрсатиш. Иккинчиси, иллатларни қоралаш, улардан халос бўлишга чақириш, бу борадаги ҳалокатли натижаларни мисол қилиш.
Умуман олганда, маънавий-маърифий тарғиботни амалга оширишда қуйидаги воситалардан фойдаланилади:
- Мавжуд таълим тизими. Чунки бу тизим орқали қамровни кенг олиш имконияти мавжуд. Таълим усуллари ҳам тарғиботга хизмат қилдирилади.
- Оммавий ахборот воситалари. Маълумки, ХХ-асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ахборот жамиятни мафкура билан қуроллантиришда, дунёқарашни шакллантиришда, тасаввур ва билимларни тўлдиришда етакчи унсурга айланди. Бугунга келиб ахборот алмашинуви ва тарқатилиши шу қадар тезликка эгаки, гўё улар онгнинг бўш жойини биринчи бўлиб эгаллашга мусобақалашаётгандек.
- Бадиий адабиёт ва санъат. Инсон туйғуларига таъсир кўрсатиш орқали тарғиботни амалга ошириш. Адабий асар, фильмлар, қўшиқлар, ижтимоий роликларга сингдирилган ғоя, ҳаракатлар, кийиниш услубларида ҳам акс этиш орқали мухлис, томошабин ёки ўқувчини ортидан етаклаш қудратига эга. Шу ўринда Чўлпоннинг адабиёт ҳақида айтган фикрларини эслаб ўтиш жойиздир. “Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат (турмуш) йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёти ўлмағон (бўлмаган) ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур”.
Шаҳло АҲРОРОВА,
фалсафа фанлари доктори (PhD),
Республика Маънавият ва маърифат
маркази қошидаги Ижтимоий-маънавий
тадқиқотлар институти катта илмий ходими.