Бугун Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жиззах академик лицейида соҳа ходимларининг осойишталикни таъминлашга қаратилган фаолияти, хусусан, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижросига оид матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Даставвал сўзга чиққан бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Президентимизнинг маҳаллаларда жиноятларнинг барвақт олдини олишга доир топшириқлари асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хусусан, бошқарма бошлиғи ўз чиқишида фуқаробай ва хонадонбай ўрганиш ишлари орқали аҳоли муаммоларига ечим топиш, содир этилган жиноятларни омма иштирокида муҳокама қилиш, маҳалла еттилигининг қонунбузарликлар профилактикаси борасидаги масъулиятини ошириш ҳақида гапирди.

Анжуманда ушбу қарор асосида қилинаётган ва бажарилиши керак бўлган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Хабар қилинишича, вилоятнинг 309 та маҳалласидаги криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятларнинг олдини олиш бўйича йўл харитаси тайёрланган ва унда белгиланган вазифаларнинг ижро этилишини назорат қилиш мақсадида идоралараро мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳлар тузилган.
Ўз навбатида криминоген вазияти оғир бўлган 63 та маҳалланинг ҳар бирига ҳокимлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан масъуллар бириктирилган. Воҳа бўйича 312 та намунавий хавфсиз кўча ва йўлакларни ташкил қилишга қаратилган тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар вилоятдаги маҳаллаларга 6440 та кузатув камераларини ўрнатиш режалаштирилган. Булардан кўзланган асосий мақсад кўчаларда фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишларини таъминлашдан иборат.

Йиғилишда вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Бахтиёр Иброҳимов сўзга чиқиб, Юртбошимиз қарори ижросини таъминлаш, вилоятимиздаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада яхшилаш тўғрисида гапирди.
Шунингдек, тадбирда вилоят ИИБ ТҚХ киберхавфсизлик маркази бошлиғи, капитан Қосим Болтабоев интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ кибержиноятлар ва уларнинг олдини олиш, фуқаролар орасида кибергигиенани шакллантириш лозимлиги хусусида фикр билдирди.

Тадбир якунида қатнашчиларнинг барча саволларига батафсил жавоб берилди. Шунингдек, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан ички ишлар идоралари фаолиятини ёритишда фаол журналист хотин-қизлар вилоят ИИБ бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Юсуф САЙДАЛИЕВ.