КОРРУПЦИЯ – КЕЛАЖАККА ТАҲДИД

2025 йил 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда қайд этилганидек, Очиқлик бўйича халқаро рейтинглардаги мамлакатимизнинг ўрни 138 поғонага яхшиланиб, Марказий Осиёда биринчи, дунёда 30-ўринга кўтарилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни эътиборсиз қолдираётгани қайд этилди.

Юртимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023–2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури тасдиқланиб, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 35 тадан 40 тага кенгайтирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 2023 йилда коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар  сони 2022 йилга нисбатан 12 фоизга, жиноятлар сони эса 11 фоизга камайди. Шу билан бирга, коррупцияга оид жиноятлар оқибатида етказилган зарар миқдори ҳам ўтган йилга нисбатан 608 млрд сўмга ёки 29 фоизга камайган. Маълумот учун: коррупцияга оид жиноятлар оқибатида, давлат манфаатларига жами 1,4 трлн (2022 йилда 2,04 трлн) сўм миқдорида зарар етказилган бўлиб, уларни тўлиқ қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси ҳисобланади. Бу борада халқаро рейтингларда мамлакатимиз ўрни яхшилангани, соҳага оид 10 га яқин, шу жумладан, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, 2024 йил 6 декабрдан кучга кирганлигини қайд этиш лозим. Ҳозирда 117 та вазирлик ва идораларда ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар чоракда камида бир марта халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ички назорат тузилмалари ходимлари учун малака ошириш тизими йўлга қўйилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари функция ва вазифаларидаги коррупциявий хавф-хатарлар даражаси баҳоланиб, Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилди. Хусусан, 92  та вазирлик ва идораларнинг 7525 та функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарлар даражаси баҳоланиб, уларнинг 495 таси “юқори”, 1541 таси “ўрта” ва 5489 таси “паст” тоифаларга ажратилди. Шунингдек, “Э-антикор” платформасида давлат ташкилотларининг Коррупциявий хавф-хатарлар харитаси, Коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича дастурлари ва Коррупция хавф-хатари юқори бўлган лавозимлар рўйхати шакллантирилди.

Кўрилаётган чоралар натижасида Ўзбекистоннинг бу борадаги халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланди. Жумладан, “Тransparency International” коррупцияни қабул қилиш индексида  5 поғона, “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилоти Ҳуқуқ устуворлиги индексининг “коррупциянинг мавжуд эмаслиги индикаторида 2 поғона, Жаҳон Бошқарув сифати индикаторларининг “коррупцияни тийиб туриш” индикаторида  15 поғона, “Тrase matrix” порахўрлик матрицасида  1 поғона, Ҳукумат очиқлиги бўйича “Оpen data inventory” рейтингида 15 поғона кўтарилишига эришилди.

Коррупциянинг олдини олиш, омиллари билан ишлаш учун 117 та вазирлик ва идорадаги “коррупцияга қарши ички назорат” тузилмаларида      1285 нафар ходим ишламоқда. Лекин коррупциявий омилларни бартараф этишда уларнинг ўрни ҳам, масъулияти ҳам сезилмаётгани Президент раҳбарлигидаги кенгайтирилган йиғилишда қайд этилди.  

Ҳар йили бизнес муҳитини яхшилаш, инвестиция жалб қилиш, янги иш ўринлари яратишда бюрократия ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича ўнлаб қарорлар қабул қилинмоқда. Масалан, 6,5 минг турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш ва олиб киришда тадбиркорларга мувофиқликни баҳолаш мажбурияти юкланган. Шундан 3700 турдаги товар бўйича ҳар бир партияга алоҳида сертификат олиш шарт. Шундай рўйхатлар санитария, карантин, ветеринария идораларида ҳам бор. Божхона эса бу рўйхатларнинг ҳаммаси билан ишлайди.Тадбиркорларни қийнаб, коррупцияга омил бўлаётган бундай рўйхатларни қисқартириш бўйича бу идораларнинг комплаенс назорат ходимлари ҳеч қандай таклиф бермаган. Коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилаётгани қайд этилди. Масалан, инфратузилмага уланиш, лицензия олиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда коррупция омиллари кўп.

Терговчи, прокурор ва судьялар қўлидаги иш бўйича идораларга тақдимнома ва хусусий ажрим киритишдан нарига ўтмаётгани, уларнинг муҳокамаси ҳам, жавоби ҳам қуруқ расмиятчилик экани кўрсатиб ўтилди.Вилоят ҳокимлари раҳбар бўлган коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг иши ҳам жуда сустлиги, фаолияти туман, маҳалла билан боғланмагани учун натижа йўқлиги қайд этилди. Парламент масъул қўмиталарининг ҳам ўрни сезилмаётгани айтилди. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркибини тўлиқ янгилаш, уларга раис этиб вилоят халқ депутатлари кенгаши раисларини тайинлаш таклиф этилди. Ҳудудий кенгашлар инсонгача тушиб, коррупциявий омилларни аниқлаши, уларга барҳам бериш учун қайси қонунни ўзгартириш зарур, деган саволларга жавоб топиши кераклиги таъкидланди. Кенгашлар ҳар чоракда камида битта соҳада коррупциявий омилларни бартараф этиш, қонун устуворлиги, жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритади.

Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Коррупцияга қарши курашда барчамиз ягона куч бўлиб ҳаракат қилсак, албатта, янада катта ижобий самарага эришамиз. Шу боис маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат ва маданият ходимлари, тадбиркорлар, таниқли шахслар, раҳбарлар, депутат ва сенаторлар – умуман бутун жамоатчилик бирлашиб, коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараши керак.

         Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатнинг яқин ва ўрта истиқболдаги асосий йўналишини белгилаб берувчи Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030-йилгача мўлжалланган Миллий стратегиясини қабул қилиш, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар кўламини янада кенгайтириш кабилар шулар жумласидан. Шунингдек, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, жамиятда коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришда қонун устуворлигини таъминлаш,  фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар, маҳалла институти имкониятларидан кўпроқ фойдаланиш лозимлигини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Жамила БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *