МЕҲРЛИ МАНЗИЛЛАРДА

Ўтган ҳафта Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси томонидан манзилли пресс-тур ва 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Кун давомида журналистлар соҳада амалга оширилаётган ишлар, тизимдаги янгиликлар ва истиқболдаги режалар билан яқиндан танишишди.

Дастлабки манзил Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бўлиб, 7/24 режимда фаолият олиб бораётган мазкур манзил вилоят Ички ишлар бошқармаси қошидаги ёпиқ марказ ҳисобланади. Бу ерда болаларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, психологик қўллаб-қувватлаш каби ёрдамлар кўрсатилади. Бино бир қаватли, бироз эски бўлишига қарамай илиқ ҳароратли, узун коридор бўйлаб дарс хонаси, тиббий муолажа, ошхона, ювиниш хонаси, қизлар ва болалар учун алоҳида ётоқхоналар мавжуд. Ҳовли томонда спорт майдончаси жойлашган.

– Марказга қаровсиз ва назоратсиз юрган болалар олиб келинади ва 48 соат мобайнида ота-оналарига топширилади. Вояга етмаган болаларга уч кунгача васий ёки ҳомий тайинланмаса; яқин қариндошлари билан алоқаси узиладиган бўлса, суд қарорига биноан бир ойгача шу ерда сақланиши мумкин. Бу вақт мобайнида васийлик ҳомийлик органи томонидан яқин қариндошлари ёки ота-онаси билан муносабатларини тиклаш масалалари  кўриб чиқилади. Жараёндан сўнг болаларни тегишли тартибда жойлаштириш масалалари кўрилади. Жорий йилдан вояга етмаганлар масалалари бўйича комиссияларнинг асосий ишчи органи сифатида ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги белгиланди. Катта ваколат саналадиган мазкур вазифада агентлик бевосита вояга етмаганлар ва тарбияси оғир болалар билан шуғулланаётгани учун васийлик-ҳомийлик органлари орқали қарорларни ўзлари қабул қилишаяпти. Марказда 8 нафар ички ишлар ходими, психолог, ҳамшира ва бошқа ходимлар фаолият юритишади. Болаларнинг таълим олиш жараёнларидан ортда қолмасликлари учун ўқитувчилар келиб дарс беришади. Ҳозирда 4 нафар бола шу ерда таълим олиш билан машғул, – дея маълумот берди марказ бошлиғи, подполковник Азамат Ўринбоев.

Келгусида уч қаватли янги бино қурилиши, шу ернинг ўзида турли касбларга йўналтириш, таълим билан қамраб олиш мақсадида бошқа болалар қатори мактабларга бориб билим олиш, болани тарбиявий томондан тартибга солиш учун уч кундан бир ойгача эмас, балки олти ойгача марказда ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилаётгани ҳақида маълумотларга ҳам эга бўлдик.

Иккинчи манзил 32-сонли Махсус мактаб интернатида ташкил этилган Ғамхўрлик гуруҳи бўлди. ИХМА вилояти бошқармаси раҳбари Наргиза Мавлоновага кўра, таълимга жалб қилинмаган, яъни ташхиси оғир даражада имконияти чекланган болаларнинг жамиятга қўшилиши учун мазкур муассасада 2024 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ғамхўрлик гуруҳи ташкил этилган. Бу билан боланинг қаровчисига ярим кун бўлса ҳам ўзи учун вақт ажрата олиш имконияти яратилган. Мақсад Натижада имконияти чекланган болаларни бир муассасага жамлаб ўтиришдан йироқ ҳолда жамиятга тўлақонли мослашиши, соғлом одамлар қаторида ўзини эркин ҳис қилишини таъминлаш.  

Мактабга киришданоқ файзли манзарага кўзимиз тушди. Болажонлар томонидан қўл меҳнати орқали ясалган ҳунармандчилик буюмларию расмлардан иборат кўргазма йўлакни безаб турибди. Мактабда ташкил этилган “Ғамхўрлик гуруҳи” хонасида болажонлар учун массаж столи, дам олишлари учун бир нечта диван, ўйин майдончаси, турли ўйинчоқлардан тортиб дарс столларигача мужассамлаштирилган. Болаларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида парваришлаш ишлари олиб борилмоқда.

– 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 8 нафар бола рўйхатга олинган бўлиб, айни вақтда 6 нафарига 4, 6 соат мобайнида ғамхўрлик хонасида ёрдам кўрсатилмоқда,- дейди мактаб директори Нодир Инатов.

-8 ёшдаги фарзандимни ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб шу ерга олиб келаман. Олдин ёзишни, ўқишни билмасди. Ҳозир боламнинг хат саводи чиқиб, китоб ўқишни ҳам бошлади, фикрлаши ҳам ижобий томонга ўзгарди. Ўзим учун ҳам вақт ажрата олаяпман. Шундай имкониятлар учун давлатимизга миннатдорлигимни билдираман, – дейди Хуршида Ғуломова. 

Учинчи манзил Жиззах шаҳар Нуронийлар маскани Ёшлар инновацион марказининг орқа томонида қад ростлаган, 2024 йилнинг июнь ойида фойдаланишга топширилган янги бинода ўқув зали, кутубхона, соғломлаштириш хоналари каби барча шароитлар мавжуд. Ичкарига кирганимизда бувижонлар тўқиш билан машғул эдилар.  

-Масканда кексалар учун соғломлаштириш, маънавий-маърифий машғулотлар, психологик тренинглари ташкиллаштирилган. Кексаларни ёлғизлик кайфиятидан чиқариш, фаол ҳаётга мослаштириш учун китобхонлик, тўқиш, шахмат, шашка ва бошқа машғулотларни йўлга қўйганмиз. Хамроҳлик хизмати ҳам мавжуд бўлиб, ёлғиз яшовчи кексалардан хабар олинади, шу ерга олиб келинади машғулотлардан сўнг яна уйларига элтиб қўйилади, – дея маскан фаолияти ҳақида маълумот берди Жиззах шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг катта ёшдагилар ва оғир вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Шаҳноза Абдиева.

Тўртинчи манзилда Дўстлик туман спорт мактабида ташкил этилган адаптив спорт тўгараклари фаолияти билан танишилди. Қизғин машқ олиб бораётган болажонлар қаторида ногиронлик аравачасида пара стол тенниси билан бемалол шуғулланаётган болакайнинг кўзларида порлаётган умид учқунларидан кўнглимиз тоғдек кўтарилди.  

-Мактабда пара стол тенниси, пара дзюдо ва пара сузиш каби тўгараклар бор. Қизиқишларига қараб спорт тўгаракларининг турларини кўпайтириб бораяпмиз. Ҳозирда пара каратэга ҳам қизиқиш билдирилаяпти. Ижтимоий ходимларнинг бириктирилгани қийинчиликларни анча камайтирди. Улар томонидан имконияти чекланган кщплаб болалар мактабимизга жалб қилинаяпти. Мактаб ёнида енгил конструкцияли бинолар қурилиб, қўшимча спорт тўгаракларини йўлга қўйиш учун шароит ҳозирланяпти. У ерда велошоссе ҳам бунёд этилади. Мақсадимиз имконияти чекланган болаларга ҳам чемпион бўлиш имконини бериш, – дейди суҳбатдошимиз пара стол тенниси тренери Сардор Абдуғаниев.

-2024 йилнинг сентябрь ойида шу ерга келиб пара стол тенниси билан шуғуллланишни бошладим. Қисқа вақт мобайнида машғулотлардан сўнг Ўзбекистон чемпионатида фахрли учинчи ўринни олдим. Бу йил биринчи ўринни олишга ҳаракат қиламан. Пара сузиш билан ҳам шуғулланмоқчиман, – деди тўгарак аъзоси, 8-синф ўқувчиси Нилуфар Раҳимова.

Тадбир давомида Дўстлик тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида тажриба сифатида қўшимча хизматга йўналтирилган ижтимоий лойиҳа билан танишилди. Унда ногиронлиги бўлган болалар ва катталарнинг қаровчиларига парваришлаш кўникмалари, массаж курсларини бажариш амалиёти ўргатилмоқда.

Куннинг иккинчи қисмида бу ерда Наргиза Мавлонова бошчилигида 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг қамрови йил сайин кенгайиб бормоқда. Пресс тур иштирокчилари кун давомида сохавий янгилик ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлишди.   

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *