“ИБРАТ ФАРЗАНДЛАРИ” ЖИЗЗАХДА ИШ БОШЛАДИ

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион маркази биносида 400 ўринга мўлжалланган “Ибрат фарзандлари” ўқув маркази фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Отабек Мусурмонов ҳамда ўқув марказининг лойиҳа асосчиси Рустам Қориевлар томонидан рамзий  алвон тасма қирқилиб, тадбир иштирокчилари марказда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Маросимдан сўнг  “Ибрат фарзандлари” жамоаси раҳбарлари ва устозлари билан ёшларнинг очиқ мулоқоти ташкил этилди. Иштирокчилар ҳар бир спикернинг фаолият йўналиши ва ютуқлари юзасидан ўзларининг қизиқтириган саволларга жавоб олдилар.

Шундан сўнг устозлар томонидан мастер класслар ўтказилди, топ-100 университетларига кириш сирлари, Европа ва Осиё мамлакатларида ўқиш имкониятлари мавзуларида семинар-тренинг ташкил этилди.

Жиззахда Ёшлар кунига бағишланган байрам дастури турли тадбирларга уланиб кетди. Жумладан, “Edu-action” маркази раҳбари Умиджон Ишмуҳаммедов, “Тил билган эл билади” шиори остида Германия, Испания, Туркия ва Корея каби давлатларда хорижлик ёшлар учун имкониятлар ҳақида маҳорат дарсининг спикери ҳамда блогер Ўлмас Темур билан ташкил этилган учрашув ва суҳбатлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.

Куннинг иккинчи ярмида “Ибрат тиллар марафони” ва Ёшлар кунига бағишланган гала-концерт бўлиб ўтди. Шу куни ўн минг нафардан ортиқ жиззахлик ёшлар ўзбек эстрадаси юлдузлари Шаҳло Аҳмедова ва Конста ижросидаги қўшиқлардан баҳраманд бўлишди. Байрам оқшомини мушаклар шоуси якунлаб берди.

Зоир КАЛОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *