БУРХОНОВЛАР ОИЛАСИ ФОРИШДА БОҒ ЯРАТИШДИ

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган нақл бор. Дарҳақиқат, авваллари ҳар бир хонадонда фарзанд туғилса ёки невара-эвараларга атаб ота-боболаримиз эсдалик сифатида дов-дарахтлар экишган. Вақтлар ўтиб оила аъзолари “Отам ёки бобом эккан!»”деб дарахтларни асраб-авайлаб, кези келганда, дўппида сув келтириб суғоришган. Афсуски, бу эзгу анъана сўнгги пайтларда йўқолиб бормоқда.

Не бахтки, ушбу анъананинг йўқолиб кетишига йўл қўймаётган яхши инсонлар бугунги кунда орамизда бор. Бундай инсонлар ўзларининг олийжаноблиги ва саховатпешалиги билан юртимиз кўркига кўрк бағишлаб яшил боғлар ташкил этмоқда. Улардан бири форишлик Мамадамин Бурхоновдир.

Асли Фориш туманининг Баланд Осмон қишлоғида туғилиб ўсган Мамадамин ота турмуш ўртоғи билан 5 ўғил ва 2 қизни тарбиялаб вояга етказди. Бугунги кунда Жиззах шаҳрида истиқомат қилаётган қаҳрамонимиз яхши бир ташаббусга қўл урди. У фарзанд ва набираларини ёнига олиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссасини қўшишга киришди.

Фориш туманининг Қоратош ва Ана-муна қишлоқлари орасида дарахт экиш учун мақбул ер танлаб олинди. Бу ерга Бурхоновлар оиласи томонидан жами 400 дона кўчатлар келтирилди. Мамадамин отанинг дуолари билан бошланган эзгу иш давомида 230 туп ғужум-қайрағоч, 120 туп тут ҳамда яна 50 туп турли бута ва дарахт кўчатлари экилди.

Айни кунда дарахт кўчатларига томчилатиб сугориш тизимини ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *