Бир неча йил муқаддам олий таълим коррупциядан ҳоли соҳа, деб эълон қилинганида кўпчиликнинг истеҳзоли кулиб қўйгани бор гап эди. Орадан ўтган беш йил кўзланган натижани келтирдими, йўқми, буни талабалардан ёки фарзанди талаба ота-оналардан сўраган маъқулроқ. Чунки бугун бир кун тугул, битта дарс қолдириш, амалиётга бормаслик, “сессия”дан ўтолмаслик талаба учун чинакам муаммо. Боиси илгаригидай ҳаммаси “енг ичида” ҳал бўлмайди. Дипломни қўлга олиш эса қаҳрамонликка тенг.

Жиззах давлат педагогика университети мисолида кўрадиган бўлсак, бугун университетда 35 турдаги ҳужжатларни инсон омилисиз олиш мумкин бўлган электрон ҳужжат айланиш жорий этилган. Бу талаба ва педагогларга ортиқча бюрократик тўсиқларсиз хизмат кўрсатиш тизимини тубдан яхшилади. 2024 йил бошида ишчи гуруҳ тузилиб, профессор-ўқитувчилар, ўқув ёрдамчи ва хўжалик ходимларининг зиммасига юкланган 950 га яқин вазифанинг коррупцион хатарга мойиллик даражаси баҳоланиб, университетнинг коррупцион хавф-хатар харитаси ишлаб чиқилди. Харитага 16 та функция ва вазифа, 12 та мансаб ва бўлим киритилди. Масъул ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб борилмоқда. 107 та ҳолатда ўқитувчи ва ходимларнинг яқин қариндошлари деканат, бўлим ва кафедраларда ишлаши аниқланган. Аудиториялар ва бинонинг турли қисмларида 1010 та овозли камера ўрнатилган бўлиб, бу нафақат коррупциоген вазиятларнинг олдини олиш, балки дарс жараёнида ўқитувчининг мавзудан ташқари гапирмаслиги, талаба сонини яшириш ҳолатларини ҳам назорат қилиш имконини беради. Шу сабаб бошқа олийгоҳларга солиштирганда, мунтазам дарс қолдирувчи талабалар сони юқори бўлиб, бу тизимнинг ҳақиқатда шаффоф ишлаётганидан дарак. Ўтган ўқув йили якунида 92 нафар талаба давлат битирув имтиҳонларидан ўтолмаганлиги, бетоблик сабаб дарс қолдирганда тиббий маълумотноманинг онлайн шакли қабул қилиниши ҳам “Дарс – муқаддас” тамойилининг қатъий амалда эканини кўрсатади.

Бу маълумотлар ЖДПУда коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизимини бошқариш бўлими фаолияти таҳлилига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди. Унда ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор С.Назарқосимов, комплаенс назорат бўлими бошлиғи А. Умирзоков, бўлим мутахассиси Д.Босимов ва тарих факультети декани Ф.Ахчаев журналистларга маълумот бердилар. Таъкидландики, коррупция турларига қарши қатъий кураш, рақамлаштириш ва тарғибот натижасида фаолият шаффоф ҳолга келди. Аммо ҳамон академик коррупция элементларининг мавжудлиги, хусусан, плагиат, маълумотларни сохталаштириш каби иллатлар учрамоқда. 2024 йилда 5 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 2 нафарига ҳайфсан берилиб, 3 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. Олий таълим даргоҳида коррупциянинг ҳар қандай шакл ва кўринишини бартараф этиш бўйича ишлар қатъий давом эттирилади.
Савол-жавоблардан сўнг иштирокчилар республикада биринчилардан бўлиб ЖДПУда ташкил этилган Регистратор офисида бўлдилар. Бу замонавий тузилма университет бош биносида жойлашган бўлиб, талабалик гувоҳномаси, ўқув варақаси, ўқиш жойидан маълумотнома, академик маълумотнома, дарс жадвали, давомат ва ўзлаштиришга оид маълумотлар, тўлов-контракт шартномалари, талабалар турар жойларига ариза бериш ҳамда айланма варақаларни бериш каби 35 турдаги ҳужжатни рақамлаштирган тарзда мурожаатчиларга етказади. 26 нафар малакали ходимдан иборат офис жамоаси ўқитувчилар ва талабаларга маиший коррупцияга ўрин қолдирмайдиган бу амалиётларни кўрсатиб келмоқда. Хизматлардан фойдаланиш бепул ҳамда онлайн эканлиги университет жамоасига жуда қулай. Иштирокчилар “Карьера маркази” орқали ўқиётган ва битирган талабаларни ишга жойлаш амалиётлари билан ҳам танишишди.
Коррупциясиз таълим – бу иллатга тоқатсиз ва муросасиз авлодни тарбиялашда катта аҳамиятга эга. Матбуот анжуманининг очиқ ва керакли маълумотларга бой бўлгани ҳам университетда мазкур соҳадаги ишларга кўзгу бўла олади.
Муқаддас САПАРОВА.