ЯНГИ МАРРАЛАР САРИ ОЛҒА, ИНТИЗОР!

Интизор Арипова 2008-йил Жиззах шаҳрида туғилган. Кичик ёшидан бадиий гимнастикага меҳр қўйган қизалоқ келажакда спорт маликаси бўлишни орзу қилади. Мактабнинг 1-синфига қадам қўйганда ҳам аъло ўқиши, зийраклиги ва уддабуронлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Шу туфайли 2015 йилда Жиззах шаҳридаги 22-ихтисослаштирилган мактабга ўқишга қабул қилинади. Дарсдан бўш вақтларида ушу спорт турининг санда йўналиши билан шуғуллана бошлайди. Мана 4 йилдирки, у мураббий Дилмурод Турсуновдан ушунинг сир-асрорларини ўрганиб келмоқда.

Интилганга толе ёр, дейдилар. 16 ёшли Интизор Арипова бу спорт билан шуғулланиш давомида кўпгина ютуқларга ҳам эришиб улгурди.  Жумладан, 2022 йил Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган вилоят чемпионатида 1-ўрин, Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринга лойиқ кўрилди. 2023 йилда ҳам шаҳар ва вилоят чемпионатларида юқори марраларни эгаллаб келди. Ўтган йили ҳам бир қатор спорт мусобақаларида фахрли ўринларни забт этиб, устози ва ота-онаси ишончини оқлади. Унинг энг катта ютуғи Марказий Осиё чемпионатида ўрин олиши бўлди.

–Спортсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман,–деди Интизор. – Болалигимдан гимнастикага бўлган меҳрим кейинчалик ушу спорт турига иштиёқимни оширди. Келажакда мақсадим халқаро мусобақаларда иштирок этиб юқори ўринларни эгаллашдир. Энг катта орзуим шу йўналишда мураббийлик фаолияти билан шуғулланмоқчиман. Сабаби Ушу спорт турига қизиқувчи ёшлар вилоятимизда ҳам талайгина. Уларнинг сонини янада ошириш ва шу соҳада катта марраларни забт этиб, вилоятимиз номини дунёга танитишни хоҳлайман.

–Ҳар бир ота-она учун фарзандининг ютуқларини кўриш катта бахт бўлса керак,–дейди Интизорнинг онаси Дилором Арипова. – Интизор ўзига талабчанлиги, меҳнатсевар ва зийраклиги билан оиламизда ажралиб туради. Юртимизда ёшларга берилаётган имкониятлар замирида меҳнат қилиб, ўз келажагини яратаётган ўғил-қизларга ҳавас қиламан. Шу сабабли фарзандларимнинг қизиқишларини ҳамиша қўллаб-қувватлайман. Уларнинг дарсдан бўш вақтларида машғулотларга қатнаши, мусобақаларда иштирок этишида шароитлар яратиб бераман. Унинг салоҳияти камол топишида, ҳамиша ғолиблар қаторида бўлишига кўмаклашаман.

Дарҳақиқат, ҳали ёш спортчининг келажаги олдинда. Унинг қиз бола бўлишига қарамай ушу каби мураккаб спорт турини танлаши бежиз эмас. Иқтидорли ушучининг маҳорати кундан кунга ошиб бормоқда. Бугунги эришилаётган натижалар, қўлга киритилаётган ютуқлар замирида бўлажак чемпионни кўришимиз мумкин. Бу йўлда Интизорга омадлар тилаймиз.

Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *