ЯНГИ ИССИҚХОНАЛАРДАН 59 МИЛЛИОН СЎМГАЧА ДАРОМАД КУТИЛМОҚДА

Мирзачўл тумани “Ипак йўли” МФЙда инфратузилмани яхшилаш мақсадида жорий йилда маҳалла ҳудудидаги ариқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда янги тармоқларни тортиш мақсадида 3,3 млрд сўмлик лойиҳа дастури ишга туширилди. Ушбу лойиҳа натижасида  аҳолига тегишли томорқа ер майдонлари тўлиқ оқар сув билан таъминланади. Хонадон аъзолари томорқада банд бўлиб, оиласининг бюджетига қўшимча даромад олиб киришига имкон яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Ипак йўли Маҳалла” сервис компанияси ташкил этилди. Компанияга 72 000 000 сўмлик мототехникалар, инвентарлар ва бошқа анжомлар ажратиб берилди.

Ушбу корхона томонидан 12 нафар ходим доимий иш билан банд қилиниб, улар маҳаллани ободонлаштириш ишларига  жалб қилинади. Айни пайтда 20 нафардан ортиқ фуқаролар ишга қабул қилинди. Туман ҳокимининг  ташаббуси билан 1 гектар майдонда “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида лимон етиштиришга мўлжалланган  25 та ва яна қўшимча аҳоли хонадонларида 25 та иссиқхона қуриш ишлари бошлаб юборилди.

Барпо этилган янги иссиқхоналарга республика Маҳаллалар уюшмаси томонидан ҳар бири 70 минг сўмдан жами 14 миллион сўмлик хомийлик асосида 200 та лимон кўчатлари етказиб берилди. Маҳалла сервис компанияси томонидан қурилаётган 4 сотихли иссиқхоналарнинг ҳар бирига жами ҳаражатлар 30 миллион сўмни ташкил қилмоқда. 

Келгусида ҳар бир иссиқхонадан лимон оралиғидаги помидор ҳосилидан май-июнь ойларида 3 тоннадан ҳосил олиш режалаштирилмоқда. Томорқачи биринчи ҳосилнинг ўзидан ўртача  27 миллион сўм, кузги такрорий ҳосилдан 16 миллион сўм ва қишки кўкатлар етиштириш орқали 16 миллион сўм, жами 59 миллион сўм даромад олиши кутилмоқда.

“Ипак йўли” маҳалласининг драйвери саналган томорқачилик ва янги барпо этилган иссиқхоналарда эндиликда аҳолининг бандлиги таъминланиб, уларнинг барқарор даромад манбаига эришаётганини фақат қутлаш мумкин.

Зоир КАЛОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *