ТИЛ — МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ВА МИЛЛИЙ ЎЗЛИК ТИМСОЛИ

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни

Тил — миллатнинг тарихи, тафаккури, маънавияти ва орзу-интилишларини ўзида мужассам этган бебаҳо қадрият. У халқни халқ, миллатни миллат сифатида намоён этадиган, авлодларни бир-бирига боғлайдиган маънавий кўприкдир. Шу боис она тилини асраб-авайлаш, унинг бой имкониятларини намоён этиш ва келажак авлодларга соф ҳолда етказиш ҳар бир миллатнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда дунёда қарийб 7 минг тил мавжуд. Ана шу тиллар орасида ўзининг бой луғат захираси, нафис ифода имкониятлари, бетакрор жозибаси ва асрлар давомида шаклланган адабий анъаналари билан ажралиб турадиган ўзбек тили ҳам бор. Турли мамлакатларда миллионлаб инсонлар сўзлашадиган, адабиёт ва илм-фан ривожида муҳим ўрин тутган тилимиз халқимизнинг маънавий бойлиги ва миллий ғурури ифодасидир.

1989 йил 21 октябрь халқимиз тарихида унутилмас сана сифатида муҳрланди. Айни пайтда мамлакатимиз ҳали мустақилликка эришмаган, собиқ Иттифоқда миллий тиллар ва маданий қадриятларга муносабат мураккаб бўлган бир шароитда «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қонун билан ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу билан бирга, мамлакатимизда яшовчи бошқа миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ҳамда анъаналарини ҳурмат қилиш тамойили ҳам белгилаб қўйилди. Бу тарихий қарор она тилимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва истиқлол сари интилишларнинг кучайишида муҳим аҳамият касб этди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, давлат тилининг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаш ва унинг жамият ҳаётидаги ўрнини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-615-сон Қонунга мувофиқ, 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. Бу эса она тилимизга бўлган эҳтиромни янада юксалтириш, унинг қадрини англаш ва тил тараққиёти учун масъулиятни оширишга хизмат қилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини мустаҳкамлаш, унинг халқаро нуфузини ошириш ҳамда замонавий тараққиёт талабларига мос равишда ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу жараён Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш ва миллий маънавиятни юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Тил фақат ўзаро мулоқот воситасигина эмас. У жамиятнинг интеллектуал салоҳияти, илм-фан тараққиёти, таълим сифати ва маданий юксалишининг ҳам муҳим омилидир. Шу маънода, ўзбек тилининг таълим, илм-фан, ахборот технологиялари, иш юритиш ва рақамли макондаги имкониятларини кенгайтириш давр талабидир.

Она тилимиз халқаро майдонда ҳам ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-, 78- ва 80-сессияларида ўзбек тилида нутқ сўзлагани тилимизнинг халқаро минбарларда янграши, унинг нуфузи ва эътирофини ошириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Бу каби воқеликлар ҳар бир юртдошимизда она тили билан фахрланиш туйғусини мустаҳкамлайди.

Бироқ тилнинг ҳақиқий мавқеи фақат халқаро минбарлардаги эътироф билан эмас, балки унинг кундалик ҳаётда қай даражада қўлланилиши, адабий меъёрларга риоя қилиниши ва янги авлод томонидан қанчалик пухта ўзлаштирилиши билан ҳам белгиланади. Давлат тилига ҳурмат, аввало, уни тўғри ва равон қўллашдан, расмий ҳужжатлардан тортиб оммавий ахборот воситаларигача бўлган барча соҳаларда адабий тил меъёрларига амал қилишдан бошланади.

Ўзбек тилининг бугунги бойлиги ва бадиий қудрати ҳақида сўз борганда, аввало, буюк мутафаккир ва шоир Мир Алишер Навоий мероси ёдга тушади. У туркий тилнинг беқиёс ифода имкониятларини ўзининг юксак бадиий асарлари орқали намоён этиб, унинг адабиёт тили сифатидаги мавқеини юксалтирди. Навоий ижоди ўзбек адабий тили тараққиётида улкан бурилиш ясаб, она тилимизнинг мураккаб фалсафий ғоялар, нозик кечинмалар ва юксак бадиий тафаккурни ифодалашга қодирлигини амалда исботлади.

Шоирнинг бой адабий мероси асрлар давомида халқимизни маънавий камолот сари етаклаб келмоқда. Унинг ғазаллари, достонлари ва насрий асарларида мужассам бўлган ҳикмат, инсонийлик ва маърифат ғоялари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш — нафақат буюк аждодимизга эҳтиром, балки она тилимизнинг тарихий илдизлари ва бадиий имкониятларини чуқур англаш демакдир.

Ўзбек тили равнақи йўлида қалам тебратган яна бир улуғ сиймо — Абдулла Қодирийдир. Ўзбек романчилигининг асосчиси, жадид маърифатпарвари бўлган адиб она тилининг бойлиги ва имкониятларини ҳимоя қилиб, уни камбағал деб баҳоловчиларга кескин муносабат билдирган эди. Унинг қуйидаги сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда:

«Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар».

Бу фикр тилнинг имкониятларини англаш, уни асоссиз камситишдан сақлаш ва бой луғат захирасидан ўринли фойдаланиш зарурлигини эслатади. Дарҳақиқат, ҳар қандай тилнинг тараққиёти унинг соҳиблари билимдонлиги, изланиши ва унга бўлган муносабати билан чамбарчас боғлиқ.

Ўзбекистоннинг туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлиги ҳам она тилимизнинг халқаро алоқалардаги ўрнини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратмоқда. Умумий тарихий ва маданий илдизларга эга халқлар ўртасидаги илмий, адабий ва маданий мулоқотни ривожлантириш туркий тиллар меросини асраб-авайлашга, шу жумладан, ўзбек тилини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади.

Она тилининг келажаги, энг аввало, унинг бугунги авлодига боғлиқ. Оилада болага ўзбек тилида тўғри ва равон сўзлашни ўргатиш, таълим муассасаларида тил маданиятини юксалтириш, китобхонликни рағбатлантириш, бадиий ва илмий адабиётларни мутолаа қилишга қизиқиш уйғотиш — бу борадаги муҳим вазифалардир.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформаларда ўзбек тилининг имкониятларидан самарали фойдаланиш, сифатли электрон луғатлар ва таълим ресурсларини кўпайтириш, замонавий атамаларни тил меъёрлари асосида шакллантириш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Зеро, тил замон билан ҳамнафас ривожлансагина, янги авлод ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Тилни асраш деганда уни фақат ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишни эмас, балки унинг ички имкониятларини бойитиш, сўзларнинг маъносини англаб ишлатиш, адабий меъёрларга риоя қилиш ва унинг нуфузини амалий фаолият билан оширишни тушуниш лозим. Бу масъулият фақат тилшунослар ёки адабиёт аҳли зиммасида эмас. Унда ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила, ҳар бир таълим муассасаси ва ҳар бир ташкилотнинг ўз ўрни бор.

Зеро, тил яшаса, миллатнинг хотираси, маънавияти ва ўзлиги яшайди. Она тилига ҳурмат — ўз тарихига, аждодлар меросига ва келажак авлод олдидаги бурчига ҳурматдир.

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни барчамизга ана шу ҳақиқатни яна бир бор англатади. Келинг, миллий ғуруримиз ва маънавий бойлигимиз бўлган ўзбек тилини асраб-авайлайлик, унинг софлиги ва бойлигини сақлайлик, тараққиётига муносиб ҳисса қўшайлик. Тилимиз равнақи йўлидаги ҳар бир эзгу қадам миллатимизнинг маънавий юксалишига, миллий бирлигимиз ва келажагимиз мустаҳкамланишига хизмат қилсин.

Ўзбек тили байрами муборак бўлсин!

Б.Узоқов,

ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *