Яқин ўтмишга назар ташлар эканмиз, замонавийлик, дея ўзлигимизга ёт бўлган кийимларнинг оммалашиб кетганидан аслимизни унутаёзганимиз, ёшларнинг бошқа миллат вакилларига кўр-кўрона тақлидларча кийиниб бораётгани таассуфки, ҳақиқат.

Шундай вазиятда гарданимизда халқимизнинг қадимий анъаналари, эстетик қарашлари, ўзбекона кийиниш маданиятини тарғиб қилишдек залворли вазифа турибди. Миллийлигимизни улуғлаш, энг муҳими ўсиб келаётган авлодни ана шу қадриятлар асосида тарбиялаш, улар орасида кийиниш маданиятини янада шакллантириш ниҳоятда муҳим.
Бу борада республикамизда миллий қадриятлар тарғиботини кучайтириш, ўзбек миллий либосларига меҳр уйғотиш ва оммалаштириш, замонавий кийинишда ўзбекона шарм-ҳаё меъёрларини тарғиб қилиш мақсадида “Миллий қадриятлар ойлиги” кенг нишонланди.

“Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари таҳририятида ташкил этилган “Миллий либос – миллат ифтихори” номли тадбирдан кўзланган мақсад ҳам ана шулардан иборат бўлди. Миллийлик тарғиботи муносабати билан таҳририят биносига кириш қисми атлас, адрас ва бежирим нақшлардан иборат ҳунармандчилик намуналари билан байрамона безатилди. Устоз ҳунарманд Гавҳар Остонақулова, туризм соҳаси вакили, “Тulip tour” сайёҳлик фирмаси раҳбари Лола Санаева ҳамда мақом ва миллий куйлар ижрочиси Гулчеҳра Хайруллина тадбиримиз меҳмони бўлишди.
Дастлаб таҳририят ходимлари ва меҳмонлар вилоят мақом ансамбли хонандаси Санжарбек Ўринбоевнинг жонли ижродаги қўшиғидан баҳраманд бўлишди. Тадбир аввалида “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари бош муҳаррири Баҳодир Назаров сўзга чиқиб:

– Миллийлигимизни кенг тарғиб қилишда аввало ўзимиз анъаналаримизга риоя қилган ҳолда намуна бўла олишимиз зарур. Шуни фахр билан айта оламанки, бизнинг ўзбекона либосларимиз, гўзал урф-одатларимиз дунёнинг қай бурчагида бўлмасин ҳар қандай халқнинг ҳавасини келтириб ўзига маҳлиё эта олади. Бежирим атласу адраслар ҳар кимнинг кўзини қувнатмай қўймайди, – дея миллийлик тарғиботида журналистларнинг ўрнини эътироф этди.
Тадбир минг йиллик тарихга эга ҳунармандчик хусусидаги давра суҳбати билан давом этди. Унда академик ҳунарманд Гавҳар Остонақулованинг каштачилик, дўппидўзлик ва миллий либослар тикиш борасидаги иш фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Г.Остонақулова ҳунармандларнинг еттинчи авлод вакилидир. У миллий либосларни сақлаб қолиш ва уларни ёшлар орасида тарғиб қилишда жуда катта хизматлар кўрсатди. “Ташаббус”, “Йил аёли” каби танловларда, туризм ярмакралари ва халқаро фестивалларда бир неча маротаба ғолиб ва совриндор бўлди. Турли халқаро лойиҳалар иштирокчиси. Жумладан, 2022 йилда “Қалб нури” марказининг лойиҳаси доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга миллий ҳунармандчиликдан дарс берди ва USAIDдан 9 нафар аёлга тикув машинкаси берилишига сабабчи бўлди. Гавҳар Остонақулованинг саъй-ҳаракатлари билан воҳа миллий либослар тарихи ва ўзига хослиги бўйича кўплаб янги маълумотлар аниқланди. Суҳбат давомида қаҳрамонимиз ўзбекона урф-одатларнинг тарғиботи йўлида бугунгидек тадбирларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этиши ҳақида таъкидлаб ўтди.

Сайёҳлик фирмаси раҳбари Лола Санаева ҳам туризм соҳасида миллийликнинг ўрни, айниқса сайёҳларнинг ўзбекона либосларимизга қизиқишлари ниҳоятда юқори эканлиги ҳақида фахр билан сўзлади.

Шундан сўнг тадбирнинг энг ёрқин лаҳзалари бўлмиш ўзбек миллий либослар кўргазмаси намойиш этилди. Гавҳар Остонақулова ҳамда замонавий либослар бўйича диизайнер Дилноза Ўктамова муаллифлигида яратилган, қадимий анъаналарни ўзида мужассам этган либослар кўргазмаси барчага манзур бўлди. Алвон ранглар жилоси, бетакрор нақшлар, зардўзлик, каштачилик, йўрмадўзлик намуналари зални яшнатиб юбориш билан бирга уни кийган йигит қизларимизнинг ҳуснига ўн чандон зеб бағишлади, десак муболаға бўлмайди.

Либослар намойишидан сўнг хушовоз санъаткор Гулчеҳра Хайруллина ижросидаги куй-қўшиқлар байрамона кайфиятни янада юксалтирди.

Бу каби тадбирлар ёшларда қадриятлар ва миллий либосларимизга бўлган ҳурмат туйғуларини янада юксалтириришга хизмат қилади. Кўркимизга кўрк қўшадиган либосларимиз қадрини баланд тутайлик.
Шаҳноза МАНСУРОВА.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото)