Бу мақолани ёзишдан мақсадим, буюк давлат арбоби, ёзувчи, икки марта меҳнат қаҳрамони Шароф Рашидовнинг мамлакатимизни бошқаришда, мустақилликка замин яратишда оғир синовларни бошидан кечирганлиги, юқоридан берилган топшириқларни бажариш учун ўзининг жонини ҳам аямасдан, халқни турмушини яхшилаш, мамлакатни ҳар томонлама буюк давлатга айлантириш борасида тинмай меҳнат қилганини, биргина ғаллачиликдаги муаммоларни ечишда қандай бош қотирганига ўзим гувоҳ бўлганман. Мен ўша вақтда вилоят агросаноат уюшмаси раисининг деҳқончилик бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлардим.
Мени 1983 йил февраль ойида Ўрта Осиёда ягона бўлган Ўзбекистон Ғаллачилик илмий тадқиқот институтига директорлик лавозимига тавсия қилишди. 1983 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Марказий комитетининг бюросида тасдиқдан ўтишга бордим. Эрталаб соат 10.00 да Марказий Комитет бюроси Шароф Рашидов раҳбарлигида бошланди. Мени шундай буюк инсоннинг олдида жавоб беришим жуда қаттиқ ҳаяжонлантирган.
Залда жимжитлик ҳукм сурар, бу ўтирганларнинг у зотга ҳурмати, эҳтироми жуда баландлигидан дарак берарди. Шароф Рашидов йиғилишни олиб борар экан, инсонийлик фазилати, чиройли маъноли сўзлари, юзидаги билинар-билинмас табассум ҳаммани завқлантирар эди. Менга навбат келганда ҳаяжонланиб, залга, атрофга қарардим, худди бировдан нажот излагандай. Шунда залда Тўхтамиш Боймировни кўриб қолдим. У киши қўлларини кўрсатиб, яхши бўлади дегандай ишора қилди.
Шароф Рашидов менинг фаолиятимга тўхталиб, сиз Ғаллаоролга кўчиб бордингизми? Докторлик диссертацияни ёқлаш арафасидамисиз? деб савол берган эди. У ўзимизда оқ буғдой бор эди, негадир шу камайиб кетди. Буни кўпайтириш чорасини кўриш лозим. Энди олдимизда катта масъулият турибди, асосий ғалламиз лалми, тоғли ерларда етиштирилади. Бу ҳозир талабга жавоб бермай қолди. Биз тоғдан пастга тушишимиз керак, халқимизни ғалла билан таъминлашимиз лозим.
Биз сизга янги ҳосилдор навлар яратиб, юқори ҳосил олишга муваффакиятлар тилаймиз. Ғаллачиликда россиялик олимлар билан ҳам ҳамкорлик қилишда ўша ердаги раҳбарлар ёрдамини аямайдилар… Шароф Рашидов ўша пайтда ҳам ғалла мустақиллигини уйлаб иш тутган эди. Шу сўзлардан кейин юрагим тўлқинланиб, ҳаяжонланганимдан оталик насиҳатини олганимдек қувонч ёшлари аста-секин юзимга тушди. Шу тариқа яхши кайфият билан ишга келиб, биринчи навбатда, яхши бино, лаборатория, янги жиҳозлар олиб келиш, Россия олимлари билан ҳамкорлик қилиш ғояларини амалга оширишни режалаштирдим. Институтдаги шароитлар умуман талабга жавоб бермас, икки қаватли бино, лабораториялар, ғаллани тозалаш, таҳлил қилиш жиҳозлари йўқ эди. Шундай аҳволга тушган эдики, олимларнинг стол-стули ҳам йўқ эди, скамейкада ўтиришар эди.
Шароф Рашидовнинг топшириқларига биноан барча ташкилотларнинг эшиги биз учун очиқ бўлди. Айниқса, вилоят партия комитетининг секретари Ўктам Олимовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли 5 каватли янги бино қурилиши бошланди. Вилоятдаги қурувчилар жалб килинди, чет элдан ғаллани таҳлил қилувчи, тозаловчи жиҳозлар келтирилди.
Маҳаллий кадрлардан ўн нафари Ленинградга, ғалла агрофирма илмий тадқиқот марказига юборилди. Уч йилда 10 нафар фан номзоди ва 1 нафар фан доктори илмий даражасидаги кадрлар тайёрланди.
Ажойиб инсон вафотидан кейин собиқ иттифоқда камситиш, мансабга интилиш авж олиб кетди. Шароф Рашидов халким, ватаним деб шунча оғир юкларни елкасида кўтариб юрган экан. Халқимизга ғалла ва гўшт бўйича қанчадан-қанча ҳақоратлар ёғдирилди. Ҳар сафар бу иддаоларнинг Шароф Рашидовичга қанчалар оғир ботишини ҳис қилардик.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидовнинг руҳини шод қилди. У орзу қилган, ғалла мустақиллигига эришилди. Бугунги авлод Янги Ўзбекистонни дунёга танитиш йўлида ота ўгитларига амал қилиб, сидқидилдан меҳнат қилишаяпти.
Саттор ОДИЛОВ,
қишлок хўжалиги фанлари
номзоди, меҳнат фахрийси.