Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлида юксалиб бораётган инсон қадри шу Ватанга азиз этган ҳар бир фуқарога ифтихор бағишламоқда, десам муболаға бўлмайди. Бу борада юртимиздаги миллий маданий марказлар фаолиятининг масъулияти ҳам тобора ортиб, кенг қамровда фаоллик талаб этилмоқда. Вилоятимиз марказидаги “Дўстлик уйи”да Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар юзасидан режали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан,
-миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш орқали ягона фуқаровий ўзликни шакллантириш;
-Ўзбекистонда яшовчи барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш орқали уларнинг умуммиллий тараққиётга дахлдорлигини кучайтириш;
-хориждаги ватандошлар жамоалари ва ўзбек диаспораларининг миллий ўзлигини сақлашга кўмаклашиш ҳамда уларнинг ижтимоий ва иқтисодий салоҳиятини Ватанимиз ривожига сафарбар этишни қўллаб-қувватлаш;
-халқ дипломатияси механизмлари орқали хорижий мамлакатлар билан ижтимоий-маданий ва дўстлик алоқалари ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш вазифалари ташкилий ҳаракатларимизнинг асосий мақсадига айланган.
Қолаверса, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикаси миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг имзолангани мамлакатимиз ривожига янада шиддат бағишлашига шубҳа йўқ. Мазкур Фармон ва Қарорнинг ижроси ҳақида қабул қилинган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи У.Мустафоевнинг қарори юзасидан ҳам тарғибот-ташвиқот ишлари бошлаб юборилди.
Маълумки, кўп йиллардан буён Мирзачўл туманида йигирмадан ортиқ миллат вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келишмоқда. Айни кунларда Ғалаба, Ўзбекистон, Дўстлик каби маҳаллалар йиғинларида, уюшмаган аҳоли орасида, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ўртасида турли давра суҳбатлари, депутат ва ёшлар учрашувлари, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирлар мавзусининг аксарияти умуммиллий тотувлик, миллатлараро мустаҳкам муносабатларга қаратилмоқда. Шу тариқа Фармон ва қарорларнинг мазмун моҳияти тарғиб этилиб, келажак авлод вакилларининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонликлари мунтазам ошириб борилиши режали йўлга қўйилди. Зеро, умуммиллий тотувлик сари қўйилаётган ушбу янги қадамлар юртимизда фуқаролик жамиятининг, ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг, илм-фаннинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳар биримизнинг ватанпарварлик ҳиссимизга уйғунлашиши лозим.
Утеп СЕИДАМАНОВ,
вилоят қозоқ миллий
маданий марказининг раҳбари.