ДАРОМАД 150 МЛН СЎМДАН ОШДИ

Сўнгги йилларда Янгиобод туманида аҳоли орасида асаларичилик оммалашиб, даромад манбаларидан бирига айланмоқда. Туманда асалари боқиш учун табиий иқлим шароити қулай бўлганлиги сабабли, биргина “Сармич” маҳалласида бир нечта оилалар ушбу йўналишда фаолият кўрсатмоқда.

Маҳаллада истиқомат қилувчи Ботир ака Додожонов ҳам тажрибали асаларичилардан ҳисобланади. У асаларичиликнинг нозик жиҳатлари, парвариш усуллари, сифатли маҳсулот етиштириш борасида кўп йиллик тажрибага эга.

– Салкам ўттиз йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаман, – дейди Ботир Додожонов. – Асаларичилик етти хазинанинг бири деб бежизга айтишмаган экан. Ушбу даромадли соҳа ортидан фарзандларимни уйли-жойли қилдим, дастурхонимга барака кирди.

Ҳозирги кунда Ботир Додожонов хонадонида юздан ошиқ асалари оиласи парвариш қилиниб, йилига 1-1,5 тоннагача маҳсулот олинмоқда. Оила даромади ҳам 150 млн. сўмдан ошмоқда. Бошқа соҳалар каби асаларичиликда ҳам сабр-қаноат, билим ва меҳнат зарур экан. Бугун сармичликлар  Ботир акани “Асаларичилик профессори” дейишади. У бу номга осонлик билан эришмади. Асаларичиликка оид мақолалар, дарсликларни тинмай ўқиб-ўрганди, Жиззах, Зомин ва бошқа туманларга бориб кекса, тажрибали асаларичилардан маслаҳатлар олиб турди. Эндиликда Сармичда ундан ўтадиган асаларичи йўқ.

Асаларичилик билан бирга тадбиркор Ботир Додожонов 70 сотих томорқа майдонида олма, гилос каби мевали дарахтларни ҳам парвариш қилиб келмоқда.

Тадбиркор бу янги ғояларни яратувчи, ҳар бир ишни тадбир билан қилувчи инсондир. У ҳар бир ишдан ҳикмат излайди. Ботир ака томорқасида сувни тежаш, ундан самарали фойдаланиш мақсадида қор ва ёмғир сувларини йиғиб, экинзорларни томчилатиб суғоришда фойдаланади.

 Асад МУСТАФОЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *