15-22 апрель кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ давлат хизматчилари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган Хитойда малака ошириш сафарида бўлиб қайтишди. “Ўзбекистонда давлат идоралари ходимларининг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги семинар ишида республикамизнинг турли ҳудудларидан ижроия идораларида ишловчи 20 нафар ҳамюртимиз қатнашди. Улар орасида икки нафар Жиззах вилояти вакили ҳам бўлиб, улардан бири Фориш тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Эльнора УММАТОВА. Биз у билан сафар таассуротлари хусусида суҳбатлашдик.
–Эльнора Қаҳрамоновна, Хитой кўп соҳаларда нафақат биз, балки бутун дунё учун ривожланиш намунаси бўлиб ҳисобланади. Айтингчи, давлат хизматчиси сифатида семинардан олган энг қимматли билим нима бўлди?
– Дарҳақиқат, Хитой давлати деярли ҳар бир соҳада ўрганишга арзигулик тажрибаларга эга. Семинар Хитой коммерция вазирлиги ва Фуцзянь провинцияси ташқи иқтисодий ҳамкорлик маркази ҳамкорлигида, Пекин- Фуцзянь-Шанхай-Урумчи йўналишида ташкил этилди. Дастлаб давлатнинг рақамли иқтисодиёт, қашшоқликни камайтириш, демографик ислоҳотлар, қонун устуворлигини таъминлаш каби мавзулардаги ўзига хос тажрибаси ҳақида профессор-ўқитувчилардан маърузалар тингладик. Маданий тадбирлар, шаҳарлар бўйлаб сайрлар давомида туризм бўйича бой билимларга эга бўлдик. Албатта, биз учун маълумотлар қўшқўллаб тутқазилмайди, уларни чуқурлаштириш, аниқлаштириш жараёнлари ҳам бўлди. Аммо комил ишонч билан айта оламанки, Хитой тараққиётининг сири барча-барчанинг – бой-у камбағал, соғлому ногироннинг бирдек ишлашида, қатъий интизомда экан. Буни кейинроқ мисоллар билан очиб беришга ҳаракат қиламан.

–Камбағалликдан чиқариш бўйича Хитой тажрибаси ҳақида кенгроқ гапирсангиз.
-Бу ҳақда Доктор Лиу Феихиангнинг қизиқарли маърузаси асосида гапиришга ҳаракат қиламан. У Фуцзянь қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети профессори, биздан ҳам Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақида сўради. Айтиш мумкинки, Хитойда бу масала ҳамон долзарб ва аҳолининг қон-қонига меҳнат қилиш орқали камбағалликдан чиқиб кетиш ғояси сингиб кетган. Мамлакат раҳбари Си Цзиньпиннинг 50 дан ортиқ ички ташрифининг 40 таси айнан ҳудудларда қашшоқликни бартараф этиш билан боғлиқлиги, етти йил мобайнида ҳар йилнинг биринчи ташрифи шу масалага бағишланиши айтилди. Бу масалага асосий ёндошувлар қуйидагилар: камбағалликка қарши кураш дунё муаммоси ҳисобланади ва узоқ муддатни талаб қилади. У қишлоқ жойларда учта асосий муаммонинг ечимини талаб қилади: жойлашувнинг ўзига хослигини аниқлаш, қишлоқ хўжалиги экспертизаси ва реализациядаги тўсиқларни енгиб ўтиш. Қишлоқлар қачонки одамлар ўзгарса ўзгаради. Профессор Цзиньцзяндаги камбағалликдан қутулган 1346 та оилага бориб, 2919 таси билан телефон орқали интервью ўтказганини гапириб берди. Бу оилалар асосан мамлакатнинг “совет” районларида жойлашган. Масалан, 2019 йилда Сядан қишлоғи расман камбағалликдан қутулганлиги эълон қилинган. Бу Фуцзяндаги энг чекка ва қолоқ қишлоқлардан бўлиб, қишлоққа сув келтириш орқали деҳқончилик ривожланган ҳудудларга қўшиб олинган.

– Хитой табиатан жуда гўзал. Айтингчи, туризм камбағалликдан қутулишда қандай роль ўйнаган?
– Қишлоқ туризми кучли ва барқарор ҳаётийликка эга. Камбағал ҳудудлар экологик муҳит ва табиий ресурсларнинг афзалликларини бирлаштириши, қишлоқ туризмини, ишлаб чиқаришни рағбатлантириши, даромадни ошириши ва ўз-ўзини ривожлантиришни кучайтириши керак, деб ҳисобланади. Ўтган йили провинциядаги 52 та пилот қишлоқларида туризм орқали қашшоқликка қарши курашиш учун 25000 киши иш билан таъминланди. Бу умумий аҳолининг 35 фоизини ташкил этган. Натижада аҳоли даромадида ундан олдинги йилга нисбатан 19,4% ўсиш бўлган.
Сайёҳликда эко-рустика ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу экологик тозалик (табиий материаллар ва материаллардан юқори даражада ишлов бериш билан фойдаланиш) ва рустикани (услубнинг соддалиги ва табиийлиги билан) бирлаштирган безак услуби. У кишига табиат билан алоқани эслатади, табиий материаллардан фойдаланилади. Эски сайёҳлик қишлоқлари, мавзули қишлоқ хўжалиги фаолиятига ҳам мисоллар талай. Масалан, Наншан қишлоғида 1600 гектардан ортиқ яхши ҳимояланган чўнтак терассалари ва 500 гектар колза гуллари майдони мавжуд. Туризмнинг ривожланиши билан аҳоли сайёҳларнинг ингичка қадоқланган маҳаллий маҳсулотларни яхши кўришларини пайқаб, батат, хурмо ва гинкгони қайта ишлашга киришганлар. Ушбу маҳаллий маҳсулотлар туристик маҳсулотга айлантирилгандан сўнг қишлоқда йиллик туризм даромади 1,6 млн юандан ошди. “Анъанавий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари-махсус маҳсулотлар-совғалар занжири” қишлоқ жойларда ҳаракатсиз активларни уйғотган.
Бу Фуцзянь провинциясининг камбағалликни қисқартиришдаги ўзига хос тажрибаси саналади. Ҳозирги вақтда камбағал қишлоқлар ва уй хўжаликлари иштирокида қишлоқ хўжалигининг янги шакллари шаклланмоқда. Биз айнан шундай хўжаликларни бориб кўрдик. Бирон қарич бўш жой йўқки, экин экилмаган, фойдаланилмаётган бўлса. Экин майдони ёнига балиқ боқиш учун ҳовуз қилинган. Ҳовуз кечаси ялтироқ чироқлар билан ёритилади. Бунда ҳашаротларни чорлаш ва уларни балиқлар ва бақалар тутиб ейиши ҳисобга олинган. Тоғли тошлар текисланиб, тупроқ билан тўлдирилиб, гуруч экиладиган терасса майдонлар яратилган. Тўлдирилган майдонларга дарҳол экин экиб келиняпти. Қашшоқликка қарши чой боғи лойиҳаси ҳам эътиборга сазовор. Чой боғидан чой стаканигача маҳсулотни кузатиш тизимини яратилган бўлиб, маҳсулотни сотиш муаммоси самарали ҳал этилган. Шу ўринда интизом ва бирдамлик хитой халқини II жаҳон урушидан сўнг тиклаган фазилат эканини яна бир бор амин бўлдим.

– Бу яна қайси жиҳатларда кўринади?
-Мактаб таълими ҳақида маъруза тинглаганимиздан сўнг мен атайин эрталаб мактаблар олдига бориб кузатдим. Биронта ҳам 8:00 дан кечиккан болани кўрмадим. Ота-оналар устозга таъзим қилиб болаларини қўйиб кетишар экан. Ҳар бир мактабнинг ўз формаси бўлиб, ўқувчилар бу формани фахр билан кийиб юришларига гувоҳ бўлдим. Мактаб формаси билан боғлиқ бу жиҳат Президентимизнинг таълим масалаларига бағишланган видеоселекторида ҳам айтилди. Яна тиббиётда рақамлаштиришнинг афзалликларини ҳам кузатдим. Тиббиёт масканларида бўлиб, рўйхатхоналар ҳолати, онлайн навбат, электрон рецепт каби қулайликларни ҳис қилдим. Бутун провинцияда биттагина давлат хизматлари маркази бор, чунки ҳамма жараён рақамлашиб бўлган. Жараён ҳақида умумий тасаввур борлиги учун туманимизда “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” доирасидаги ишларни амалга ошириш мураккаб бўлмайди, деб умид қиламан.

-Шахсий кузатувларингиз асосида яна ўзлаштириш лозим бўлган нималарни санай оласиз?
Фуцзянь улкан провинция бўлса ҳам ҳамма томонидан гул ҳиди таралиб туради. Чунки йўл бўйлари, кўп қаватли кўприкларнинг ҳар бир қавати, уйлар – ҳамма-ҳамма жойда гуллар барқ уриб очилиб турибди. Селекцияси шу қадар ажойибки, гул танасида бирорта ҳам барг йўқ, фақат тўпгуллардан иборат. Ҳатто тоғлар устига сеткали тўшама тўшалиб, устида гул ўстирилаяпти. Шу ўринда давлат раҳбари Си Цзинпиннинг мавзуга оид бир гапи ёдимга тушди: “Тоғларга маҳкам ёпишинг, улар бизнинг банкимиз”. Ҳақиқатда тоғлар ҳам бекор қолмайди, улар кўкаламзорлаштирилиб, атроф-муҳит мусаффолигида иштирок этади.
Аҳолиси 1.5 млрд га яқин бўлса-да, кўчаларда тирбандликни кўрмайсиз, чунки ҳамма ўз иши билан банд. Меҳнат қонунчилига риоя этиш юксак даражада:соат 18:00да ҳеч қайси компанияда ходим қолмайди, уйга қайтишар экан. Туризм қишлоқларини ташкил этишда ҳам ўрганиш арзийдиган жиҳатлар бор: чой дамлаш маросимини олайлик. Бу узоқ давом этадиган жараён. Чунки ясминдаги доривор моддалар қайноқ сувга чиқадиган фурсат ҳисобга олинади ва чойни бир ҳўплаб ичишга етарли миқдорда қуйилади. Чунки чойнинг ҳарорати пасайса унинг фойдалилик хусусияти камаяр экан. Бизда ҳам миллий таомларни хорижликларга тақдим этишда фақат тўйимлилик эмас, фойдалилик ва илмийлик жиҳатдан ҳам ёндошувни киритиш мумкин. Исрофгарчиликка мутлақо кўзим тушмади, “тоза тарелка” қоидаси амалда бўлиб, фақат ўзи ея оладиган миқдорда таом тайёрланар экан. Теварак-атрофнинг тоза, чиқиндиларсиз эканига сабаб, биринчидан катта жарималар бўлса, иккинчидан чиқиндидан иккиламчи маҳсулот ишлаб чиқаришнинг устунлигидир.

“Ривожланишнинг Хитой тажрибаси” кўп жиҳатдан юртимиз учун мос тушади. Ҳар икки давлат ўтмиши буюк ва яқин тарихида ҳам муштараклик бор. Аммо “Одамлар ўзгармагунча ҳудуд ўзгармайди” шиори ҳар қандай ривожланаётган жамият учун мос деб ўйлайман.
-Мазмунли суҳбат учун ташаккур!
Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.