Айни шу кунларда вилоятимизда йирик йўл ва кўприк қурилиши лойиҳаси доирасида буюртмачи умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси ДУК, лойиҳачи “Боштранслойиҳа” АЖ ҳамда пудратчи “Қамчиқ автойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси қурувчилари томонидан 4К253а “Ислом Каримов номидаги автомобиль йўлида М39 “Тошкент-Термиз” автомагистрал йўлига” чиқиш учун янги йўналишдаги 4 километр автомобиль йўли ва 700 п.м.ли йўл ўтказгич ҳамда икки полосали автомобиль туннели қурилиши жадал давом этмоқда.

Бунинг учун давлат бюджетидан биринчи босқич объектлари учун умумий қиймати 127 миллиард 786 миллион сўм маблағ ажратилди. Шундан 68 миллиард 224 миллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилди.Қурилишнинг биринчи босқичида 700 пм кўприк қад ростлади. Режага кўра бешта қурилиш нуқтасида темир каркас тўқиш, бетон қуйиш, тоғ емириш ишлари давомий олиб борилмоқда. Бунинг учун 65 та махсус техникалар ва 310 нафар ишчи кучлари жалб этилган. Иш кечаю кундуз узлуксиз, 3 сменада ташкил этилган бўлиб, бу янги объектнинг режага кўра ўз муддатида сифатли топширилишини назарда тутади.

2-босқичда 4 км. йўл ва ободонлаштириш ишлари пудратчи корхона томонидан тўлиқ амалга оширилади. Бунинг учун 92 миллиард 134 миллион сўм маблағ сарфланади.
—“Тошкент-Термиз” М-39 йўлига уланувчи икки полосали ер ости ўтиш туннели қурилишига 45 нафар қурувчи жалб қилинган,—дейди “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси иш бошқарувчиси Муртозо Пирназаров. —Биз турган жойимиз икки полосали автомобиль туннели ҳисобланади. Бу ерда биз фундаментларни қуйиш, армокарказларни тўқиш ишларини бажараяпмиз. Конструкция ишларида йиғма темир-бетонлардан фойдаланилмоқда. Туннелнинг узунлиги 47 метр, эни 23,5 метрни ташкил этади. Юқорида эса тоғ емириш ишлари олиб борилмоқда.

Бош пудратчи “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг йўлсозлари томонидан бунёд этилаётган йўл ўтказгичлар ва барча режадаги иншоотлар 2025 йилги мамлакатимизнинг истиқлол байрами арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Энг муҳими, мазкур йўл ўтказгичларнинг афзаллиги шундаки, Олмачи, Хайробод, Оқтош ота маҳаллалари аҳолиси ва бошқа шу йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари темир йўл кесишмасидан тўхтамасдан ҳаракатланишлари, янги массивга айланма йўллар орқали илгаридек 34 дақиқада эмас, аксинча, 15 дақиқада етиб олиш имкониятини оширади. Шунингдек, ушбу йўл ўтказгичлар ва туннеллар Жиззах шаҳрида транспортлар ҳаракатининг тирбандлигини олдини олишда ҳам аҳамият касб этади.
Зоир ЭРГАШЕВ,
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)