КОРРУПЦИЯГА  ҚАРШИ  КУРАШИШ. ТАҲЛИЛ, МУАММО ВА ЕЧИМ

Вилоят ҳокимлигининг Анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Коррупцияга қарши курашиш.Таҳлил, муаммо ва ечим” мавзусида семинар ўтказилди.

Унда вилоятдан сайланган Сенат аъзолари, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия раислари, Коррупцияга қарши курашиш Жиззах вилояти Ҳудудий кенгаши аъзолари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари котибият мудирлари, Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят, шаҳар ва туман судлари судьялари, прокуратура, ички ишлар, адвокатлар, вилоят ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, маҳалла фаоллари, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. Семинар офлайн ва онлайн форматида ўтказилиб, уни республикамизнинг барча вилоятларидаги қатнашувчилар ЗООМ платформаси орқали кузатиб бордилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 2025 йил 5 мартдаги кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқнинг 9-банди ижроси юзасидан ташкил этилган семинар ишини Жиззах вилояти суди раиси Акрам Шукуров олиб борди.

Семинарда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев сўзга чиқиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2025 йил 5 март кунги йиғилишида коррупцияга қарши курашиш бўйича белгилаб берилган муҳим топшириқлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб, бу иллатга қарши курашишда барча кучларни бирлаштириш, ёш авлодни бундай хатарлардан асраш ва тарбиялаш масаласига алоҳида тўхталди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Алишер Усманов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов сўзга чиқиб мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айлангани, сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” Стратегиясида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш юзасидан белгиланган вазифалар, бугунги кунда юртимизда рақамлаштиришни коррупцияга қарши курашнинг муҳим омили сифатида қаралаётгани ва бу борада сезиларли ютуқларга эришилаётгани, рақамлаштиришнинг самарадорлигини ошириш учун қонун устуворлиги, шаффофлик, жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшларда антикоррупцион хулқ-атворни шакллантириш, уларнинг маънавиятини юксалтириш зарурлиги ҳақида гапирдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўқитувчиси Илҳом Насриев ўз чиқишида семинар қатнашчиларига коррупцияга қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этиш, рақамлаштириш, сунъий интеллект, давлат хизматига кадрлар тайёрлаш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш масалалари бўйича кенг тушунчалар берди.

Тадбирда Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров “Коррупцияга қарши курашиш. Таҳлил, муаммо ва ечим”, Жиззах вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимов “Коррупциянинг олдини олишда прокуратура органларининг ўрни”, Жиззах вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров “Коррупциянинг олдини олишда ички ишлар органларининг ўрни”, халқ депутатлари вилоят Кенгаши Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссия раиси Фарҳод Одилов “Ҳудудий кенгаш томонидан амалга оширилган ишлар” мавзуларида маъруза қилдилар.

Семинарда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди, юзага келаётган муаммолар ўртага ташланди ва бу иллатга қарши курашиш юзасидан фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди.

Васил ИЛЁСОВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *