Урганч шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати биринчи лига мусобақалари якунланди. 10 кун давом этган беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 200 нафарга яқин шахматчи ғолиблик учун кураш олиб бордилар.
Мусобақа швейцарча тизимда ташкил этилиб, жами 9 тур давом этди.
Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасидаги баҳсларда биринчи ўрин 7,5 очко тўплаган пойтахт вакили Муҳаммадраҳим Абдуллаевга насиб қилди. Иккинчи ўринни 7 очко билан унинг ҳамшаҳари Муҳаммадсолиҳ Раҳматуллаев қўлга киритди.
Қувонарли томони жиззахлик шахматчи Азизбек Қувватов ҳам мамлакат биринчилигида фаол иштирок этди. У тўққиз турда 7 очко тўплаб, совриндорлар орасидан жой олди. Бу орқали Азизбек Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари медаль, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.