Жорий ҳафтада юртимизда Қозоғистон тиббиёти кунлари ўтказилмоқда. 2025 – 2026 йилларга мўлжалланган икки давлат Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича асосий чора-тадбирлар режаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбир алоқаларни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Юртимизнинг 4 та ҳудудидаги тиббиёт муассасаларида тиббий маслаҳатлар, жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарслари ташкил қилинмоқда. Жиззах шаҳрида ҳам 14-15 октябрь кунлари Туркистон вилояти Келес райони маъмурий маркази -Абай марказий шифохонаси жамоаси бирламчи тиббий кўрик ўтказишди. Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиникада гинеколог, ревмотолог, офтольмолог, жарроҳ, рентгенолог, лаборатория ва УТТ-терапевт қабуллари ташкил этилди. Шунингдек, Қизил Орда вилояти кўчма маммография ва компьютер томографияси ускунаси келтирилиб, икки ҳудуд шифокорлари иштирокида кўкрак бези саратони каби хавфли касалликларни эрта аниқлаш бўйича текширувлар ўтказилди.

– Сирдарё вилоятидан сўнг Жиззах шаҳрида икки кунлик тиббий кўрикда қатнашяпмиз, – дейди гинеколог Лаззет Жилкибаева. – Шу вақтга қадар жалб этилган аёлларда оилани режалаштириш оқилона йўлга қўйилганини кузатдим. Режали туғиш, ҳомиладорлик оралиқ муддатини сақлаш бўйича яхши ютуқларга эришилибди. Ўткир гинекологик касалликлар ҳам кўп учрамайди. Бу жиҳатлар юртингизда хотин-қизларнинг саломатлигига тизимли ва шахсий эътибор юқори эканлигидан дарак беради.

Қозоғистонлик шифокорлар жамоасига тегишли мобил тиббий диагностика комплексида УТТ, гинеколог, рентген ва лаборатория кўриги амалга оширилди.

-Ҳар бир шифохонага кўчма тиббий ташхислаш комплекси ажратилган бўлиб, Туркистон вилоятида бундай автобуслар сони 12 та, – дейди жамоа инженери Темирхан Керимбаев. – Бундай уловлар ёрдамида 2011 йилдан буён олис ҳудудларга бориб, аҳолига хизмат кўрсатилади. Биринчи марта давлат чегарасидан ўтиб, энг узоқ масофага йўл олдик. Кўчма комплексда электр энергияси узилмайди, қўшимча энергия манбалари мавжуд. Бундай шароитда энг чекка ҳудуддаги аҳоли ҳам сифатли тўлиқ тиббий кўрик билан қамраб олинади.

Қабул жараёнида жиззахлик шифокорлар қозоғистонлик ҳамкасблари билан бирга иштирок этишди, тажриба алмашиб, ҳамкорликда ишладилар. Ҳар икки давлатда жорий этилган тиббий суғурта, DMED тизими бўйича фикрлашдилар.
-Тиббий кўрик жараёнига бутун вилоят аҳолиси жойлардаги бирламчи тиббиёт муассасалари орқали жалб этилди, – дейди Жиззах шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Камола Муратова. – Меҳмонлар, шунингдек, РШТЁИМ Жиззах филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлишиб, яратилган шарт-шароитлар билан танишишди. Ўзаро фикр алмашиш ва мулоқот ҳар икки томон учун манфаатли бўлди.
Муқаддас САПАРОВА.
Ш.ЭГАМҚУЛОВ (фото)