Инглиз ёзувчиси Артур Конан Дойлнинг “Йўқолган дунё” асарида шундай парча бор: ер бағрини ўйиб кираётган бурғулаш ускунаси таққа тўхтайди. Ер қаъридан шундай бир нидо отилиб чиқадики, эшитганлар тиззаларига чўкиб қоладилар. Она ер нидоси унинг бағрини чок қилаётган, маъдан излаш иштиёқидаги инсонларни тўхташга ундайди.
Албатта, фантастик жанрда ёзилган бу асарда Ернинг ҳимояга муҳтожлиги, унинг “оғиркарвон” ҳамда бағри кенг эканлиги исталган ҳаракатни амалга ошириш мумкин, дегани эмаслиги ҳақида бонг урилади. Адабиётнинг вазифаси авлодларда маънавият ва муҳаббат туйғуларини тарбиялаш экан, она Ерга нисбатан ҳурмат уйғотиш ҳам унинг оғриқли мавзуларидан бири.
Момоларимиз бизга “Иссиқ сувни ерга тўкма. Ўт-ўланлардан тозалаб, ернинг бетини “очиб қўй” деб кўп ўргатишарди. Кейин билдимки, иссиқ сувни тўкиш жонли ва доимий ҳаракатда бўлган Ер сайёрасига озор беришга тенг экан. Кексалар Ерни кишиларни тўйдирувчи, кийинтирувчи, битмас-туганмас ризқ манбаи сифатида эъзозлаганлар. Ўт-ўланлардан тозаланган ер нафас олиб, чиройи очилади, деган фикр аслида ҳовли, томорқаларни ораста сақлаш маъносига эга бўлган.

22 апрель – Ер куни бизнинг галактикамизда ҳаёт мавжуд бўлган ягона сайёрани асраб-авайлаш, унинг ҳаётимиздаги аҳамиятини тарғиб қилишга қаратилган сана. БМТнинг ўша пайтдаги Бош котиби Ву Тан 1971 йил сўзлаган нутқида “Бизнинг гўзал космик кемамиз – Ер сайёраси, совуқ фазонинг ўртасида учиб юрадиган ва ҳаётнинг заиф юки билан айланадиган она заминда фақат тинч ва қувончли кунлар бўлсин” деган эди. Афсуски, шундан буён ҳам сайёрамизнинг турли нуқталарида уруш оловлари ёқилиб, вайронагарчиликлар давом этмоқда.
Ер куни бугунги кунда ўзининг экологик ва антропологик хусусиятларидан кенгроқ кўламга чиқиб, инсонпарварлик, тинчлик учун кураш мақсадларини ҳам ифодаламоқда. Масалан, шу куни дунёнинг кўплаб ривожланган жамиятларида тинчлик намойишлари, Ер сайёрасида яшовчи барчанинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда биродарлигини ифодаловчи тадбирлар ўтказилади.
Халқаро ер куни 2009 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан таъсис этилди. Ер ҳаётнинг тўрт асосий унсуридан бири эканлиги сабабли унга ҳурмат ва муҳаббат уйғотишга хизмат қилувчи тадбирлар экология, тинчликпарвар ва фуқаролик ташкилотлари томонидан йилнинг бошқа вақтларида ҳам нишонлана бошланди.
Маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида сўнгги беш йилда 81,9 минг гектар, жумладан, 70,9 минг гектар лалми яйлов ер майдонлари ўзлаштирилди. 11 минг гектар сувли ерлар қишлоқ хўжалигида қайта фойдаланишга киритилди. Боғлар майдони 6 баробар кўпайиб, 32,5 минг гектарга, узумзорлар 9 баробар ошиб, 15,5 минг гектарга етди. Рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, инсоннинг табиатга ғамхўрлиги унинг ўзига бир неча баробар ризқ-рўз бўлиб қайтади.
Дарҳақиқат, Ер ризқ манбаи, бизнинг ягона ватанимиз бўлиши билан бирга ўзининг тортиш кучи билан чексиз фазога сочилиб кетмаслигимизни таъминлаб туради. Халқаро Ер куни мунсоабати билан университетимизда ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тинчлик-тотувликни асраш мавзуларида давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этилди. Университет боғига “Яшил макон” лойиҳаси доирасида қадалган ниҳоллар сафи кўпайтирилди ҳамда мавжудлари суғорилди. Сана моҳияти тарбиявий, экологик, фалсафий ва маданий мазмун касб этиши боис ҳар бир факультетда ўзига хос тарзда нишонланди.
Раъно НОРБЕКОВА,
ЖДПУ инглиз тили амалиёти кафедраси доценти вазифасини бажарувчи.