ЕРНИ ИЖАРАГА БЕРИШДА ЯНГИ ҚОИДАЛАР ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 28 мартдаги ПҚ-131-сон қарори билан қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш ва аукцион савдоларни ўтказиш тартибига муҳим ўзгартиришлар киритилди. Ўзгартиришлар ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини рағбатлантириш ва фермерлар учун шароитларни яхшилашга қаратилган.  

2025 йил 1 апрелдан бошлаб барча ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча турдаги ерларни ижарага бериш ҳуқуқини бўлиб-бўлиб тўлаш ва тўлов тўлиқ тўланганда чегирма бериш тартиби бекор қилинди. Энди ижарачилар 15 иш куни ичида тўлиқ ижара ҳақини тўлашлари шарт. Ушбу ўзгариш янада самарали пул оқимини таъминлаш ва ижарага олувчиларнинг  қарздорлигини  камайтиришга қаратилган.

2025-2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудлари доирасида  қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг  аукционга қўйишда умумий майдонининг 10-20 фоизини чорва учун озуқа экинларини экиш шарти билан савдога чиқарилиши белгиланди. Бу майдонлар ем-хашак экинларини экиш учун мўлжалланган бўлиб, чорвачиликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ер ижараси бўйича тўловлар бўйича қарздор бўлган ижарачиларга ер участкасига бўлган ҳуқуқларини бошқа шахсга қайта ижарага бериш имконияти берилади.

Туман ҳокими, ижарачи ва янги ижарачини ўз ичига олган уч томонлама шартнома тузиш орқали қайта ижарага бериши мумкин. 2022 йил 1 январдан 2023 йил 15 апрелга қадар ўтказилган очиқ электрон танловларда ғолиб бўлган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтарлари”, “Ёшлар дафтарлари”га киритилган фуқаролар ва меҳнат мигрантлари учун қўшимча тўловлар миқдори ушбу ер участкаси норматив қийматининг бир баробарига, шунингдек, бошқа шахслар учун норматив қийматининг тўрт баробарига қўшимча тўловларни амалга ошириш  шартлари белгиланди.

2025 йилда юқори ҳосил (гектарига 50 центнердан ортиқ пахта ва 80 центнердан ортиқ ғалла) олган фермерларга ижарага олинган ер майдонининг 25 фоизидан бошқа экинлар, яъни картошка, сабзавот, полиз ва чорвачилик учун ем-хашак экинларини экиш учун фойдаланиши кафолатланган. Бу фермерлар  Ўзбекистон Фермерлар кенгашига аъзолик бадаллари ва ер солиғи бўйича пасайтирилган коэффициентлар ҳам олиш ҳуқуқига эга .

Қарорда қишлоқ хўжалиги кооперативларига аъзо бўлган фермер хўжаликларига 50 фоизидан ошмаган қисмига пахта етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳам назарда тутилган. Кредитлар 50 фоизлик мол-мулк  гаров (хусусан, ерга ижара ҳуқуқи гаров) эвазига берилиши мумкин ва  ушбу кредит пахта хомашёсининг эълон қилинган бошланғич нархидан келиб чиқиб ажратилади.

Аукцион савдоларини ўтказиш тартибига киритилган ўзгартиришлар қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш жараёнини такомиллаштириш, ем-хашак экинлари экиш учун ерлардан фойдаланишни рағбатлантириш ва чорвачиликни ривожлантиришга қаратилган. Мазкур ўзгаришлар ер майдонларининг янада адолатли тақсимланишини таъминлаш, қишлоқ хўжалигининг инвестицион жозибадорлигини ошириш ва фермерларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш, шу билан бирга, мамлакатимизда аграр секторнинг барқарор ривожланишига кўмаклашади.

 Фарҳод МУРОДОВ,

Муҳаммад АНАРБОЕВ,

 “Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш”
АЖ Жиззах вилояти вакиллари.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *