BYD ДИЛЕРЛИК МАРКАЗИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Жиззах шаҳрида Хитойнинг етакчи электромобиль ишлаб чиқарувчиси — BYD компаниясининг расмий дилерлик марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Электромобилларга бўлган талаб тобора ортиб бораётган бир пайтда, мазкур марказ экологик тоза ва замонавий транспорт воситаларини аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида ташкил этилди.

Марказнинг очилиш маросимига  вилоят ва Жиззах шаҳри фаоллари, бизнес вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.  

— Ҳозирги кунда бутун дунёда экологик барқарорлик масалалари долзарб бўлиб қолмоқда. Электромобиллар эса бу йўналишдаги муҳим ечимлардан биридир. BYD дилерлик маркази Жиззахда нафақат янги иш ўринлари яратди, балки аҳолининг замонавий технологияларга бўлган эҳтиёжини ҳам қондиради, — деди тадбирда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов.

Янги марказда BYD компаниясининг турли моделдаги электромобиллари тақдим этилади. Мижозларга нафақат машина сотиб олиш, балки техник хизмат кўрсатиш, консультация, кредит ёки лизинг орқали харид қилиш имкониятлари ҳам яратиб берилади. Шунингдек, замонавий сервис маркази орқали электромобиллар учун мунтазам хизмат кўрсатиш ва кафолатли таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

Марказ ходимлари махсус ўқув курсларидан ўтиб, юқори малакага эга бўлишган. Улар ҳар бир мижозга индивидуал ёндашиб, электромобиль танлаш ва ундан самарали фойдаланиш бўйича зарур маслаҳатлар беради.

Ҳозирда дунё бўйлаб электромобиллар бозори жадал ривожланмоқда. Хитой, Европа ва АҚШда экологик тоза транспорт воситаларига ўтиш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам бу соҳада сўнгги йилларда жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жиззахда BYD дилерлик марказининг очилиши эса мамлакатимизда электромобиллар маданиятини шакллантиришда яна бир муҳим қадам бўлди.

Бу нафақат шаҳар инфратузилмасини замонавийлаштириш, балки аҳоли турмуш тарзини яхшилашга ҳам ҳисса қўшади. Экологик тоза ва иқтисодий жиҳатдан самарали транспорт воситаларини аҳоли орасида оммалаштириш борасидаги бу ташаббус албатта, ўз натижасини беради.

Зоир КАЛОНОВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *