АСКАРЛАР  ҚАСАМЁД  ҚАБУЛ  ҚИЛИШДИ

Ватанга қасамёд эр йигитнинг Ватан, унинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш учун берган ваъдасидир.

Вилоятимизнинг чегаралари даҳлсизлигини таъминлашга киришиш остонасида турган юртимизнинг мард ва жасур ўғлонлари ҳам сафдошлари сингари қуролини кўксига маҳкам босганича йигитлик шаъни ва ор-номусини ўртага қўйиб, Ватанга қасамёд қабул қилишди.

Жиззах шаҳридаги ДХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ташкил этилган тантанали тадбирда сўз олганлар юз-кўзларида ўзига ишонч, қалбларида чексиз ғурур балқиб турган аскарларнинг зиммасига олган масъулияти нақадар улуғворлигини эътироф этиб, муддатли ҳарбий хизматга қабул қилинган йигитларнинг чегараларимизни қўриқлаш йўлидаги шарафли вазифаларига омадлар тилашди. Маросимда ҳарбий қисм қўмондонлиги, фахрийлар, аскарларнинг ота-оналари, яқинлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. 

—Мана бугун биз ёш аскарлар Ватанимизга қасамёд қабул қилдик ва зиммамизга улкан масъулият юкланди,—дейди оддий аскар Самандар Худойбердиев.—Авваламбор, мен ДХХ Чегара қўшинлари сафида хизмат қилаётганимдан фахрланаман. Чунки, Чегара қўшинлари давлат ҳимоясининг олдинги қаторида туради. Халқимизни ишонтириб айта оламан-ки, мен ҳам, сафдошларим ҳам  қасамёдимизга содиқ бўлиб, жонажон юртимизнинг сарҳадларини ишончли қўриқлашга ваъда берамиз.

Аскарлар иштирокидаги тантанали маршдан сўнг, Ватанга қасамёд қабул қилган йигитларга ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Тадбирда хизмат итлари ёрдамида бажарилган саҳна кўринишлари ҳамда ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган қўл жанги бўйича жанговар чиқишлар  йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

ДХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли томонидан ижро этилган Ватан, мардликни тараннум этувчи дилбар қўшиқлар барчани рақсга чорлаб, тадбир иштирокчилари қалбига кўтаринки кайфият бахш этди.

 Умирзоқ ҲАМДАМОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *