Сара Маэ Монива Филиппиннинг Себу провинцияси Лапу Лапу шаҳридан Янгиобод туманидаги 12-мактабга инглиз тилини ўқитишга келганига ҳам роппа-роса 9 ой бўлди. У жорий ўқув йилида Баландчақир маҳалласида жойлашган бу мактабда ўқитувчи сифатида фаолият олиб борди.
Унинг сўнгги дарси жуда ҳаяжонли бўлди: Мисс Сара (ўқувчилар унга шундай мурожаат қилишади) дарс якунида иш тажрибаси бойигани ва ўзбек халқи уни илиқ қабул қилгани учун миннатдорлик билдирди. Жорий ўқув йили учун тузилган шартнома муддати якунланар экан, мактаб жамоаси унга жуда боғланиб қолганини изҳор этди.

-Бу ерга келишимдан олдин мен ҳаяжонда эдим, Ўзбекистонда жуда ажойиб тажрибага эга бўлишимни билар эдим, – дейди Сара Монива. – Аммо бу ерга келганимда биринчи бўлиб одамларнинг меҳрибонлиги эътиборимни тортди. Менинг ҳамкор ўқитувчим, директор , ота-оналар умуман барча-барча жуда меҳрибон ва ёрдамга шай инсонлар экан. Шунинг учун менда ҳеч қандай хавотир бўлмади, бошқа мамлакатда эканимдан қўрқмадим. Мактабга келганимда, ўқувчиларнинг ўқишга, айниқса инглиз тилини ўрганишга бўлган қатъиятини ҳис қилдим. Бутун йил жуда ажойиб ва самарали бўлди. Ўқитувчиларнинг ҳам янги стратегияларни, педагогик услубларни ўрганишга бўлган иштиёқига гувоҳ бўлдим. Улар янги усулларни амалда қўллашмоқда ва янгиларини ўрганишда давом этишмоқда.
-Таълим тизимига қандай янгиликлар қўшишни тавсия қиласиз?
-Мактабларда технология воситаларидан янада кўпроқ фойдаланишни тавсия қилардим. Чунки улар ўқувчини дарс жараёнига яхшироқ жалб қилади ва улар ёрдамида кўпроқ машгулотларни бажариш имкониятига эга бўлишади деб ўйлайман.
Мактабда 5 нафар инглиз тили ўқитувчиси 900 нафардан ошиқ ўқувчига инглиз тилини ўргатишмоқда. Бу ерда мазкур тилни чуқур ўргатишга ихтисослашган синф мавжуд. Ўқитувчилар жамоасининг саъй-ҳаракати билан 12-мактаб 2 йилдан буён “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида туманда 1-ўринни эгаллашмоқда. Юқори синф ўқувчиларидан 7 нафари инглиз тили бўйича халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлишди. Бу ютуқларда 27 ёшли хорижлик ўқитувчининг ҳам ҳиссаси бор, албатта.
-Сара ўзбек оиласида яшади, ўзбек урф-одатларини жуда яхши қабул қилди, – дейди унинг ҳамкор ўқитувчиси Нодира Низомова. – Айниқса, сўзлашув кўникмасини оширишда унинг ҳиссаси катта бўлди.

– Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига Финландия тажрибасини жорий этиш ва хорижий тилларни ўқитиш учун чет эл фуқароларини жалб этиш орқали таълим сифатини ошириш мақсадида якунланган ўқув йилидан бошлаб мактабларда хорижлик ўқитувчилар фаолияти йўлга қўйилди, – дейди вилоят ММТБ хорижий тилларни оммалаштириш шуъбаси методисти Элёржон Хамзақулов – 2024-2025 ўқув йилида жами 12 нафар хорижлик, шунингдек, Россия Федерациясидан 4 нафар рус тили ўқитувчиси жалб этилди. Хорижлик тил ўқитувчиларининг 10 нафари Филиппиндан инглиз тили, 2 нафари Франциядан француз тили муаллимларидир. Бу мутахассислар вилоятимизнинг 8 та тумани – Бахмал, Дўстлик, Шароф Рашидов, Зафаробод, Зарбдор, Мирзачўл, Янгиобод ва Жиззах шаҳридаги мактабларида фаолият олиб боришди. Мактабларда чет тили сертификатига эга ўқитувчи ва ўқувчилар сони ҳамда устозларнинг педагогик маҳорати ошишида бу мутахассисларнинг катта ёрдами сезилди. Келгусида умумтаълим мактабларида бундай мутахассисларга икки баробар кўпроқ эҳтиёж борлиги аниқланди.
Оддий қишлоқ мактабида хорижлик ўқитувчининг ишлашини тасаввур қилиш қийин. Аммо бу ҳақиқат – минглаб ўқувчилар “native speaker”лардан тил кўникмаларини ўзлаштирдилар. Бундай имкониятдан унумли фойдаланиш фарзандларимизнинг ўзига боғлиқ.
-Фақатгина чет элликлар билан гаплаша олиш учун эмас, балки саёҳат қилиш, чет элда ўқиш ва ишлаш каби имкониятлар учун ҳам тил билиш зарур. Ўқувчиларнинг глобал имкониятларга жуда катта қизиқиш билдириши табиий ва мен Ўзбекистоннинг таълим ташаббусларини юқори баҳолайман. Ўзбек халқига, мактаб жамоасига миннатдорлик билдираман, – деди мисс Сара суҳбатимиз якунида.
Муқаддас САПАРОВА.