Вилоят ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги идоравий йиғилишни бошқариб борган вилоят ҳокими Эргаш Салиев дастлаб мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги тармоқларини қўллаб-қувватлаш ва ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирлари муҳокама этилгани ҳақида гапириб, вилоятдаги мавжуд пахта-тўқимачилик кластерларининг муддати ўтган қарздорликларини зудлик билан тўлаш зарурлигини таъкидлади ва мутасадди раҳбарларга зарур топшириқлар берди.
Идоравий йиғилишда вилоят ҳокими ижро интизоми масаласига алоҳида тўхталди. “Ijro.gov.uz” тизимига киритилган топшириқлар ижросини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидлаб ўтди. Жумладан, вилоятимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон—2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш ишлари масъул раҳбарларнинг айби билан пайсалга солинаётганини танқид қилди. Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов, Арнасой, Дўстлик туманларида бу борада силжиш бўлмаяпти. “Яшил жамоат парклари”, “Ёшлар боғи” ташкил этиш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этиб ўтилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Вилоятнинг бир қатор туманларида манзарали ва мевали ҳамда бута кўчатлари экиш ишлари талаб даражасида эмаслиги кескин танқид қилинди. Белгиланган режа Фориш туманида 29, 4 фоизга, Бахмал туманида 38,4 фоизга бажарилган холос. Зафаробод, Мирзачўл, Бахмал, Ғаллаорол, Зарбдор, Зомин, Фориш, Янгиобод туманларида ўрмон фонди ерларида ўрмонзорлар барпо этиш ишлари ҳам талабга жавоб бермайди. Бир қатор корхона ва ташкилотлар томонидан экилган дарахт кўчатлари “Яшил макон” электрон платформасига киритилмаётгани ҳам раҳбарларнинг бу ишга масуълиятсизлик билан ёндошаётганини кўрсатиб турибди.
Вилоят ҳокими айни кунларда куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг боришини республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб борилаётгани, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш қониқарсиз аҳволда эканлигини айтиб ўтди. Жумладан, кўп қаватли уйларнинг таъмири, электр энергия, газ ва кўмир таъминоти, локал иссиқлик тизимидан кўмирга ўтказиш ишларида ҳали ҳам талайгина муаммолар мавжуд. Йиғилишда ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш барча шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда мутасадди раҳбарлар зиммасига юклатилди.
Вилоятимиз раҳбари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аҳоли томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Жиззах вилояти бўйича Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал этиш масаласига асосий эътиборни қаратди. Бу борада сусткашликка йўл қўяётган шаҳар ва туманлар, вилоят ташкилотлари кескин танқид қилинди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги комплексидаги ташкилотларга келиб тушган 226 та мурожаатнинг 117 таси ҳал этилган холос. Шароф Рашидов, Зафаробод, Ғаллаорол, Бахмал туманларида мурожаатларни ижобий ҳал этиш масаласи оқсамоқда.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилояти Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш ва аҳоли мурожаатлари юзасидан амалга оширилаётган ишларга танқидий баҳо берди. Барча раҳбарларни халқнинг мурожаатларига бефарқ бўлмасликка чақирди. Бу борада шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари, вилоят корхона ва ташкилотларининг раҳбарлари масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Мажлисда ҳудудий экспорт прогноз топшириқлар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишнинг ижроси чуқур таҳлил этилди. Вилоят бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режаси 71 фоизга уддаланган. Янгиобод, Зафаробод, Зомин, Бахмал, Арнасой туманларида инвестиция ишлари талаб даражасида эмас. Экспорт режасини бажариш бўйича Арнасой, Бахмал, Ш.Рашидов, Зомин, Зафаробод, Мирзачўл, Янгиобод туманлари орқада қолмоқда.
Йиғилишда вилоятимиз раҳбари янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди ва бу борадаги ишларни янада жонлантириш зарурлигини таъкидлади.
Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов вилоят бўйича яратилган янги иш ўринлари ҳақида маълумот берди. Вилоятимизда 135 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиши белгиланган. Аммо, Зарбдор, Арнасой, Зафаробод, Фориш, Мирзачўл, Ш.Рашидов туманларида амалга оширилаётган ишлар талаб даражасида эмаслигига урғу берилди. Тадбиркорлар томонидан яратилган иш ўринлари ва ўзини ўзи иш билан банд қилган фуқароларнинг аниқ ҳисоб-китобини олиш зарурлиги таъкидланди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғисида”ги Фармони ва “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш, “Аёллар дафтари”га киритилган 1-2-гуруҳ ногирони бўлган хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш юзасидан қилинаётган ишлар кўриб чиқилди.
Вилоят ҳокими томонидан истеъмол қилинган ичимлик суви учун маблағларни ўз вақтида ундириш, дебитор қарздорликларни қисқартириш, сафарбарлик чақирув резервига тўловлар ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир бошқа масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам танқидий-таҳлилий жиҳатдан муҳокама қилинди.
Вилоятимиз марказида қурилаётган, Марказий Осиёда ягона бўлган “Киберспорт аренаси”да мусобақалар ўтказиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Идоравий йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарлари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, уларнинг ўринбосарлари зиммасига вазифалар юклатилди.
Васил ИЛЁСОВ.
(“Жиззах ҳақиқати”)