ГАЗЕТА ЎЗИ …КЕРАК!

“Жиззах ҳақиқати”- “Джизакская правда” газеталари таҳририяти эълон қилган “Агар мен газета ўқисам…” танлови ҳақида эшитиб, рости қувондим. Яна бироз ўйланиб ҳам қолдим. Сабаби, кейинги пайтларда қулоғимизга тез-тез “Газета ўзи керакми?” деган бемаза саволлар чалиниб, шу савол атрофида билдирилаётган турли фикрларга дуч келаяпмиз.

Хўш, ҳақиқатдан ҳам газета ўзи керакми? Мен бу саволга иккиланмай “Ҳа, керак” деб жавоб бераман. Чунки, газетада ҳақиқат ёритилади, у расмий манба. Жойида имло хатоларимизни унга қараб тўғрилаб оламиз, кези келса аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга жавоб топамиз. Бевосита бир неча йил мобайнида газетачилик соҳасида тўплаган хулосаларимга кўра, вақт ўтиб бир куни тарих яратиладиган бўлса, асосан босма оммавий ахборот воситаларидан – газетадан фойдаланилиши айни ҳақиқат. Ҳа, газетада чиқадиган ҳар қандай мақола ёки хабар минг чиғириқдан ўтиб, кейин босилади. Шунинг учун ҳам газетага ишонса бўлади. 

Хориж фильмларида қўлига энг сўнгги нашрдан чиққан газетани кўтариб олиб, “Янги газета, унда “фалон” мақола эълон қилинган!”, дея одамлар орасида чопиб юрган болакайларга кўзимиз тушади. Лекин бизда сал бошқачароқ. Бу ерда ҳеч ким газета кўтариб, бошқаларга тарғиб қилмайди. Бир пайтлар газета ва журналлар савдоси учун қурилган махсус дўкончалар, эндиликда ширин сақичу, газли ичимликлар сотиладиган жойга айланган.

Бугун аксарият маҳаллий нашрларнинг моддий аҳволи ҳам ҳеч кимга сир эмас, обуна ҳаминқадар. Кўплаб муассисларга газета, обуна ҳақида гап очсангиз, энсаси қотади. Улар билиб-билмай маънавиятнинг, маърифатнинг илдизига болта ураётганликларини ҳис қилишармикан?

Мен газеталар нисбатан кам мутолаа қилинаётганлиги бўйича ҳамма айбни ўқувчига тўнкаб қўйиш фикридан йироқман. Балки таҳририят ходимлари янада кўпроқ изланишлари, ўқувчига маъқул мавзуларни доимий ёритиб боришлари керакдир? Ҳа, менимча аслида шундай бўлиши лозим! Тўғри, эндиликда газеталар аҳолига янгилик етказиш борасида ижтимоий тармоқлар билан бўйлаша олмайди. Шундай бўлгач, газета саҳифаларида таҳлилга бой, ўқувчиларни чалғитмайдиган, уларнинг ҳаққоний маълумот олишларига хизмат қилувчи материаллар кўпайса фойдадан холи бўлмасди.

Бу борада яна бир мулоҳазам – расмий газеталарни давлат томонидан молиялаштириш масаласини жиддий кўриб чиқиш керак. Чунки, матбуот бу – энг қулай мафкура қуроли. Маънавий-маърифий, ахлоқий-дидактик, бой тарихимизни гавдалантирган, бугунги кунимиз ва келажак ҳақидаги ишончли мавзулар ёритилган газеталарнинг ҳар бир сонини эрта тонгдан хонадонларга, барча ташкилот ва муассасаларга бепул етказиб бериш, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради.

Бир сўз билан айтганда, газета фикримизни  тиниқлаштиради, дунёқарашимизни ўстиради. Демак, газета биз учун жуда КЕРАК!

Дарвоқе, “Агар мен газета ўқисам…” танлови ҳақида: Бу ташаббусни ўз вақтида эълон қилинган ҳамда жамиятимизнинг бугуни ва эртанги тақдирига бевосита дахлдор бўлган масала сифатида баҳолайман. Ўйлайманки, мазкур танловга ёшларимиз, муштарийлар бефарқ бўлишмайди. Кўплаб фикрлар, мулоҳазалар билан танишамиз.

Танлов ишига омад тилайман!

Саид ДОНИШЕВ,

халқ депутатлари Жиззах шаҳар 

Кенгаши депутати, журналист

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *