АСКАР ОНАЛАРИ ШАРАФЛАНДИ

Жиззах гарнизонидаги “Н” ҳарбий қисм ва Ўзбекистон журналистлари уюшмаси Жиззах вилоят бўлими  ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.  

Дастлаб Қуролли Кучларимиз сафларида ўз йигитлик бурчини адо этиб келаётган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳарбий оркестр садолари остида тантанали кутиб олинди. Дийдорлашув маросимида фарзандларидан гулдаста қабул қилиб олган оналарнинг юзидаги фахру ифтихор туйғуларини илғаш қийин эмас эди. Ватан сарҳадларини ҳимоя қилишга жон дили билан шайланган бу йигитларнинг келгуси мақсадлари улуғвор ва аниқ.

— Бугунги кун мен учун унутилмас ва байрамона руҳда бошланди, — дейди Зомин туманидан ташриф буюрган фуқаро Пўлат Примқулов. — Ўғлим Оғабекни ҳарбий либосда, сафдошлари орасида, мардона қадам ташлаб юрганини кўриб, ота сифатида чексиз фахрландим. Хизмат шароитлари билан яқиндан танишиш жараёнларида юрт посбонлари учун яратилган имкониятлардан беҳад мамнун бўлдим. Энг муҳими, ўғлимнинг кўзида ўзига бўлган юқори ишонч ва дадилликни кўрдим. У Ватан олдидаги бурчини сидқидилдан адо этишга бел боғлаган.

Тадбир давомида ҳарбий оркестр ижросида ватанпарварлик қўшиқлари янгради, қўл жанги бўйича саҳна кўринишлари ҳамда фахрий қоровул бўлинмасининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Шундан сўнг аскарларнинг ота-оналари ва журналистлар ҳарбий қисм ҳудудида жойлашган ўқув биноси, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ва спорт залига ташриф буюриб, у ердаги шароитлар билан яқиндан танишишди.

Пресс-турнинг сўнгги қисми “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли маънавий-маърифий тадбирга уланди. Унда сўзга чиққан Марказий ҳарбий округ “Н” ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Йулдош Холиков  миллий армиямиз қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг ўз хизмат вазифалари давомида юқори фаоллик ва ишчанлик салоҳиятини намоён этган бир гуруҳ ҳарбийларнинг ота-оналари гарнизон раҳбарияти томонидан ташаккурномалар билан тақдирланишди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *